Logo

Олтин нархи 7 ойдан бери илк бор 4 минг доллардан пастлади

Бугун 17:002 дақиқа

Долларнинг мустаҳкамланиши ва АҚШ Федерал захира тизими фоиз ставкаларини яна ошириши мумкинлиги ҳақидаги прогнозлар олтин нархининг кескин қулашига олиб келди.

Олтин нархи 7 ойдан бери илк бор 4 минг доллардан пастлади © Foto: reuters

Жаҳон бозорида олтиннинг бир трой унцияси 2025 йил ноябридан буён илк марта 4 минг долларлик чегарадан пастга тушди. 24-июн кунги савдоларда спот олтин нархи 3,3 фоизга пасайиб, бир унция учун 3 973,79 долларни ташкил этди. Бу сўнгги етти ойдан ортиқ вақт ичидаги энг паст кўрсаткич сифатида қайд этилди.

АҚШда олтин фьючерслари ҳам 3,4 фоизга арзонлаб, савдо якунида бир унция учун 4 008,8 доллардан баҳоланди. 25 июнь эрталабки савдоларда эса спот нархи яна 0,2 фоизга тушиб, 3 993,33 доллар атрофида шаклланди. Август ойига мўлжалланган фьючерслар 4 008,3 доллардан савдо қилинмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, бозордаги асосий босим омиллари АҚШ долларининг 13 ойлик энг юқори даражага яқинлашгани ҳамда Федерал резерв тизими пул-кредит сиёсатини янада қатъийлаштириши мумкинлиги билан боғлиқ.

Доллар босими кучайди


Доллар курсининг мустаҳкамланиши бошқа валюталарда ҳисоб-китоб қиладиган инвесторлар учун олтинни қимматлаштиради. Бу эса қимматбаҳо металлга бўлган талабни сусайтириб, нархларнинг пасайишига хизмат қилмоқда.

Бозор иштирокчилари 2026 йил давомида АҚШда фоиз ставкалари уч марта оширилишини кутмоқда. Юқори фоиз ставкалари даромад келтирмайдиган актив ҳисобланган олтиннинг инвестициявий жозибадорлигини пасайтиради. Шу боис инвесторлар маблағларини юқори даромадли молиявий воситаларга йўналтиришга моил бўлмоқда.

Олтин нархи 2026 йил 29 январда бир унция учун 5 594,82 доллар билан тарихий энг юқори даражага чиққан эди. Шундан бери қимматбаҳо металл қарийб 29 фоизга ёки 1 600 доллардан ортиққа арзонлашди.

Ўзбекистонда олтин нархи

Ўзбекистон Марказий банки олтин қуймаларининг сотув нархини ҳозирча сезиларли даражада пасайтирмади. Айни пайтда тижорат банкларида 1 грамм олтин қиймати 1 млн 847 минг сўм атрофида сақланиб қолмоқда.

Қайд этиш керакки, олтин котировкаларининг арзонлашиши мамлакатимизнинг молиявий захиралари умумий қийматига ҳам бевосита таъсир ўтказади, чунки Ўзбекистон халқаро захираларининг 87 фоизи олтиндан иборат.

Эслатиб ўтамиз, олтин нархи тарихда биринчи марта 2025 йил 8 октябрда 4 минг долларлик чегарадан ошган эди. Ўшанда қимматбаҳо металлнинг 3 500 доллардан 4 минг долларгача кўтарилиши учун атиги 36 кун талаб қилинган.

Теглар

Мавзуга оид