Logo

Ногиронлиги бўлган шахсларга кириш ва сертификат имтиҳонларида қўшимча вақт бериш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш тизими янгиланади.

Ногиронлиги бўлган шахсларга кириш ва сертификат имтиҳонларида қўшимча вақт бериш режалаштирилмоқда © sun'iy intelekt

Президент Шавкат Мирзиёев алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни таълим ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш, муайян яшаш жойига эга бўлмаган ҳамда одам савдосидан жабрланган шахсларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, имтиёзли транспорт хизматларини рақамлаштиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, сўнгги уч йилда Ўзбекистонда ижтимоий хизматлар сони 23 тадан 140 тага етган. Ҳар йили ўртача 4,6 миллионта ижтимоий хизмат кўрсатилмоқда. Шундан қарийб 2 миллиони маҳалла даражасида амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатда ногиронлиги бўлган 168 мингдан ортиқ бола бор. Уларнинг 133,8 минг нафари таълим ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олинган бўлса, яна 34,6 минг нафар болани таълим тизимига жалб этиш зарур.

Янги баҳолаш тизими

Таклифларга кўра, ижтимоий ходимлар иштирокида болалар билан «оилабай» ишлаш тизими йўлга қўйилади. Ҳар бир боланинг эҳтиёжлари эрта босқичда комплекс баҳоланиб, унга мос таълим муҳити ва зарур хизматлар белгиланади.

Янги баҳолаш механизми 2026 йил 1 октябрдан Хоразм ва Навоий вилоятларида синов тариқасида жорий этилади. 2026/2027 ўқув йилидан махсус мактабларда таълим индивидуал режалар асосида ташкил қилинади.

Шунингдек, кўзи ожиз педагоглар ҳамда махсус мактабларнинг бошланғич синфларига шахсий ассистент ва ёрдамчи ходимлар бириктирилади. Коррекцион синфлар ташкил этган нодавлат мактабларга ҳар бир ўқувчи учун субсидия ажратилади. Ҳар йили камида 50 та мактабнинг инклюзив муҳитни яхшилашга қаратилган ташаббуслари грант асосида молиялаштирилади.

Бошпанасизлар қўллаб-қувватланади

2027 йилдан ногиронлиги бўлган болаларни матнни ўқиш қурилмалари, Брайл дисплейлари, овоз синтезаторлари ва бошқа ассистив технологиялар билан ваучер асосида таъминлаш режалаштирилмоқда.

2027/2028 ўқув йилидан эса кириш ва сертификат имтиҳонларида қўшимча вақт, сурдотаржимон, Брайл алифбоси, ассистент ва бошқа зарур шароитлар яратилади.

Шунингдек, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳам янгиланади.

Амалдаги реабилитация муассасалари вақтинчалик бошпана ва ижтимоий тикланиш марказларига айлантирилади.

Уларда ҳужжатларни тиклаш, тиббий ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш, касбга ўқитиш ҳамда ишга жойлаштириш бўйича индивидуал дастурлар амалга оширилади.

Теглар

Мавзуга оид