
Ўзбекистонда омонат очиш: 2026 йилда ҳам бу фойдали бўладими?
Бир неча йиллардан бери Ўзбекистон банкларида омонат очиш аҳоли учун жозибадор бўлиб келмоқда. 2026 йилда омонат очиш қанчалик фойдали бўлади? Бу ҳақда Vaqt.uz таҳлилида ўқинг.

2025 йил Ўзбекистондаги банк омонатчилари учун ёмон ўзгаришлар билан бошланди. Дастлаб йил бошида Марказий банк топшириғи билан банклардаги омонатларнинг максимал фоиз ставкаси 27 фоиздан 26 фоизга пасайтирилди.
Бу ҳолат феврал ойида содир бўлган бўлса, шу билан чекловлар тўхтаб қолмади. Апрел ойидан бошлаб омонатларнинг максимал фоиз ставкаси 23 фоизгача чекланди.
Ўшанда Bankers.uz нашрининг банклардаги манбалари омонат ставкаларининг барча банкларда синхрон равишда пасайтирилиши Марказий банк томонидан банкларга берилган «кўрсатма» эканини айтганди.
Максимал фоизнинг пасайиши очилган ўртача омонатларга ҳам таъсир қилди. Йил бошида ўртача аҳоли омонатлари 22,1 фоиздан очилган бўлса, ноябрь ойига келиб бу кўрсаткич 21 фоизга тушиб кетди.
Ўзгаришлар кўпроқ узоқ муддатли омонат очадиган ўзбекистонликларга сезилди. 10 ойда 1 йилдан ортиқ вақтга очилган омонатларнинг ўртача фоизи 22,5 фоиздан 21,1 фоизгача, 1,4 фоизга қисқарди.
Шунга қарамай, омонатларнинг реал фоиз ставкаси ўсишда давом этмоқда. Бунга асосий сабаб инфляциянинг пасайиб бораётгани бўлди.

Реал фоиз ставка — бу номинал фоиз ставкадан инфляцион кутилмалар даражаси айрилгандан кейин шаклланадиган, фоиз даромадининг ҳақиқий самарадорлигини акс эттирувчи кўрсаткич.
2025 йилда инфляция 7,3 фоизга пасайиб, 2017 йилдан бери энг паст даражага тушди. Аввалги йилларда инфляция ҳисоб-китоб методологиясига нисбатан саволлар мавжуд бўлгани учун, бу мамлакат тарихидаги энг паст инфляция дейиш мумкин.
1 декабр ҳолатига кўра, аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари мос равишда 11,5 фоиз ва 10,5 фоизгача пасайди.
Шу тариқа ноябр ойида аҳоли омонатларининг реал фоиз ставкаси 8,5 фоизгача кўтарилиб, рекорд даражага етди. Аввалги энг юқори кўрсаткич 2024 йилнинг октябрида кузатилганди — 8,3 фоиз.
Реал фоиз ставкаси кўтарилишда давом этиши ортидан банк омонатлари йил давомида жозибадорлигини сақлаб қолиш билан биргаликда, сезиларли ўсишни қайд этди.
1 декабр ҳолатига кўра, банклардаги аҳоли омонатлари қолдиғи йиллик 33,8 фоизга ўсиб, 112,5 трлн сўмдан 150,5 трлн сўмга етди. Бунда хусусий банкларда ўсиш, давлат банкларига нисбатан кўпроқ бўлди.
2026 йилда омонат очиш фойдали бўладими?
Жорий йилда ҳам Ўзбекистонда инфляция кўрсаткичи пасайиб боради. Ҳукумат идоралари йил охирида инфляция 6,5 фоиз атрофида бўлишини кутмоқда.
Бу омонат очишга қўшимча чекловлар бўлмаган тақдирда, омонатларнинг реал фоиз ставкаси 2026 йилда ҳам ўсишда давом этишини билдиради.
Фоизлар ҳозиргига яқин сақланиб қолса, инфляция ва инфляцион кутилмалар пасайиши реал фоиз ставкаси ўсишга ёрдам беради. 2027–2028 йилларда инфляция 5 фоизгача тушиши кутилмоқда.
Яхши ривожланмаган фонд бозори, кўчмас мулк бозоридаги мўътадиллик фонида омонат очиш тўғри инвестицион қарор бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, омонатларнинг кафолатли экани ҳам уларга инвесторларни жалб қилади. Қонунчиликка кўра, банкларда 200 млн сўмгача омонатлар давлат томонидан кафолатланади.
Бу ҳар бир банкка нисбатан алоҳида қўлланилади. Шу тариқа омонатчилар бир нечта банкка пул қўйиш орқали кафолат миқдорини ошириш имкониятига эга.
Омонатларга муқобил бўлиши мумкин бўлган сармоя восияти — олтиннинг нархи 2026 йилда ўсишда давом этиши кутилмоқда. Инвесторлар учун бу ҳам жозибадор вариантлардан бири сифатида қаралмоқда. Олтинга Ўзбекистонда қандай қилиб сармоя қилиш ҳақида бу ердан ўқиш мумкин.
Олтин қисқа муддатдан кўра, узоқроқ муддат учун ишончли сармоя воситаси ҳисобланади.
Қайси банкдан омонат очган маъқул?
Ўзбекистон банкларида омонат таклифлари турлича бўлиб, ҳар ким ўзи учун қулай омонатни топиши мумкин.
Ўтган йилнинг бошидаги маълумотларга кўра, икки йирик давлат банклари — «Миллий банк» ва «Халқ банки» энг кўп омонатчиларга эга. Иккала банкда мос равишда 1,6 млн ва 1,2 млн нафар омонатчи бор.

