Logo

Ўзбекистонда клиринг тизими орқали тўловлар сони 44,2 фоизга ошди

Бугун 18:552 дақиқа

Июль ойида Марказий банкнинг Ҳисоб-китоблар клиринг тизими орқали 17,2 миллион та тўлов қабул қилинди. Уларнинг умумий қиймати 11,6 триллион сўмни ташкил этди.

Ўзбекистонда клиринг тизими орқали тўловлар сони 44,2 фоизга ошди

2026 йил июль ойида Марказий банкнинг Ҳисоб-китоблар клиринг тизими орқали 17,2 миллион та тўлов қабул қилинди. Бу 2025 йилнинг шу ойига нисбатан 5,3 миллион та ёки 44,2 фоизга кўп, дейилади Марказий банк хабарида.

Шу билан бирга, тўловларнинг умумий қиймати 11,6 триллион сўмни ташкил этди. Йиллик ўсиш 8,7 фоиз бўлди.

Юқори кўрсаткичга эга ТОП-5 банк

Банклар кесимида тўловлар сони бўйича энг катта ўсишлардан бири Aloqabankда кузатилди. Банк орқали амалга оширилган тўловлар сони бир йилда 7,3 миллион тадан 9 миллион тага етди. Бу 22,6 фоизлик ўсишдир.

Aloqabankда тўловларнинг умумий қиймати ҳам 2,35 триллион сўмдан 3,01 триллион сўмга ошган.

TBC Bankда тўловлар сони қарийб 1,5 миллион тага кўпайиб, 1,05 миллион тадан 2,56 миллион тага етди. Тўловларнинг умумий суммаси эса 445,9 миллиард сўмдан 674,9 миллиард сўмга ошди.

Hamkorbank тўловлар сони ўсиши бўйича энг юқори суръат қайд этган банклардан бири бўлди. У орқали қабул қилинган тўловлар сони 62,3 мингтадан 1,09 миллион тага етди. Бу қарийб 17 баробар ўсишни англатади.

Банкдаги тўловларнинг умумий қиймати ҳам 231,8 миллиард сўмдан 516,3 миллиард сўмга кўпайди.

Uzum Bank орқали қабул қилинган тўловлар сони 211,4 мингтадан 728,5 мингтага ошган. Уларнинг умумий қиймати эса 62 миллиард сўмдан 121,4 миллиард сўмга етди.

Ipoteka-bankда тўловлар сони 232,5 мингтадан 292,6 мингтага, тўловларнинг умумий қиймати эса 285 миллиард сўмдан 477,9 миллиард сўмга ошган.

Тўловлар сони қийматидан тезроқ ўсмоқда

Умуман, рақамлар клиринг тизимида тўловлар сони уларнинг умумий қийматига нисбатан анча тез ўсганини кўрсатмоқда.

Таққослаш учун, 2025 йил июль ойида ушбу тизим орқали 11,9 миллион та тўлов қабул қилинган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 10,6 триллион сўмни ташкил этган.

Шундай қилиб, бир йилда тўловлар сони 5,3 миллионтага, уларнинг умумий қиймати эса 1 триллион сўмга ошган.

Vaqt.uz avvalroq kliring tizimi qanday ishlashi haqidagi o’z maqolasini e’lon qilgan edi.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонда клиринг тизими орқали тўловлар сони 44,2 фоизга ошди | Vaqt.uz