«Келажакда келинлар учун уй керак»: Президент Ўзбекистон шахматчиларига уй, машина ва пул мукофотлари топширди
«Шахматчи ва парашахматчиларимиз бугуннинг ўзида янги машиналарини ҳайдаб, янги уйларига кириб боришади», – деди давлат раҳбари.
© Foto: president.uzБугун, 29 сентябр куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида шахмат ва парашахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоалари аъзолари ҳамда уларнинг яқинлари билан учрашди ва уларга давлат мукофотларини топширди.
Президент шахматчиларнинг Олимпиададаги натижаларини қайд этди
Учрашувда давлат раҳбари Ўзбекистон терма жамоасининг Самарқанддаги 46-Жаҳон шахмат Олимпиадасидаги ғалабаси билан табриклади.
«Икки карра Олимпиада чемпиони деган юксак ва шарафли унвон барчамизга, бутун Ўзбекистон халқига муборак бўлсин!» — деди Президент.
У Самарқанддаги Олимпиадада 200 дан ортиқ мамлакатдан қарийб 2 минг шахматчи, жумладан, кучли гроссмейстерлар ва амалдаги чемпионлар қатнашганини таъкидлади.
«Шундай улкан рақобат ичида Ўзбекистон байроғини энг баландга кўтариш — бу ҳақиқий жасорат, катта ақл-заковат ва мустаҳкам ирода намунасидир», — деди давлат раҳбари.
Олимпиадани бевосита кузатиш учун Самарқандга 60 мингдан ортиқ меҳмон келган. Ҳудудлардаги фан-зоналарда қарийб 500 минг мухлис мусобақани кузатган, телеканаллар ва интернет орқали эса миллионлаб ўзбекистонликлар ўйинларни томоша қилган.
Президент ҳал қилувчи партияларни ўзи ҳам катта қизиқиш билан кузатганини айтди.
«Баъзи партияларда сизлар нафақат рақибларингизни, балки бизни ҳам кучли ҳаяжонда ушлаб турдингизлар», — деди у.
Шавкат Мирзиёев Нодирбек Ёқуббоевнинг Ҳиндистон вакили Ниҳал Саринга қарши партиясидаги вазиятни ҳам эслади.
«Сенинг Ниҳал Саринга қарши баҳсингда бир пайт вазият жуда оғирлашди. Рақиб устунликка эга бўлиб, кўпчилик ўйин тақдири ҳал бўлди деб ўйлади. Лекин сен охиригача мардона курашдинг. Ниҳоятда топқирлик билан қўллаган тактик юришларинг вазиятни бутунлай ўзгартирди ва жамоамизга ҳал қилувчи ғалабани олиб келдинг», — деди Президент.
Нодирбек Абдусатторов бутун мусобақани мағлубиятсиз ўтказиб, биринчи тахтада олтин медални қўлга киритгани ҳам қайд этилди. Унинг америкалик Фабиано Каруанага қарши партиядаги ғалабаси алоҳида тилга олинди.
«Бунинг ўзи алоҳида катта натижа!» — деди Президент.
Жавоҳир Синдоровга мурожаат қилган давлат раҳбари унинг бир неча ой аввал Номзодлар турниридаги ғалабасини эслатди.
«Энди олдингда яна бир улкан марра — жаҳон тожи учун беллашув турибди. Бугун ортинда нафақат жамоадошларинг ва устозларинг, балки қирқ миллионга яқин Ўзбекистон халқи турибди. Биз сенга ишонамиз!» — деди Шавкат Мирзиёев.
Муҳиддин Мадаминов ҳам ҳал қилувчи кунда украиналик Роман Деҳтяровни қора доналарда мағлуб этиб, жамоага олтин медаль учун зарур очкони олиб келгани билан эътироф этилди. Шамсиддин Воҳидов эса амалдаги жаҳон чемпиони Гукешга қарши партияда тенгма-тенг курашган.
«Бу олтин медалда жамоанинг ҳар бир аъзосининг машаққатли меҳнати ва улкан ҳиссаси бор», — деди Президент.
Давлат раҳбари Ўзбекистонда кучли шахматчилар авлоди шаклланганини таъкидлади.
«Бизда 2–3 нафар шахматчи эмас, балки бутун бошли кучли авлод бор десак, бу ҳам ҳақиқат», — деди у.
Аёллар терма жамоасининг натижалари ҳам учрашувда қайд этилди. Биринчи жамоа 11 турнинг еттитасида ғалаба қозонган. Афруза Ҳамдамова, Гулрухбегим Тоҳиржонова, Умида Омонова, Нилуфар Имомқўзиева ва Гулдона Каримованинг меҳнати алоҳида эътироф этилди.
«Ишонаман, ҳали ўзбек шахматчи қизлари ҳам Олимпиада шоҳсупасининг энг юқори поғонасига албатта кўтарилади», — деди Президент.
