Ўзбекистонликлар учун АҚШда ишлашнинг янги йўли очилади

Бугун 18:403 дақиқа

«Head Honchos LLC» билан ҳамкорлик доирасида ўзбекистонликларни АҚШ қишлоқ хўжалигига жалб қилиш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистонликлар учун АҚШда ишлашнинг янги йўли очилади © istockphoto

Ўзбекистоннинг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Фурқат Сидиқовнинг АҚШнинг «Head Honchos LLC» рекрутинг компанияси директори Тодд Миллер билан учрашувида «H-2А» дастури доирасида Ўзбекистон фуқароларини АҚШ қишлоқ хўжалиги соҳасига жалб этиш бўйича узоқ муддатли ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга эришилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Музокаралар давомида томонлар уюшган меҳнат миграцияси соҳасида, жумладан, «H-2А» мавсумий қишлоқ хўжалиги бандлиги дастури доирасидаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилган.

Ўзбекистонликларга дастурда қатнашишга рухсат берилди

Тодд Миллер Ўзбекистон элчихонасининг саъй-ҳаракатлари туфайли республика фуқаролари ушбу дастурда иштирок этишига рухсат берилган мамлакатлар рўйхатига киритилганини юқори баҳолаган. Унинг сўзларига кўра, бу қарор Америкадаги рекрутинг компаниялари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларида катта қизиқиш уйғотиб, хорижий ишчи кучини жалб этиш соҳасида амалий ҳамкорликнинг янги босқичини очиб берган.

Америка томони АҚШнинг аграр секторида ички ресурслар чекланган шароитда ишчи кучига бўлган барқарор юқори талаб сақланиб қолаётганини қайд этди. Шу муносабат билан хорижлик ишчиларни жалб қилиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

image_2026-05-03_18-36-35

Foto: Dunyo

«Head Honchos LLC» раҳбарияти Ўзбекистон фуқароларига истиқболли ва ишончли кадрлар манбаи сифатида қизиқиш билдирди. Тодд Миллер шахсий ҳамкорлик тажрибасига таяниб, уларнинг меҳнатсеварлиги, интизомлилиги, масъулиятлилиги ва иш жараёнига юқори даражада жалб этилганини алоҳида эътироф этди.

Ўзбекистонликларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

Учрашувда Ўзбекистоннинг меҳнат миграцияси соҳасидаги давлат сиёсатига алоҳида тўхталиб ўтилди. Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда хорижда хавфсиз ва қонуний бандликни таъминлаш устувор вазифа экани таъкидланди. Бу борада Ўзбекистон Миграция агентлигининг имкониятлари тизимли ҳамкорлик учун асос сифатида ижобий баҳоланди.

Музокаралар якунлари бўйича бир қатор келишувларга, жумладан, «H-2А» дастури доирасида Ўзбекистон фуқароларини АҚШ қишлоқ хўжалиги соҳасига жалб этиш бўйича узоқ муддатли ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга эришилди. Компания номзодларни танлаш ва текширишдан тортиб, ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда ишга жойлаштиришгача бўлган ёллаш жараёнларини халқаро стандартларга мувофиқ амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари учун инглиз тилини, меҳнат қонунчилиги асосларини, меҳнат маданияти ва қишлоқ хўжалиги кўникмаларини ўргатишни ўз ичига олган қисқа муддатли комплекс тайёрлов дастурларини жорий этиш тўғрисида келишиб олинди.

2000-йилда ташкил этилган ва Техас штатининг Сан-Антонио шаҳрида жойлашган «Head Honchos LLC» АҚШ қишлоқ хўжалиги ва бошқа меҳнат талаб тармоқларига хорижий ишчи кучини жалб қилишга ихтисослашган етакчи рекрутинг ташкилотларидан бири ҳисобланади. Компания ҳар йили уч мингдан ортиқ хорижий фуқаронинг мавсумий ишларга жойлашишига кўмаклашади ва мамлакат бўйлаб 400 га яқин фермер хўжалиги билан барқарор ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди.

Олдинги келишув

Ўзбекистон Миграция агентлиги ва АҚШнинг «USA Farm Labor» ташкилоти ўртасида имзоланган келишувга кўра, Ўзбекистон фуқаролари Америкада қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мавсумий ишларга жалб қилинишига келишилганди.

Агентликка кўра, ишлаш даври 9-10 ой давом этади. Ўртача ойлик 3 500 долларни ташкил қилиб, ишчилар иш берувчи ҳисобидан турар жой билан таъминланади. Номзодларни танлашда малакали мутахассисларга устуворлик берилади.

Теглар

Мавзуга оид