Logo

«Perfectum»ни сотиб олишга берилган рухсат, фойда кўришни бошлаган «Ўзбекнефтгаз» ва таълим вазирининг янги ўринбосарлари — 20 октябр дайжести

Кеча 23:003 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

«Perfectum»ни сотиб олишга берилган рухсат, фойда кўришни бошлаган «Ўзбекнефтгаз» ва таълим вазирининг янги ўринбосарлари — 20 октябр дайжести

Эркинжон Турдимовга уч нафар ўринбосар тайинланди

20 октябрь куни Президент қарори билан Таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимовга уч нафар янги ўринбосар тайинланди. Хусусан, шу вақтга қадар «PwC Uzbekistan» компаниясининг давлат сектори ва консалтинг амалиёти директори сифатида фаолият юритган Ойбек Йўлдошев вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллади.

Шунингдек, Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази бошқарма бошлиғи вазифасида ишлаб келган Меҳринисо Пардаева ҳамда Беларусь–Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институти ижрочи директори бўлиб ишлаган Санжар Мирзалиев вазир ўринбосарлари этиб тайинланди.

Ўз номига кредит олишни тақиқлаганлар сони 3 миллионга яқинлашди

Ўзбекистонда 2026 йилнинг 1 октябрь ҳолатига ўз номига кредит олишни тақиқлаш хизматидан фойдаланганлар сони 2 миллион 841 мингдан ошиб, 3 миллионга яқинлашди. Сўнгги уч ой ичида ушбу чекловни ўрнатганлар сони 267 мингдан зиёдга (10,4 фоизга) кўпайган бўлиб, жами фойдаланувчиларнинг 1,6 миллиондан ортиғини эркаклар ва 1,1 миллиондан зиёдини аёллар ташкил этади.

Мазкур бепул хизмат фуқароларнинг хабари ва иштирокисиз кредит ёки микроқарзлар расмийлаштириш билан боғлиқ фирибгарликларнинг олдини олиш мақсадида 2025 йил июнь ойида ишга туширилган. Тақиқни Кредит-ахборот таҳлилий маркази (КАТМ) иловаси ва сайти, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Давлат хизматлари марказлари орқали исталган вақтда ўрнатиш ёки бекор қилиш мумкин.

«Ўзбекнефтгаз» нефт базалар илк бор соф фойдага чиққанини маълум қилди

«Ўзбекнефтгаз» тизимидаги нефть базалари 2026 йилнинг дастлабки 9 ойи якунларига кўра, ўз тарихида илк бор соф фойда билан ишлади. Ўтган йилнинг мос даврида 108,3 миллиард сўмлик зарар кўрилган бўлса, жорий йилда 13 та нефть базаси умумий ҳисобда 25,2 миллиард сўм соф фойда қайд этган. Ушбу даврда базалар орқали 191 минг тонна маҳсулот етказиб берилиб (ўтган йилга нисбатан 1,7 баравар кўп), АЁҚШлардаги кунлик савдо ҳажми қарийб беш бараварга ўсди ва 1 миллион 237 минг литрга етди.

Ушбу ижобий молиявий натижаларга тармоқда олиб борилган модернизация ишлари, жумладан, 121 та шохобчанинг замонавий АЁҚШга айлантирилиши ҳамда дебитор ва кредитор қарздорликларнинг кескин қисқартирилиши ҳисобига эришилди. Шунингдек, тизимда инсон омилини камайтириш ва коррупциявий хавфларни чеклаш мақсадида 60 та АЁҚШ видеокузатув тизими билан таъминланиб, рақамлаштириш ва марказий вазиятлар марказига интеграция қилиш ишлари жадал давом эттирилмоқда.

Рақобат қўмитаси VEON’нинг Perfectum’ни сотиб олиш битимига рухсат берди

Рақобат қўмитаси «VEON UZB Holding Ltd» (Ўзбекистондаги Beeline бренди эгаси) компаниясига «Perfectum» савдо белгиси остида фаолият юритувчи «Rubicon Wireless Communication» АЖнинг 100 фоиз акцияларини сотиб олишга расман рухсат берди. Умумий қиймати қарийб 207 миллион долларга баҳоланаётган мазкур битим телекоммуникация бозорида соғлом рақобатни таъминлаш ва абонентлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган еттита қатъий шарт асосида маъқулланди.

Қўмита талабларига кўра, «Perfectum» камида уч йил давомида мустақил оператор сифатида фаолият юритиши, 5G Standalone технологиясини кенгайтириши ва амалдаги абонентлар учун 5G FWA тарифларини бир йилгача ўзгаришсиз қолдириши лозим. Шунингдек, интернетнинг ўртача тезлигини 300 Мбит/с дан туширмаслик, мижозларни бошқа хизматларга мажбурламаслик ва уларнинг шахсий маълумотлари хавфсизлигини таъминлаш каби муҳим мажбуриятлар белгиланган.

Теглар

Мавзуга оид