Logo

Ўзбекистон ва Озарбойжон етакчилари қадимий Бухоро обидаларини зиёрат қилди

Исмоил Сомоний мақбарасидан бошланган саёҳат Арк қалъаси, Пойи Калон мажмуаси, шунингдек, Кўкалдаш ва Нодир Девонбеги мадрасалари жойлашган Лаби Ҳовуз ансамбли билан давом этган.

Ўзбекистон ва Озарбойжон етакчилари қадимий Бухоро обидаларини зиёрат қилди © Foto: president.uz

Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев рафиқалари ҳамроҳлигида Бухоронинг жаҳонга машҳур тарихий обидаларини зиёрат қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.

Хабарга кўра, олий мартабали меҳмонлар Сомонийлар мақбараси, Арк қўрғони, Пойи Калон ва Лаби Ҳовуз мажмуалари ҳамда Кўкалдош мадрасасида бўлган.

«Олий мартабали меҳмонларга ушбу ноёб обидаларнинг тарихи, меъморий хусусиятлари ҳамда Шарқда илм-фан, маданият ва шаҳарсозлик ривожидаги аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди», — дейилади хабарда.

Тарихий мажмуалар бўйлаб саёҳат

Матбуот хизматининг қайд этишича, ташриф Исмоил Сомоний томонидан барпо этилган ва 1993 йилда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Сомонийлар мақбарасидан бошланган.

Шундан сўнг етакчилар кўп асрлар давомида Бухоронинг сиёсий ва маъмурий маркази бўлиб келган қадимий Арк қалъасига ташриф буюрган.

Шунингдек, меҳмонлар Марказий Осиёнинг энг салобатли меъморий мажмуаларидан бири — Пойи Калон мажмуасида бўлган.

«1127 йилда бунёд этилган машҳур Калон минораси мажмуанинг энг эътиборли иншооти бўлиб, асрлар давомида нафақат Бухоро меъморчилиги намунаси, балки шаҳарнинг ҳақиқий «ташриф қоғози» бўлиб хизмат қилиб келмоқда», — дея таъкидланади нашр хабарида.

Олий мартабали меҳмонларда қадимий ҳовуз атрофида қурилган ва эски Бухородаги энг машҳур жамоат масканларидан бири ҳисобланган Лаби Ҳовуз мажмуаси ҳам катта таассурот қолдиргани қайд этилган.

Хабарга кўра, бу ерда Кўкалдаш мадрасаси, Нодир Девонбеги мадрасаси ва хонақоҳи жойлашган бўлиб, шаҳарнинг ушбу гўшаси ўрта асрлардаги Бухоронинг бетакрор муҳитини бугунги кунгача сақлаб қолган.

Ташриф давомида меҳмонларга халқ ҳунармандчилиги намуналари ҳамда тарихий обидаларга туширилган бадиий безакларнинг хусусиятлари намойиш этилган.

Озарбойжонлик меҳмонларга Бухоронинг Буюк Ипак йўлидаги ислом цивилизациясининг энг йирик илм-фан, таълим ва савдо марказларидан бири сифатидаги кўп асрлик тарихи ҳақида сўзлаб берилган.

Теглар

Мавзуга оид