Ўзбекистон 2 тонна олтин сотиб олди — Жаҳон олтин кенгаши

05.10.2025 | 14:503 дақиқа

Август ойида жаҳон марказий банклари жами 15 тонна соф олтин харид қилган. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор — мамлакат 2 тонна олтин сотиб олгани маълум қилинди.

Ўзбекистон 2 тонна олтин сотиб олди — Жаҳон олтин кенгаши

Жаҳон олтин кенгаши (WGC) Халқаро валюта жамғармаси ва марказий банклар маълумотларига таяниб хабар беришича, август ойида еттита марказий банк олтин захираларини 1 тонна ва ундан ортиқ миқдорда кўпайтирган бўлса, фақат икки банк — Россия ва Индонезия олтин сотган.

Қозоғистон Марказий банки 8 тонна олтин харид қилиб, умумий захирани 316 тоннага етказган. Бу 2024 йил охиридаги кўрсаткичдан 32 тоннага кўпдир. Болгария Миллий банки ҳам 2 тонна олтин қўшиб, 1997 йилдан буёнги энг юқори ўсишни қайд этди — захиралар 43 тоннага етди.

Туркия ва Хитой ҳам ой давомида 2 тоннага яқин олтин сотиб олди. Туркия захираси 639 тоннага, Хитойники эса 2 300 тоннадан ортиққа етди. Хитой бу билан кетма-кет ўнинчи ой олтин захираларини оширди, аммо улар умумий халқаро захираларнинг 7 фоизинигина ташкил этмоқда.

Ўзбекистон Марказий банки эса август ойида захираларига яна 2 тонна олтин қўшиб, умумий миқдорни 366 тоннага етказди. Бу 2024 йил охирига нисбатан 17 тоннага камдир.

Шунингдек, Чехия ва Гана банклари ҳам 2 тоннадан олтин сотиб олган. Чехия Миллий банки захираларини 65 тоннага етказиб, 2028 йил охиригача 100 тоннага чиқаришни режалаштирган. Гана эса йил бошидан буён захираларини 5 тоннага ошириб, 36 тоннага етказди.

Теглар

Мавзуга оид