add

Ўзбекистонда мактаб ва шифохоналар таъмири учун янги жамғарма ташкил этилади

07.01.2026 | 07:582 дақиқа

Президент қарори билан Ўзбекистонда ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва таъмирлаш жамғармаси ташкил этилади, унга 2 трлн сўм ва бюджетдан ташқари қўшимча маблағлар йўналтирилади.

Ўзбекистонда мактаб ва шифохоналар таъмири учун янги жамғарма ташкил этилади

Ўзбекистонда мактаблар, шифохоналар ва спорт иншоотларини қуриш ҳамда таъмирлашга ихтисослашган янги жамғарма ташкил этилади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 30 декабрдаги «Таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт тизимини барқарор ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан «Ижтимоий соҳа муассасаларини қуриш ва таъмирлаш жамғармаси»ни таъсис этиш белгиланди.

Янги жамғарма ҳисобидан таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларидаги объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари молиялаштирилади. Шунингдек, мактаблар, спорт иншоотлари ва тиббиёт муассасаларини асбоб-ускуналар, техника ва муҳандислик инфратузилмаси билан таъминлаш ҳам жамғарманинг асосий вазифалари қаторига киритилди.

Жамғармага дастлаб Давлат ижтимоий ҳимоя жамғармасидан 2 трлн сўм ўтказилади. Бундан ташқари, 2026 йил бошига келиб 55 та республика ижро этувчи ҳокимият органлари ҳузуридаги бюджетдан ташқари жамғармалар қолдиғининг 50 фоизигача қисми ушбу жамғармага йўналтирилади.

Айрим ташкилотлар учун алоҳида меъёрлар белгиланган. Хусусан, Педагогик маҳорат илмий-амалий маркази ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги жамғармалар қолдиғининг 10 фоизи ўтказилади. «Ўзатом», Билим ва малака баҳолаш агентлиги ҳамда ИИВ ҳузуридаги миграция ва персонализация департаменти жамғармалари эса қолдиқ маблағларининг 20 фоизини ажратиши керак.

Президент декабр ойи охиридаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида маҳаллалардаги муаммоларни ҳал қилиш учун қўшимча молиявий ресурслар ажратилишини маълум қилган эди. Режага кўра, маҳаллий бюджетлар даромадлари камида икки баробарга оширилади. Шунингдек, қатор солиқ ва йиғимлар ҳудудларда қолдирилиб, туманлар инфратузилмаси учун қўшимча 5 трлн сўм йўналтирилиши кутилмоқда.

Аввалроқ 2030 йилгача Ўзбекистонда боғча ва мактаб педагогларининг маоши икки баробар оширилиши ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид