
Мирзиёев Европанинг етакчи бизнес ва банк раҳбарларини ҳамкорликка чорлади
Белгияда бўлиб ўтган давра суҳбатида Президент Шавкат Мирзиёев Европанинг етакчи компания ва банк раҳбарларини Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга чақирди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Белгияга расмий ташрифи доирасида Европанинг етакчи компания ва молия муассасалари раҳбарлари билан давра суҳбати ўтказди. Унда «Vandewiele», «Linde», «Rhenus Logistics», «SUEZ», «FMO», «Commerzbank», «KfW», «Metso» каби йирик корпорациялар раҳбарлари иштирок этди.
Президент суҳбатда Европа бизнесининг фаол иштироки Ўзбекистонга бўлган ишонч ва узоқ муддатли шерикликка тайёрликнинг яққол ифодаси эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланиши икки томонлама муносабатларда янги босқични бошлаб берди.
Сўнгги етти йилда Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки бараварга ошди. Шу даврда Европа сармояси иштирокидаги қўшма корхоналар сони мингдан ортиқни ташкил этмоқда. Бу эса инвесторларнинг мамлакатдаги иқтисодий ислоҳотларга ишончи ортиб бораётганидан далолат беради.
Давлат раҳбари Европалик ҳамкорларни стратегик хомашё ва минерал ресурсларни қайта ишлаш, «яшил иқтисодиёт», кимё саноати, инфратузилма ва логистика соҳаларидаги қўшма лойиҳаларга таклиф этди. Шунингдек, рақамли иқтисодиёт ва ахборот технологияларини ривожлантириш, сунъий интеллект ва киберхавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кучайтириш таклиф қилинди.
Президент таъкидлаганидек, инсон капитали ва таълим соҳасидаги ислоҳотлар ҳам Европалик шериклар билан ҳамкорликни мустаҳкамлайди. Учрашувда иштирок этган бизнес ва банк вакиллари эса Ўзбекистондаги барқарор инвестиция муҳитини юқори баҳолаб, янги лойиҳаларда иштирок этишга тайёр эканликларини билдирдилар.





