Ўзбекистонда товар олиб кириш учун ягона божхона тўлови арзонлашади
2027-йил 1-январдан жисмоний шахслар учун ягона божхона тўлови 30 фоиздан 20 фоизгача пасайтирилади.
© Bojxona qo’mitasi2027-йил 1-январдан жисмоний шахслар шахсий эҳтиёжлари учун божсиз меъёрдан ортиқча олиб кирадиган товарлар учун ягона божхона тўлови ставкаси товар қийматининг 30 фоизидан 20 фоизига туширилади. Бу ҳақда «Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш ва божхона маъмурчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонида белгилаб берилди.
Ҳужжатга кўра, тўловнинг энг кам миқдори товарнинг ҳар бир килограмми учун 3 доллардан 2 долларгача камаяди. Ягона тўлов божхона божи, ҚҚС ва акциз солиғи ўрнига ундирилади.
Тадбиркорларга енгилликлар
2026-йил 1-октябрдан хавф даражаси паст ва ҚҚС гувоҳномаси фаол ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун импортда тўланадиган ҚҚСни ўзаро ҳисобга олиш имконияти яратилади. Шунингдек, товар экспортида божхона расмийлаштируви, фитосанитария сертификати, фумигация ва товар келиб чиқиш сертификати учун йиғимлар 30 фоизга камайтирилади.
2027-йилдан хавфи паст тадбиркорлар импорт қилган товарларнинг божхона қиймати товар эркин муомалага чиқарилгандан кейин назорат қилинади. Қатъий божхона қийматини белгилаш тақиқланади.
Шу билан бирга, божхона қиймати бўйича дастлабки қарор қабул қилиш ва расмий диллерлар ҳамда дистрибьюторларнинг нарх маълумотларидан фойдаланиш тартиби жорий этилади.
Яна бир имтиёз
2027-йил 1-июндан жисмоний шахслар нотижорат мақсадларда товар олиб кирганда ҳисобланган ягона божхона тўлови божхона йиғимларидан кам бўлса, ушбу йиғимлар ундирилмайди.