Парашахматчилар ҳам тақдирланди
Самарқандда ўтказилган учинчи FIDE парашахмат Олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси илк бор бронза медалини қўлга киритди. Селби Какишова еттита ўйинда олти очко тўплаб, ўз тахтасида кумуш медалга сазовор бўлди. Абдулазиз Баходиров шахсий ҳисобда бронза медалини қўлга киритди, Аҳадхон Кимсанбоев эса бирор марта мағлубиятга учрамади.
«Сизлар ўз жасоратингиз, ақл-заковатингиз, иродангиз ва тинмай меҳнатингиз билан минглаб инсонларга жуда катта ибрат ва намуна кўрсатдингиз», — деди давлат раҳбари.
Президент ҳар бир чемпионнинг ортида унинг ота-онаси, биринчи устози, мураббийлари ва қўллаб-қувватлаган жамоаси туришини таъкидлади.
Шунингдек, Рустам Қосимжоновнинг Ўзбекистон шахмати ривожидаги ўрнига тўхталиб, унинг тажрибаси янги авлодга ўтаётганини қайд этди.
«Устознинг энг катта ғалабаси — шогирдларининг ундан ҳам баланд марраларга чиқишидир!» — деди Президент.
Ўзбекистон шахмат федерацияси FIDE томонидан «Энг яхши федерация» деб эътироф этилган. Рустам Қосимжонов FIDEнинг фахрий вице-президенти, Ҳулкар Тоҳиржонова эса Марказий Осиё бўйича минтақавий президенти этиб сайланган.
Президент Ўзбекистоннинг шахматдаги натижалари тасодифий эмаслигини таъкидлади.
«Бу натижалар тасодифий эмас. Бу — мактаб, бу — тизим, бу — ўзбек шахматининг янги даражаси», — деди давлат раҳбари.
Шунингдек, у беш йил аввал FIDE рейтингидаги энг кучли ўн мамлакат қаторига кириш мақсади қўйилганини эслатди.
«Бизнинг эзгу мақсадимиз ортиғи билан реалликка айланиб улгурди», — деди Президент.
Учрашувда кейинги мақсад ҳам маълум қилинди.
«Янги Ўзбекистонни нафақат Олимпиада чемпиони, балки дунё шахмат марказига айлантирамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Бунинг учун иқтидорли болаларни эрта аниқлаш, уларни кучли устозларга бириктириш ва халқаро турнирларда мунтазам қатнашиши учун шароит яратиш зарурлиги айтилди. Қизлар шахмати ва парашахматни ривожлантириш бўйича алоҳида тизим ташкил этилади.
Тошкент халқаро шахмат академиясининг Самарқанд, Хоразм ва Фарғонада учта минтақавий филиалини ташкил этиш режалаштирилган. Академияда юқори тоифали мураббийларни тайёрлаш ҳам йўлга қўйилади.
FIDE рейтингида 1 500 баллдан юқори натижага эга шахматчиларнинг хусусий клубларда ўқиш харажатларининг ярми давлат томонидан қопланиши белгиланган.
Мамлакатда «Ўзбекистон Grand chess» миллий бренди остида халқаро турнирларни мунтазам ўтказиш режалаштирилган. Янги Тошкентда 500 кишилик ўйин зали, ётоқхона ва спорт майдончаларига эга замонавий шахмат саройини барпо этиш таклиф қилинган.
Учрашув якунида Президент мукофотлар ғолибларнинг бугунги натижаларини эътироф этиш билан бирга, келгуси мақсадларга ишонч рамзи бўлиши кераклигини айтди.
«Бу мукофотлар фақат бугунги ғалабангизнинг эътирофи эмас, балки олдингизда турган янада баланд марраларга билдирилган катта ишонч рамзи бўлсин», — деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев спортчиларнинг ота-оналари, устоз ва мураббийлари ҳамда Ўзбекистон шахмат федерацияси жамоасига миннатдорлик билдирди.
«Илоҳим, ғалабаларимиз бардавом бўлсин! Доимо соғ-омон бўлинглар, азиз фарзандларим!» — деди Президент.
Ғолибларни тақдирлаш
Тадбир якунида Олимпиада ғолиблари ва уларнинг мураббийларини рағбатлантириш бўйича қабул қилинган қарорга мувофиқ мукофотлар топширилди.
Олтин медал соҳиблари — Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Муҳиддин Мадаминов ва Шамсиддин Воҳидовларнинг ҳар бирига уй-жой, автомашина ва 200 минг АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти берилди.
Бронза медалини қўлга киритган парашахматчилар — Аҳадхон Кимсанбоев, Марсель Шоюсупов, Сардорбек Мамаражабов, Селби Какишова ва Сирожиддин Зайниддиновларга уй-жой, автомашина ва 50 минг АҚШ долларидан мукофот пули топширилди.
Терма жамоалар бош мураббийлари — Рустам Қосимжонов ва Самандар Шермухаммадов автомашина ҳамда тегишлича 50 минг ва 12 минг 500 доллар миқдорида тақдирланди.
«Шахматчи ва парашахматчиларимиз бугуннинг ўзида янги машиналарини ҳайдаб, янги уйларига кириб боришади», деди давлат раҳбари.





