add

Ўзбекистонда сунъий интеллект ёрдамида бажарилаётган тиббий амалиёт турлари 43 тага етди

Ўзбекистон тиббиёт тизимида сунъий интеллект ва робот технологиялари жорий этилиши натижасида амалиёт турлари кенгайди.

Ўзбекистонда сунъий интеллект ёрдамида бажарилаётган тиббий амалиёт турлари 43 тага етди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, 2025 йил давомида республика тиббиёт тизимида рақамлаштириш жараёнлари жадаллашди ва сунъий интеллект асосида амалга оширилаётган текширув ҳамда муолажа турлари 43 тага етди.

Қайд этилишича, 2025 йил ўтган даврида тиббий муассасаларда 179 та янги ташхислаш ва 199 та даволаш усули йўлга қўйилди. Улар орасида жигар ва буйракни кам инвазив усулда трансплантация қилиш, юрак кардиомиотомиясида сунъий чап қоринча (LVAD) ўрнатиш, умуртқа поғонаси диск чуррасини олиш операцияси, суяк кўмиги трансплантацияси ҳамда эпилепсияда мияга чип ўрнатиш каби ноёб амалиётлар бор.

Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари филиалларида жами 379 турдаги мураккаб операциялар жорий этилган. Бунинг натижасида жойларда амалга оширилаётган амалиётлар кўлами кенгайиб, пойтахтдаги тиббиёт марказларига мурожаатлар улуши 80 фоиздан 15 фоизгача камайди.

Таъкидланишича, келгусида сунъий интеллект орқали МРТ, КТ ва рентген тасвирларини автомат таҳлил қилиш, виртуал жарроҳлик симуляцияси ҳамда гибрид операциялар кўламини кенгайтириш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сунъий интеллект лойиҳалари учун 100 млн доллар ажратилиши ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонда сунъий интеллект ёрдамида бажарилаётган тиббий амалиёт турлари 43 тага етди | Vaqt.uz