Logo

Ўзбекистонга пул ўтказмалари четга юборилганидан 7 баравар кўп бўлди

Бугун 18:403 дақиқа

2026-йилнинг биринчи ярмида чет элдан 9,3 млрд доллар пул ўтказилди, мамлакатдан хорижга юборилган маблағ эса 1,3 млрд долларни ташкил этди. Ўтказмалар 13 фоизга, хорижга юборилган маблағлар эса 8 фоизга ошган.

Ўзбекистонга пул ўтказмалари четга юборилганидан 7 баравар кўп бўлди

2026-йил январ-июн ойларида чет элдан Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга ёки 1,1 млрд долларга ошиб, 9,3 млрд долларни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банкнинг 2026-йил I ярим йиллиги бўйича жисмоний шахсларнинг валюта операциялари шарҳида келтирилган.

Ҳисоб-китобга кўра, шу даврда Ўзбекистондан хорижга юборилган пул ўтказмалари эса 8 фоизга ёки 100 млн долларга кўпайиб, 1,3 млрд долларга етган.

Шундай қилиб, мамлакатга кириб келган ва хорижга чиқиб кетган пул ўтказмалари ўртасидаги фарқ 8 млрд долларни ташкил этди. Яъни Ўзбекистонга келган ҳар 1 доллар пул ўтказмасига хорижга юборилган қарийб 14 цент тўғри келган.

Пул оқимининг асосий сабаби — мигрантлар даромади

Марказий банкка кўра, пул ўтказмалари ўсишига меҳнат мигрантлари ишлаётган анъанавий мамлакатларда ишчи кучига талаб ва иш ҳақларининг нисбатан юқори даражада сақланиб қолгани таъсир кўрсатган.

Бундан ташқари, миллий валюталар курслари йил бошидан буён мўтадил тебранган бўлса-да, умумий ҳисобда мустаҳкамланган. Бу ҳам Ўзбекистонга юборилаётган маблағлар ҳажмининг ошишига таъсир қилган.

Пул оқимларининг географиясида ҳам ўзгариш давом этмоқда. Ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари учун анъанавий йўналишлардан ташқари ривожланган давлатларнинг аҳамияти ортиб бормоқда. Хусусан, йилнинг дастлабки олти ойида Буюк Британиядан Ўзбекистонга юборилган маблағлар ҳажми 62 фоизга ошган. Европа Иттифоқи мамлакатларидан келган пул ўтказмалари 27 фоизга кўпайган.

ЕИ мамлакатлари ичида Ирландиядан ўтказмалар 86 фоизга, Литвадан 18 фоизга, Нидерландиядан эса 7 фоизга ошган. АҚШдан келиб тушган пул ўтказмалари ҳажми ҳам 19 фоизга кўпайган. Бу кўрсаткичлар ташқи меҳнат миграцияси географияси аста-секин диверсификацияланаётганини кўрсатади.

Пулнинг ярмидан кўпи P2P орқали келмоқда

Пул ўтказмаларининг қандай каналлар орқали амалга оширилаётганида ҳам сезиларли ўзгариш кузатилган.

2026-йилнинг январ-июн ойларида Ўзбекистонга келиб тушган 9,3 млрд долларнинг:

●     4,3 млрд доллари ёки 46,7 фоизи анъанавий халқаро пул ўтказма тизимлари орқали келган;

●     4,8 млрд доллари ёки 51,7 фоизи хориждан жисмоний шахсларнинг банк карталарига тўғридан-тўғри P2P ўтказмалари орқали тушган;

●     142 млн доллари ёки 1,6 фоизи SWIFT банк ўтказмалари орқали амалга оширилган.

Энг тез ўсаётган канал айнан P2P бўлган. Бир йил ичида ушбу йўналиш орқали келган маблағлар ҳажми 32 фоизга ошган.

Аксинча, анъанавий халқаро пул ўтказма тизимлари орқали келган маблағлар атиги 0,3 фоизга кўпайган. SWIFT орқали амалга оширилган ўтказмалар эса 43 фоизга камайган.

Марказий банк P2P ўтказмалар улушининг ортишини рақамли тўлов хизматларининг оммалашуви, маблағларни тезкор юбориш имконияти ва транзакция харажатларининг нисбатан пастлиги билан изоҳлаган.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2025-йил I чорагида мобил ўтказма халқаро пул ўтказмасини молиялаштиришнинг энг арзон усули бўлган ва унинг ўртача харажати 3,6 фоизни ташкил қилган.

Ўзбекистондан хорижга 1,3 млрд доллар юборилди

Ҳисобот даврида Ўзбекистондан чет элга юборилган пул ўтказмалари ҳам ошган. Январ-июн ойларида мамлакатдан хорижга 1,3 млрд доллар юборилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8 фоиз ёки 100 млн долларга кўп.

Бироқ чиқиб кетган маблағлар ҳажми мамлакатга келган пул ўтказмаларидан анча паст бўлиб қолмоқда. 9,3 млрд долларлик тушумга нисбатан 1,3 млрд долларлик чиқим ҳисобга олинса, Ўзбекистоннинг жисмоний шахслар пул ўтказмалари бўйича соф оқими тахминан 8 млрд долларни ташкил этган.

Ўзбекистон глобал пул оқимининг бир қисми

Марказий банк шарҳида халқаро пул ўтказмалари ривожланаётган мамлакатлар учун муҳим ташқи молиялаштириш манбаларидан бирига айланаётгани ҳам қайд этилган.

БМТ маълумотларига кўра, 2025-йилда халқаро мигрантларнинг катта қисми юқори даромадли мамлакатларда жамланган. Сўнгги ўн йил ичида паст ва ўрта даромадли мамлакатларга юборилган халқаро пул ўтказмалари ҳажми 5,5 трлн доллардан ошган.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2022-йилдан бошлаб ривожланаётган мамлакатларга келаётган халқаро пул ўтказмалари ҳажми тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миқдоридан ҳам ошган.

Ҳиндистон эса 2025-йилда 151 млрд доллар пул ўтказмасини қабул қилиб, дунёдаги энг йирик маблағ олувчи мамлакат бўлиб қолган. Ундан кейинги ўринларда Мексика, Филиппин, Миср, Покистон ва Бангладеш туради.

Теглар

Мавзуга оид