Бозорда ишлатилган машиналардан кўра янгилари кўпроқ сотилмоқда
Август ойида ишлатилган автомобиллар сотуви бир ойда 10% га камайди. Аксинча, янги транспорт воситалари савдоси 20% га ошган. Шунга қарамай, сон жиҳатдан иккиламчи бозор етакчилик қилмоқда.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaИқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, августда барча турдаги автотранспорт воситалари савдоси 79 мингтадан ошган.
Ўтган ойда янги енгил автомобиллар савдоси 20,5 фоизга ошиб, 30,6 мингтага етди. Савдолар кесимида маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобиллар сотуви етакчилик қилди, дейилади таҳлилда.Уларнинг савдоси июлга нисбатан қарийб 25 фоизга ошиб, 25,3 мингтага етди.
Чет элда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдоси ҳам 7 фоизга кўпайиб, 5,3 мингта хориж автомобил сотилган.
Иккиламчи бозорда сотувлар бир ойда 10,8 фоизга камайиб, қарийб 32 мингтага тушди. Аммо жами сотилган автомобиль савдоларида ишлатилган автомобиллар улуши 50,2 фоизни ташкил этган.
Ҳудудлардаги савдолар қандай ўзгарди?
Автомобиль савдоси республикадаги 14 та ҳудуднинг 9 тасида ошган. Энг катта ўсиш Бухоро вилоятида қайд этилиб, савдо 19,1 фоизга, Хоразм вилоятида эса 10,8 фоизга ошган.
Тошкент вилоятида савдо 11,9 фоизга ошганига қарамай, пойтахт Тошкентда автомобиль савдоси 10,1 фоизга камайди. Андижон вилоятида пасайиш 2,7 фоизни, Фарғонада эса 2,1 фоизни ташкил этди.
Электромобиллар савдоси 44,5 фоизга ошди
Август ойида бириламчи ва иккиламчи бозорларда 9,2 мингта электромобиль сотилди. Бу июль ойидаги 9,3 мингта кўрсаткичга деярли яқин. Электромобилларнинг 68,5 фоизи ёки 6,3 мингтаси Тошкент шаҳрида сотилган. Фарғона вилоятида 662 та, Тошкент вилоятида эса 455 та электромобиль сотилган. Шу тариқа, йиллик ҳисобда электромобиллар савдоси 44,5 фоизга ошган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2026-йилнинг дастлабки етти ойида 263,7 минг дона енгил автомобиль ишлаб чиқарилган. Русуми бўйича Cobalt автомобили етакчилик қилиб, уларнинг сони 91 минг донадан ошган.





