Logo

Ўзбекистонда пойабзалларни маркировкалаш режалаштирилмоқда

Бугун 22:453 дақиқа

Солиқ қўмитаси пойабзал маҳсулотлари ва трансформаторларни 2027 йилдан тажриба тариқасида, 2028 йилдан эса мажбурий рақамли маркировкалаш тўғрисидаги қарор лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Ўзбекистонда пойабзалларни маркировкалаш режалаштирилмоқда © pxhere.com

Ўзбекистонда ички бозорда реализация қилинадиган айрим турдаги пойабзал маҳсулотлари ҳамда трансформаторларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида маълум қилинди.

Ҳужжат лойиҳаси 25 ноябрдан 10 декабргача муҳокамада бўлади. Қарор президентнинг чарм-пойабзал саноатини қўллаб-қувватлашга доир 2026 йил 2 июлдаги ПҚ-250-сон ҳамда электротехника саноатини ривожлантиришга оид 2026 йил 12 сентябрдаги ПҚ-325-сон қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Лойиҳага кўра, айрим турдаги пойабзал маҳсулотлари (кодлари: 6401, 6402, 6403, 6404, 6405) ва трансформаторларни (коди: 8504) идентификация воситалари орқали рақамли маркировкалаш икки босқичда жорий этилади:

• 2027 йил 1 январдан бошлаб — тажриба тариқасида;

• 2028 йил 1 январдан бошлаб — мажбурий тартибда.

Маркировкаланмаган қолдиқларни сотиш муддатлари

2028 йил 1 январга қадар ишлаб чиқарилган ёки Ўзбекистон ҳудудига импорт қилинган рақамли маркировкаланмаган пойабзал маҳсулотлари ва трансформаторлар қолдиқларини сотиш учун қуйидаги муддатлар белгиланмоқда:

• ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар томонидан — 2028 йил 1 апрелга қадар;

• улгуржи савдо субъектлари томонидан — 2028 йил 1 июлга қадар;

• чакана савдо субъектлари томонидан — 2028 йил 1 октябрга қадар.

Солиқ қўмитасига «Ўзчармсаноат» ва «Ўзэлтехсаноат» уюшмалари ҳамда манфаатдор идоралар билан биргаликда қарор талаблари юзасидан тушунтириш ишларини ташкил этиш, Ташқи ишлар вазирлигига эса тажриба лойиҳаси бошлангани ҳақида хорижий давлатларни хабардор қилиш вазифаси юклатилиши кўзда тутилган.

Электр аккумуляторлар бўйича янги чекловлар

Қарор лойиҳасида 2026 йил 1 январдан мажбурий рақамли маркировкалаш бошланган электр аккумуляторлар (тўғрибурчак, квадрат ёки бошқа шаклдагилар) ва улар учун сепараторлар айланмасига оид тартиблар ҳам белгиланган.

Унга мувофиқ, 2027 йил 1 январдан ушбу маҳсулотларни Ўзбекистон ҳудудида мажбурий рақамли маркировкасиз ишлаб чиқариш тақиқланади. Шунингдек, уларни импорт қилишда агрегацияланган импорт коди бўйича маълумотларни божхона юк декларациясида кўрсатмасдан «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимига расмийлаштиришга йўл қўйилмайди.

Шу билан бирга, 2027 йил 1 январдан бошлаб олти ой давомида ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва улгуржи савдо ташкилотларига маркировкаланмаган қолдиқларни сотишга, улгуржи ва чакана савдо ташкилотларига эса ушбу қолдиқларни ихтиёрий равишда бепул маркировкалашга рухсат берилади.

Олти ойлик муддат тугагач, электр аккумуляторлар ва сепараторларни кейинги айланма иштирокчиларига тақсимлаш фақат электрон ҳисобварақ-фактураларга маркировка кодларини киритиш ҳамда «Asl belgisi» тизимига маълумот юбориш орқали амалга оширилади. Уларни мамлакат ҳудудида рақамли маркировкасиз сотиш тўлиқ тақиқланади.

Қарор ижросини назорат қилиш бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пулатов зиммасига юклатилиши режалаштирилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид