
НАТО бош котиби: Россия Украинада ойига 25 минг нафар ҳарбийсидан ажралмоқда
НАТО маълумотларига кўра, Россия Украинадаги жангларда ҳар ой 20–25 минг нафар ҳарбийдан айрилмоқда, бу эса тарихий урушлар билан таққосланади.

НАТО бош котиби Марк Рютте Россия Украинага қарши ҳужумлар чоғида ҳар ой 20 мингдан 25 минг нафаргача ҳарбийни йўқотаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, гап оғир яраланганлар эмас, айнан ҳалок бўлган россиялик ҳарбийлар ҳақида бормоқда.
Рютте «Глобал Европа» конференциясида чиқиш қилиб, Украина Қуролли Кучларининг қатъий мудофааси Россия армияси учун жуда катта йўқотишларга олиб келаётганини таъкидлади. У бу кўрсаткични совет иттифоқининг 1980-йилларда Афғонистондаги уруши билан солиштирди. Ўша даврда СССР ўн йил ичида тахминан 20 минг нафар ҳарбийни йўқотган бўлса, ҳозир Россия шунга яқин, ҳатто ундан ортиқ йўқотишларга бир ой ичида дучор бўлмоқда.
НАТО баҳолашларига таянилса, бундай суръат сақланиб қолган тақдирда, Россия 2025 йилнинг ўзида Украинада тахминан 300 минг нафар ҳарбийдан айрилган бўлиши мумкин. Агар урушнинг қарийб тўрт йиллик даври ҳисобга олинса, ҳалок бўлганлар сони 1,2 миллион нафарга етиши эҳтимолдан холи эмас.
Шу билан бирга, НАТОнинг декабр 2025 йил ҳолатига берган умумий баҳосига кўра, Россия қўшинларининг «СВО» деб аталган уруш давомидаги жами йўқотишлари (ҳалок бўлганлар ва яраланганларни қўшиб ҳисоблаганда) 1,15 миллион нафарни ташкил этган. Улар орасида тахминан 400 минг нафар ҳарбий ногирон бўлиб қолгани айтилмоқда, бу эса Брянск ёки Твер шаҳарлари аҳолиси сонига яқин кўрсаткичдир.
Carnegie Endowment ташкилотининг катта тадқиқотчиси Майкл Кофман ҳам Россиянинг ойлик тиклаб бўлмас йўқотишларини 25 минг нафар атрофида баҳолаган. Унинг фикрича, Россия ойига 30–35 минг нафар контрактчи жалб этиш орқали фақат мавжуд шахсий таркибни тўлдиряпти, бироқ янги йирик ҳужумлар учун захира тўплай олмаяпти.
Рюттенинг таъкидлашича, Москва НАТОга нисбатан ўз позициясини юмшатиш ниятини умуман кўрсатмаяпти. У Россия яқин йилларда ҳам агрессив ва хавфли сиёсатни давом эттириши, шунингдек Хитой, Эрон ва Шимолий Корея билан ҳамкорликни кучайтириши мумкинлигини билдирди. НАТО бош котиби фикрича, ушбу давлатлар алянсга қарши ҳаракатларни мувофиқлаштираётган бўлса-да, НАТОнинг асосий устунлиги — аъзо давлатлар ўртасидаги кўп йиллик ҳамкорликдир.





