Logo

Президент маҳаллалардаги сусткашликни танқид қилди: 152 нафар раҳбар ишдан олинган

Видеоселектор йиғилишида Президент аҳоли бандлигини таъминлаш, мурожаатлар билан ишлаш ва «Ташаббусли бюджет» лойиҳаларини амалга оширишдаги жиддий камчиликларни кўрсатиб ўтди.

Президент маҳаллалардаги сусткашликни танқид қилди: 152 нафар раҳбар ишдан олинган © Foto: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларда янги бошқарув муҳитини шакллантириш ва «маҳалла еттилиги» фаолиятини тубдан такомиллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Унда маҳаллаларда аҳоли бандлиги, мурожаатлар билан ишлаш, камбағалликни қисқартириш ва маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш борасидаги камчиликлар танқидий таҳлил қилинди.

Қайд этилишича, жорий йилда Халқ қабулхоналарига 87 та маҳалланинг ҳар биридан 200 тадан ортиқ мурожаат келиб тушган. Президент бу ҳолатни айрим маҳалла раислари ҳудудни ривожлантириш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқмаётгани, бўш ерлар ва бинолардан иқтисодий фойдаланиш имкониятларини изламаётгани билан изоҳлаган.

Шунингдек, «Ташаббусли бюджет» дастури доирасида 7,5 триллион сўм ажратилган бўлса-да, 2 минг 136 та маҳаллада бирорта ҳам лойиҳа ғолиб бўлмагани қайд этилган.

Бандликда камчиликлар

Айрим туманларда амалга оширилаётган лойиҳаларда камбағал оилалар иштироки 15 фоизга ҳам етмаётгани айтилган. Қораўзак, Марҳамат, Миришкор, Нуробод ва Термиз туманлари мисолида бу борадаги сусткашликлар кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, 960 та эҳтиёжманд оила яшайдиган 32 та маҳаллада бирорта ҳам фуқаро доимий ишга жойлаштирилмаган.

152 раҳбар ишдан олинди

Президент маҳаллаларда иш самарадорлиги паст бўлгани учун йил бошидан 152 нафар раҳбар лавозимидан озод этилганини билдирди. Яна 700 нафар масъулга нисбатан интизомий чоралар қўлланилган.

Йиғилишда солиқ тушумлари, жиноятчиликни қисқартириш ва аҳоли муаммоларини ҳал этиш бўйича ҳам мутасаддиларга саволлар берилган. Давлат раҳбари маҳалла одамлар учун ҳақиқий «ишонч, таянч ва имкониятлар маркази»га айланиши лозимлигини таъкидлаган.

Теглар

Мавзуга оид