
Ўзбекистонда қайси соҳаларда хорижий корхоналар кўп?
Мамлакатда фаолият олиб бораётган чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар бўйича маълумот берилди.

Миллий статистика қўмитасига кўра, 2025 йил 1 декабр ҳолатига Ўзбекистонда чет эл инвестицияси иштирокида 17 900 та корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 4 228 таси қўшма корхоналар, 13 762 таси эса тўлиқ хорижий корхоналар ҳисобланади.
Ўзбекистонда чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар сони бўйича етакчи давлатлар қаторида Хитой 4 873 та корхона билан биринчи ўринни эгаллаган бўлса, ундан кейин Россия (3 209 та), Туркия (2 109 та), Қозоғистон (1 199 та), Жанубий Корея (691 та), Афғонистон (637 та), БАА (404 та), Тожикистон (386 та), Ҳиндистон (364 та) ва АҚШ (353 та) жой олган.
Иқтисодий фаолият турлари кесимида хорижий корхоналарнинг энг катта қисми савдо соҳасига тўғри келади. Мазкур йўналишда 6 403 та корхона иш юритиб, умумий хорижий бизнеснинг энг йирик сегментини ташкил этмоқда. Иккинчи ўринда саноат соҳаси жойлашган бўлиб, бу ерда 3 706 та хорижий корхона фаолият олиб бормоқда.
Қурилиш соҳасида 1 389 та, ахборот ва алоқа соҳасида эса 1 377 та хорижий корхона қайд этилган. Бу кўрсаткичлар инфратузилма, рақамли хизматлар ва телекоммуникация бозорига бўлган қизиқиш юқори эканини англатади.
Яшаш ва овқатланиш хизматлари соҳасида 737 та, ташиш ва сақлаш йўналишида 586 та хорижий корхона фаолият юритмоқда. Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги соҳасида 447 та, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида эса 209 та хорижий корхона мавжуд. Қолган 3 046 та корхона бошқа иқтисодий соҳалар ҳиссасига тўғри келади.





