Наманганда Ўзбекистондаги энг узун кўприклардан бири қурилди
Норин дарёси устидан ўтган иншоотнинг узунлиги 481,5 метрни ташкил этади.

Норин дарёси устида Уйчи, Учқўрғон ва Норин туманларини вилоят маркази билан боғловчи янги кўприкнинг қурилиш ишлари якунига етди. Бу ҳақда Наманган вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, узунлиги 481,5 метрни ташкил этувчи мазкур кўприк мустақиллик йилларида Ўзбекистонда дарё устида қурилган энг йирик ва узун иншоотлардан бири ҳисобланади.
17,5 километрлик янги йўл ва иқтисодий ривожланиш
Маълум қилинишича, лойиҳа доирасида қўшимча равишда 17,5 километр янги йўл ҳам бунёд этилади. Айни пайтда Учқўрғон тумани ҳудудидан мазкур кўприкка олиб келувчи янги йўлни қуриш ишлари давом этмоқда.
«Мазкур кўприк ва йўл фойдаланишга топширилгач давлат аҳамиятидаги D 109 (4R 116) «Наманган – Уйчи – Учқўрғон –Хаққулобод – Андижон» автомобил йўлидаги транспорт оқими ва тирбандликларни сезиларли даражада камайтириш имконини беради», — дейилади хабарда.





