Logo

Ўзбекистонда YouTube монетизацияси ишга туширилиши арафасида. Блогерлар қанча даромад олиши мумкин?

Бугун 13:353 дақиқа

Саида Мирзиёева Google вице-президенти билан учрашувда Ўзбекистонда YouTube монетизациясини ишга тушириш масаласини муҳокама қилди. Монетизация нега ҳозиргача ишламаган? Йил давомида қонунчиликда қандай ўзгаришлар амалга оширилди?

Ўзбекистонда YouTube монетизацияси ишга туширилиши арафасида. Блогерлар қанча даромад олиши мумкин?

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Google вице-президенти Каран Бҳатия билан учрашувда Ўзбекистонда YouTube монетизациясини ишга тушириш масаласини муҳокама қилди.

photo_2026-09-23_13-23-40

«Биз сўнгги йилларда шахсга доир маълумотларни қайта ишлаш ва рақамли тўловлар соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштирдик. Бунинг натижасида Ўзбекистонда халқаро тўлов тизимларидан эркин фойдаланиш учун кенг йўл очилмоқда», — деб ёзади Саида Мирзиёева.

YouTube монетизацияси нега ҳозиргача ишламайди?

Бу масаладаги муаммолардан бири шахсга доир маълумотларни сақлаш ва қайта ишлашга қўйилган талаблар билан боғлиқ эди. Аввалги тартибга кўра, Ўзбекистон фуқароларининг айрим шахсга доир маълумотлари мамлакат ҳудудида жойлашган ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган техник воситалар ҳамда маълумотлар базаларида сақланиши керак эди.

1


Бундай талаб халқаро технологик компаниялар учун маълумотларни сақлаш инфратузилмаси билан боғлиқ қўшимча масалаларни юзага келтирган. Яна бир масала — халқаро тўлов инфратузилмаси. YouTube монетизациясидан олинадиган даромадни контент яратувчиларга етказиш учун халқаро тўлов хизматларидан фойдаланиш зарур. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) нинг 2025-йилдаги таҳлилида PayPal ва Stripe каби хизматларнинг Ўзбекистонда тўлиқ ишламаслиги ҳам монетизация ривожига таъсир қилувчи омиллардан бири сифатида кўрсатилган.

Қонунчиликдаги талаблар ўзгарди

2026-йил март ойида «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қонун билан барча шахсий маълумотларни фақат Ўзбекистондаги серверларда сақлаш бўйича мажбурий талаб бекор қилинди.

Юқоридаги талаб фақат биометрик ва генетик маълумотлар, шунингдек, телекоммуникация операторлари абонентларининг маълумотларига нисбатан сақланиб қолган. Қолган шахсий маълумотларга эса белгиланган шартларга риоя қилинган ҳолда хорижда сақлаш ва қайта ишлов беришга рухсат берилди.

Бироқ бу ўзгаришларнинг ўзи YouTube монетизацияси автоматик равишда ишга тушишини англатмайди. Хизматнинг ишга тушиши Google томонидан тегишли қарор ва техник ҳамда тижорий жараёнларга ҳам боғлиқ.

Монетизация очилса, блогерлар қанча даромад олиши мумкин?

Айни вақтда YouTube монетизацияси 108 та давлатда ишга туширилган. Марказий Осиё давлатларидан фақат Қозоғистонда мавжуд. Россия (санкциялар сабаб) ва Хитойда хизмат ёқилмаган.

Ўзбекистонда эса платформанинг катта аудиторияси мавжуд. ИТИМнинг 2025-йилдаги таҳлилига кўра, мамлакатда YouTube’нинг ойлик фаол фойдаланувчилари сони 13 млн атрофида.

YouTube монетизациясининг ишга туширилиши Ўзбекистонда йўлга қўйилиши мамлакат ялпи ички маҳсулотини 0,05–0,1 фоизга ошириши мумкин.

ИТИМ ўз таҳлилида Ўзбекистонда 26 мингдан ортиқ фаол видеоблогер мавжудлигини қайд этиб, уларнинг аудиторияси ҳажмига кўра уч гуруҳга ажратилган:

●     1 минг нафари — 100 мингдан ортиқ обуначига эга йирик блогерлар;
●     5 минг нафари — 10–100 минг обуначига эга ўрта блогерлар;
●     20 минг нафари — 1–10 минг обуначига эга кичик блогерлар.

Агар YouTube’да мингта реклама кўриш учун ўртача CPM 0,8–1,4 доллар деб олинса ва ўзбек контентидаги йиллик умумий кўришлар сони 36 млрдни ташкил этса, реклама даромадининг умумий ҳажми йилига 28,8–50,4 млн доллар бўлиши мумкин.

Бу рақам блогерларнинг қўлига тушадиган соф даромад эмас. Бу — ИТИМ томонидан реклама кўришлари сони ва тахминий CPM асосида ҳисобланган потенциал бозор ҳажми. Амалдаги даромад канал аудиторияси, контент тури, томошабинларнинг қайси давлатлардан экани, реклама талаби ва бошқа омилларга қараб фарқ қилиши мумкин.

Таққослаш учун, АҚШда ҳар мингта кўришлар сони учун ўртача CPM 5–15 доллар, Қозоғистонда эса 0,8–2 доллар атрофида тўланади.

Аввалроқ, Марказий банкнинг Тўлов тизимларини ривожлантириш департаменти раҳбари Жамшид Усмонов Apple Pay ва Google Pay тўлов хизматлари яқин ойларда Ўзбекистонда ишга туширилишини маълум қилганди.

Теглар

Мавзуга оид