Ўзбекистонда инфляция кутилмалари 11,2 фоизга тушди

18.02.2026 | 09:182 дақиқа

Январ ойида аҳоли ва бизнес инфляция бўйича прогнозларини қисқартирди. Нархлар ўсиши кутилмалари пасайган бўлса-да, гўшт, коммунал хизмат ва ёқилғи асосий хавотир сифатида қолмоқда.

Ўзбекистонда инфляция кутилмалари 11,2 фоизга тушди

2026 йил январ ойида Ўзбекистонда инфляция кутилмалари пасайди. Марказий банк ҳисоботига кўра, аҳолининг келгуси 12 ой учун нархлар ўсиши бўйича прогнозлари 0,3 фоиз пунктага камайиб, 11,2 фоизни ташкил этди. Бу декабр ойига нисбатан юмшоқ динамикани англатади.

Фуқаролар нархларга таъсир этувчи асосий омиллар сифатида коммунал хизматлар тарифларининг ошиши (63 фоиз), ёқилғи-энергия ресурслари қимматлашуви (52 фоиз) ва валюта курси ўзгаришларини (41 фоиз) кўрсатган. Бизнес ҳам ўз прогнозларини қисқартирди — инфляция кутилмаси 10,8 фоизга тушди. Тадбиркорлар ҳам энергия ресурслари ва транспорт харажатлари ўсишини асосий хавф сифатида баҳоламоқда.

Ҳудудлар кесимида энг юқори инфляция кутилмалари Тошкент шаҳрида — 12,7 фоиз, Фарғона вилоятида — 12,3 фоиз ва Қорақалпоғистонда — 12,1 фоиз даражасида қайд этилди. Энг паст кўрсаткич Навоий вилоятида — 9,5 фоиз. Тадбиркорлар орасида эса Сурхондарё вилояти етакчи — 11,6 фоиз, Тошкент вилояти энг паст кўрсаткичга эга — 10,1 фоиз.

Соҳалар бўйича таҳлилда давлат ташкилотлари ходимлари 13 фоиз, тиббиёт соҳаси вакиллари 12,8 фоиз инфляция кутмоқда. Қишлоқ хўжалиги энг оптимистик соҳалардан бири бўлиб, кутилма 9,4 фоизни ташкил этди. Бизнесда транспорт хизматлари соҳаси 12,8 фоиз билан етакчи, савдо ва агросектор эса 9,8 фоизни қайд этган.

Даромад даражаси билан инфляция кутилмалари ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик кузатилди. Ойлик даромади 30 млн сўмдан юқори фуқаролар инфляцияни 16,1 фоиз даражасида кутмоқда. 2–4 млн сўм даромадлилар эса 9,6 фоиз ўсишни прогноз қилган.

Январ ойида сезилган инфляция 11,7 фоизни ташкил этди, бу декабрга нисбатан 0,3 фоиз пункта паст. Аҳоли энг кўп гўшт ва сут маҳсулотлари (48 фоиз), бензин ва ёқилғи (40 фоиз), электр ва газ (28 фоиз), дори-дармонлар (23 фоиз) нархлари ошганини таъкидлаган.

Теглар

Мавзуга оид