
Ўзбекистонда микроқарзларнинг фоиз ставкалари қанча?
Марказий банк октябр ойи учун микромолия ташкилотлари ва ломбардлар тақдим этаётган микрокредитлар бўйича ўртача ва энг юқори фоиз ставкаларини маълум қилди.

Марказий банкнинг жорий йил октябр ойига оид ҳисоботида микромолия ташкилотлари ва ломбардлар томонидан аҳоли ҳамда тадбиркорларга берилаётган микрокредитлар бўйича фоиз ставкалари бўйича маълумот берди.
Қайд этилишича, ломбардлар томонидан берилаётган микроқарзларда ўртача йиллик ставка 96,5 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич август ойида 97,1 фоиз бўлган. Энг паст ставка 60-70 фоиз атрофида қайд этилган бўлса, айрим ломбардларда микроқарзлар 110 фоизгача қимматлашган.

Республика бўйича 1 ноябр ҳолатида 88 та ломбард фаолият юритмоқда. Улар орасида 44 та ломбард микроқарзларни 90 фоизгача, 16 та ломбард 90–100 фоиз оралиғида, яна 30 таси эса 100–110 фоизда тақдим этмоқда. Ставкалар ўртасидаги бундай катта тафовут бозорда нархлар шаклланиши яхлит эмаслигини кўрсатади.


Микромолия ташкилотларининг октябр ойида якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахсларга бераётган микрокредитларнинг ўртача тортилган ставкаси 48,8 фоизни ташкил этган. Август ойида бу кўрсаткич 47,6 фоиз бўлган. Аҳолига ажратилаётган микроқарзларда эса ўртача ставка 55,9 фоизга етган.

Микромолия ташкилотларида жисмоний шахслар учун минимал ставка 33,1 фоиздан бошланади. Бироқ айрим ташкилотларда микроқарзлар 90 фоиздан юқори, ҳатто 100 фоиздан ошган ҳолатлар ҳам қайд этилган. Бу ҳолат микромолия сегментида хавф даражаси ва бозор рақобатига қараб ставка шаклланиши кескин фарқ қилишини англатади.



Марказий банк айни ставкаларни тасдиқламаслигини ва уларни белгилаш жараёнида иштирок этмаслигини алоҳида таъкидлади. Микромолия ташкилотлари ва ломбардлар фоиз миқдорини бозор шароити, талаб ва хавф даражасидан келиб чиқиб мустақил белгилайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Vaqt.uz ломбардлар ва микромолия ташкилотларида фоиз ставкаларининг баландлиги бўйича таҳлилий мақола эълон қилган эди.





