Logo

Ўзбекистон-Тожикистон товар айланмасини 2 млрд долларга етказиш керак — Файзиддин Қаҳҳорзода

Бугун 20:413 дақиқа

Жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон билан савдо ҳажми 200 миллион доллардан ошиб, қарийб 12 фоизга ўсган.

Ўзбекистон-Тожикистон товар айланмасини 2 млрд долларга етказиш керак — Файзиддин Қаҳҳорзода

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги товар айланмасини 2030 йилгача 2 миллиард долларга етказиш режа қилинган. Бу ҳақда Тожикистон молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзода минтақавий ҳамкорлик бўйича ўтказилган семинарда маълум қилди.

Икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси 2025 йилга келиб 700 миллион доллардан ошган. Бу Тожикистон ташқи савдосининг 20 фоизидан ортиғи дегани. Қаҳҳорзода, хусусан, жорий йилнинг январь ойида савдо ҳажми қарийб 12 фоизга ўсган Ўзбекистон билан ҳамкорликка тўхталиб ўтди. Негаки ана шу вақтда савдо ҳажми 200 миллион доллардан ошди.

Компаниялар қанча?

Иқтисодий ҳамкорлик тизими қўшма корхоналар, ўзаро инвестициялар, рақамли хизматлар ва янги ишлаб чиқариш занжирларини ўз ичига олади. Ўзбекистонда Тожикистон капитали иштирокидаги 400 дан ортиқ, Тожикистонда эса Ўзбекистон капитали иштирокидаги 160 дан ортиқ компания фаолият юритади. Вазирнинг сўзларига кўра, минтақавий компаниялар қўшни бозорларга тобора кўпроқ кириб боряпти ва Марказий Осиёда хусусий капиталнинг ўзаро иштироки ошяпти. Яъни, хусусий компаниялар бир-бирининг бозорларига кўпроқ сармоя киритяпти.

Вазир Ўзбекистонда ўз секторида даромад бўйича иккинчи ўринда турадиган Тожикистоннинг «Alif» ва Тожикистонда маиший техника ишлаб чиқарадиган «Artel»нинг Ўзбекистондаги «Avesto Electronics» лойиҳасини муваффақиятли мисоллар сифатида келтирди. Ушбу бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 50 миллион доллардан ортиқ капиталга эга Ўзбек-Тожик инвестиция компанияси ташкил этилди.

Қаҳҳорзода шунингдек, минтақавий лойиҳаларни ҳам муҳокама қилди. Унинг урғулашича, қиймати 1,2 миллиард долларни ташкил этувчи CASA-1000 («Марказий Осиё — Жанубий Осиё») энергетика лойиҳаси Қирғизистон ва Тожикистондан Афғонистон ҳамда Покистонга 1400 МВтдан ортиқ электр энергиясини узатиш учун инфратузилма яратади.

«Бу Тожикистон учун даромадларни кўпайтириш, ёзги гидроэнергетика салоҳиятидан самаралироқ фойдаланиш ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида тўғридан-тўғри энергетика алоқасини йўлга қўйиш имконини беради», — дейди мулозим.

Иккинчиси эса 2026 йил январь ойида Жаҳон банки томонидан тасдиқланган REMIT дастури бўлиб, вазир дастурнинг мақсади Марказий Осиёда биринчи минтақавий эл энергияси бозорини шакллантиришдан иборатлигини айтди. Тожикистон расмийсининг айтишича, Марказий Осиё минтақавий алоқалар дастурининг тўртинчи босқичи доирасида Тожикистон учун трансчегаравий автомобиль йўналишларини ривожлантириш, йўлларда ҳаракат тезлигини ошириш ва божхона инфратузилмасини модернизация қилишга 130 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратилиши режа қилинган.

Файзиддин Қаҳҳорзода «Роғун» ёки «Қамбарота» ГЭСлари лойиҳалари билан бир қаторда, халқаро молия ташкилотлари билан 12 тадан ортиқ турли шартнома имзоланганини айтар экан, келгуси йилга бориб Тожикистон энергетик мустақилликка эришишини билдирди. Унинг қўшимча қилишича, мазкур лойиҳа минтақада «яшил» энергиядан фойдаланиш, суғориш учун сувдан фойдаланиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун қўшимча имконият ҳамда шарт-шароитлар яратади.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистоннинг ташқи савдо айланмаси 2026 йилнинг январь–май ойларида 5,8 миллиард долларни ташкил этганди.

Теглар

Мавзуга оид