
Ўзбекистон асосан қайси маҳсулотларни четдан сотиб олмоқда?
2025 йилнинг январ-сентябр ойларида Ўзбекистон жами 33,1 млрд АҚШ долларлик маҳсулотларни импорт қилган.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистоннинг импорт ҳажми 33,1 млрд АҚШ долларига етган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 15,6 фоизга ўсган.
Ўзбекистон импорти таркибидаги энг катта улуш машиналар ва транспорт асбоб-ускуналарига тегишли. Кейинги ўринларни саноат товарлари ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар эгаллаган.
Қайд этилишича, машиналар ва транспорт асбоб-ускуналарининг умумий қиймати 11,2 млрд долларни ташкил этиб, умумий импортнинг 33,9 фоизини ташкил қилган. Саноат товарлари бўйича 5,3 млрд долларлик маҳсулотлар импорт қилинган бўлиб, улар 15,9 фоиз улуш билан иккинчи ўринда турибди.
Кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар 4,1 млрд доллар ёки 12,3 фоиз улуш билан рўйхатда кейинги ўринни эгаллаган.
Хизматлар импорти 3,6 млрд долларни, озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар бўйича импорт 3,1 млрд долларни ташкил этган. Бу сегмент мамлакат ички бозоридаги асосий истеъмол товарларига бўлган талаб барқарорлигини кўрсатади.
Минерал ёқилғи ва мойлаш материаллари 2,6 млрд долларлик ҳажмни ташкил қилган, бу эса энергетика ва саноат секторидаги заруратни намоён қилади.
Турли хил тайёр буюмлар 1,2 млрд долларлик, ноозиқ-овқат хомашёлари 1,1 млрд долларлик ҳажмда импорт қилинган. Шунингдек, ҳайвон ва ўсимлик мойлари, ичимликлар ва тамаки ҳамда бошқа товарлар умумий импорт таркибида нисбатан кичик улушга эга бўлган.
Маълумотлар мамлакатда саноатни модернизация қилиш, инфраструктурани янгилаш ва ички бозордаги талабни қондириш мақсадида импорт ҳажми ўсишда давом этаётганини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент фармони билан туризм соҳасидаги тадбиркорлар импорт қиладиган автобуслардан 2027 йилгача бож олинмаслиги ҳақида хабар берган эдик.





