
Ўзбекистонда наркодиспансер беморларининг фақат 8–10 фоизи тўлиқ шифо топмоқда
Ўзбекистонда гиёҳвандликка чалинган беморлар сони охирги йилларда кескин кўпайди. Ҳозирда наркодиспансерлар ҳисобида 8 500 га яқин бемор рўйхатда турибди. Бир йил аввал улар 5 300 нафар бўлган бўлса, тўрт йил муқаддам бу кўрсаткич бундан анча паст эди.

Мамлакатда ноқонуний наркотиклар муомаласи ва гиёҳвандликка қарши кураш бўйича вазият оғирлашиб бормоқда. Охирги беш йилда ноқонуний наркотиклар мусодараси 67 фоизга, синтетик воситалар мусодараси эса 80 фоизга ошган. 2025 йилнинг ўн ойида 12 248 та наркотик билан боғлиқ жиноят аниқланган ва уч тоннадан ортиқ моддалар мусодара қилинган. Бу ҳақда «Гиёҳванд моддалар савдоси ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш — қатъий ва доимий назоратни талаб қиладиган муҳим масала» мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Статистикага кўра, 2021 йилда 7 142 та, 2022 йилда 8 681 та, 2023 йилда 10 011 та ва 2024 йилда 12 278 та наркотик жинояти қайд этилган. 2025 йилнинг ўтган даврида 8 433 киши ушланган бўлиб, бир йил ичида жиноятчилик 16 фоизга ўсган. Ички ишлар вазирлиги ва Божхона қўмитаси ваколатли шахслари наркотикларни мамлакатга олиб кириш усуллари тобора мураккаблашганини қайд этди. Газ баллонлари, маиший маҳсулотлар, суюқ косметикалар ва интернет орқали савдо каби хилма-хил усуллар қўлланилаётгани маълум қилинди.
Тиббий муассасалардаги аҳвол ҳам хавотирли. Республика руҳий саломатлик маркази маълумотига кўра, ҳозирда 8 500 га яқин бемор наркодиспансер ҳисобида турибди. Бир йил аввал улар 5 300 нафар бўлган, охирги беш йилда эса гиёҳвандлар сони 53 фоизга ошган. Синтетик моддалардан зарарланганлар тўрт баробар, опийли моддаларга муккасидан кетганлар эса икки баробар кўпайган. Ёшлар орасида касалланиш айниқса тез ўсмоқда: беш йил аввал 60 киши бўлган бўлса, бугун 700 нафарга яқинлашган.
Диспансерларда 2 400 та койка мавжуд бўлиб, ихтиёрий даволанишда навбат йўқ, аммо суд қарори билан мажбурий даволаниши керак бўлганлар учун жой кам. Бир беморни даволашга давлат бюджети ҳисобидан йилига 60 миллион сўмгача сарфланади. Умуман, наркодиспансерларда рўйхатда турганлар учун йилига 300 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилади.
Шифокорларнинг таъкидлашича, беморларнинг аксари кеч босқичда мурожаат қилгани боис, уларни ҳаётга қайтариш қийин кечади. Ҳозирги кунда наркоманларнинг бор-йўғи 8–10 фоизи тўлиқ шифо топмоқда. Беш йил аввал тиббий самара 10 фоиз бўлган бўлса, хорижда малака оширган 120 мутахассис ҳисобига бу кўрсаткич 48 фоизгача ошган.
Мутахассислар наркотиклар таъсирида иммунитет пасайиб, ОИТС, гепатит, инфаркт, инсульт, жигар циррози каби оғир хасталиклар хавфи ортаётганини эслатди. Мамлакат бўйлаб наркотик истеъмол қилувчиларнинг 60 фоизи катта ёшлилар бўлса-да, 25–30 ёшлилар улуши ҳам ошиб бормоқда. Энг кўп ҳолатлар Тошкент шаҳри, Тошкент, Андижон, Самарқанд ва Фарғона вилоятида қайд этилган.