Таклифларга келадиган бўлсак, «Garant bank»да қулай омонат таклифи мавжуд. «Кунлик» омонатининг фоиз ставкаси 20 фоиз, минимал 10 000 сўмдан бошлаб онлайн очиш мумкин.
Қулайлиги омонат фоизлари ҳар куни мижознинг ҳисобрақамига ўтказиб берилади. “Кунлик” омонатига маблағ киритиш имконияти мавжудлиги сабаб, пул йиғиш мақсадида ҳам фойдаланса бўлади.
Яна бир қулай таклифни «Asia Alliance Bank» бермоқда. Банкнинг «Имкон онлайн» омонати орқали йиллик 21 фоиз даромад олиш мумкин. Батафсил маълумот бу ерда.
Энг юқори фоизли омонатларни «Hayotbank» (23 фоиз), «Avo Bank» (22,5 фоиз), «TBC Bank» (22 фоиз) ва «Anorbank» (22 фоиз) таклиф қилмоқда.
Долларда омонат очиш-чи?
Ўзбекистон банкларида АҚШ долларида ҳам омонат очиш мумкин. Бироқ, долларнинг сўнгги пайтларда қадрсизланаётгани сабаб бу фойдали вариант сифатида кўрилмаяпти.
2025 йилда доллар курси сўмга нисбатан 6,8 фоизга қадрсизланди ёки йил давомида 879,58 сўмга пасайди. Аммо аввалги йилларда доллар мустаҳкамланган эди — 2024 йилда 4,7 фоизга, 2023 йилда деярли 10 фоизга.
Шунга қарамай, доллар мустаҳкам даврларда ҳам сўмдаги омонатлар доллардагисига нисбатан фойдалироқ эди.
Масалан, 2024 йилда сўмдаги омонатлар хорижий валютадаги (асосан доллар) омонатларга нисбатан 3 баробар фойдалироқ бўлганди.

2024 йил сўнггида хорижий валютадаги омонатлар бўйича ўртача фоиз ставка 5,8 фоизни, сўмдаги омонатлар бўйича эса доллар эквивалентида 17,7 фоизни ташкил қилганди.
Бироқ, доллардаги омонатлар пулни долларда сарфлашни режа қилганлар учун қулай бўлиши мумкин. Бу ҳолатда конвертация учун пул йўқотилмайди.
Айримлар инвестиция портфелини диверсификация қилиш учун долларда омонатларни танлайди.
Сабаби — ҳар нарса бўлиши мумкин. Келаётган йилда АҚШ доллари яна ўз ўрнини мустаҳкамланиши эҳтимоли ҳам бор.
S&P агентлиги 2026 йилда доллар сўмга нисбатан мустаҳкамланиб, 12 600 сўмга яқин бўлишини кутмоқда.
Евроосиё тараққиёт банки кутилмалари бўйича доллар 2026 йил охирида 12 800 сўм, 2027 йил охирида эса 14 100 сўмгача кўтарилади.
Теглар






