
Ўзбекистонда йил бошидан бери бозор хизматлари ҳажми 818 трлн сўмдан ошди
Ҳудудлар бўйича энг юқори улуш Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида қайд этилди.

Миллий статистика қўмитаси маълум қилишича, 2025 йилнинг январ–октябр ойларида бозор хизматлари ҳажми 818 трлн 485 млрд сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 14,4 фоизга ошди.
Қайд этилишича, бозор хизматларининг умумий ҳажмида Тошкент шаҳрининг улуши 38,1 фоиз, яъни 312,2 трлн сўмни ташкил этди. Шу жумладан, вилоятлар кесимида энг юқори улушлар Самарқанд (60,3 трлн сўм), Фарғона (55,5 трлн сўм) ва Тошкент вилоятида (55,2 трлн сўм) кузатилди.
Шунингдек, 2025 йилнинг январ–октябр ойларида Ўзбекистонда аҳоли жон бошига кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 21 млн 649,5 минг сўмни ташкил этди. 2024 йилнинг мос давридаги (17 млн 730,4 минг сўм) кўрсаткичга нисбатан 3 млн 919,1 минг сўмга ошди.
Ушбу даврда аҳоли жон бошига кўрсатилган бозор хизматларининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрига тўғри келиб, 99 млн 483,1 минг сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даври билан солиштирганда 19 млн 283,4 минг сўмга ошди. Шунингдек, нисбатан юқори ҳажмни Навоий (18,2 млн сўм), Тошкент (17,6 млн сўм) ва Бухоро (15,9 млн сўм) вилоятлари эгаллади. Аҳоли жон бошига кўрсатилган бозор хизматларининг нисбатан паст кўрсаткичи Сурхондарё вилоятида (9,2 млн сўм) қайд этилди.





