Logo

Олтин $4 400га яқинлашди: нархга нималар таъсир қилмоқда?

Кеча 22:302 дақиқа

Жаҳон бозорида олтин нархи 18 сентябр куни бир ҳафталик юқори даражага кўтарилди.

Олтин $4 400га яқинлашди: нархга нималар таъсир қилмоқда? © Foto: tvrgomel.by

Жума, 18 сенябр куни спот олтин нархи сессия давомида $4 378,97 гача кўтарилди. АҚШ олтин фючерслари эса $4 418,50 атрофида бўлди. Шу билан олтин иккинчи савдо сессияси кетма-кет қимматлашиб, бир ҳафталик энг юқори даражага чиқди.

Олтин нархи ҳафта давомида ҳам 0,6 фоизга ошган. Бу металл учун тўрт ҳафта ичидаги биринчи ҳафталик ўсиш бўлиши кутилмоқда.

Нефт арзонлаши олтинга ёрдам берди

Бозордаги асосий омиллардан бири — нефть нархининг пасайиши бўлди. Brent нефт нархи 18 сентябр куни учинчи кун кетма-кет тушди.
Бунда Саудия Арабистонида нефть таъминотидаги узилишлар бўйича хавотирларнинг бироз камайиши муҳим рол ўйнаган.

Нефт нархининг пасайиши эса энергия харажатлари орқали инфляциянинг янада кучайиши хавфини юмшатади.

АҚШда ставка оширилганига қарамай, олтин ўсди

АҚШ Федерал захира тизими 16 сентябрь куни асосий фоиз ставкасини 0,25 фоиз бандга ошириб, 3,75–4 фоиз оралиғига олиб чиқди. Бу ФРТнинг уч йил ичидаги биринчи ставка ошириши бўлди. Марказий банк келгусида ҳам ставкаларни ошириши мумкинлигига ишора қилди.

Одатда юқори фоиз ставкалари олтин учун салбий омил ҳисобланади. Чунки олтин фоиз даромади келтирмайди, юқори ставкалар эса облигация каби даромадли активларни жозибадорроқ қилади.

Бироқ бу сафар олтин нархи ставка оширилганидан кейинги дастлабки пасайишдан сўнг қайта тикланди. Reuters маълумотига кўра, инвесторлар аввал ставка ошишини кутиб олтин бўйича очган қисқа позицияларини ёпа бошлаган.

Доллар ҳам олтин ўсишини чекламоқда

Олтин нархи долларда белгилангани учун АҚШ валютасининг қимматлаши бошқа валюталардаги инвесторлар учун олтинни қимматлаштиради.
18 сентябрь куни доллар етти ҳафтадан ортиқ вақтдаги юқори даражага яқинлашган. Шу сабабли олтиннинг ўсиши чекланган.

Айни пайтда бозор иштирокчилари ФРТнинг кейинги қарорларини ҳам кузатмоқда. CME FedWatch маълумотларига кўра, бозор октябрь йиғилишида яна 0,25 фоиз бандлик ставка оширилиши эҳтимолини 58 фоиз деб баҳоламоқда.

Япония ҳам ставкани оширди
18 сентябрь куни Япония Марказий банки ҳам асосий ставкасини 1 фоиздан 1,25 фоизга оширди. Бу Япониядаги ставканинг 31 йилдаги энг юқори даражаси бўлди.
Банк инфляция босими сақланиб қолаётган шароитда пул-кредит сиёсатини яна қатъийлаштириш имкониятини очиқ қолдирди.

Шу тариқа, жаҳон олтин бозорида бир вақтнинг ўзида бир-бирига қарама-қарши омиллар ишламоқда: юқори фоиз ставкалари ва кучли доллар олтинга босим қилмоқда, нефт нархининг пасайиши ва инфляция хавфининг юмшаши эса уни қўллаб-қувватламоқда.
Ҳозир бозорда олтин учун $4 400–4 440 оралиғи муҳим даража сифатида қаралмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 18 сентяб ҳолатига кўра, олтиннинг спот нархи $4 379 атрофида, АҚШ фючерслари эса $4 419 яқинида бўлган.

Теглар

Мавзуга оид