
Президент қишда аҳоли учун электрни узлуксиз етказиб беришни топширди
Экологик барқарорлик ва қиш мавсумига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда қиш мавсумида энергия ресурслари аҳолига узлуксиз етказиб берилиши шарт. Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 1 декабр куни бўлиб ўтган йиғилишда шундай кўрсатма берди.
Йиғилишда Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича махсус комиссиянинг ҳисоботи тингланди.
Таъкидланганидек, охирги кунларда мамлакат ҳудуди бўйлаб совуқ антициклон таъсири кучайиб бормоқда. Натижада ҳаво босими ошиб, ҳарорат пасаймоқда, инверсия ҳодисалари кучаймоқда. Бундай шароитда ҳаводаги майда заррачалар юқорига кўтарилмай, пастки қатламларда тўпланиб қолмоқда. Метеорологик шароитлар туфайли ҳавонинг табиий тозаланиш суръати секинлашмоқда.
Сўнгги кунларда ҳавони ифлослантираётган манбаларни аниқлаш ва уларнинг фаолиятига чек қўйиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ахборот берилди. Иссиқхоналар, қурилиш майдонлари, автотранспорт воситалари ва ноқонуний фаолият юритувчи объектлар юзасидан ўтказилган текширувлар, шаҳар бўйлаб кўчаларни намлаш, ариқларни тозалаш, фаввораларни ишга тушириш каби барқарорлаштириш тадбирлари шулар жумласидан. Кучайтирилган тартибда рейдлар ва профилактика ишлари олиб борилмоқда.
Президент мазкур чораларни нафақат пойтахтда, балки ҳудудларда ҳам тизимли давом эттириш, аниқланган қонунбузарликларни тезкор бартараф этиш, ҳавога таъсир кўрсатувчи барча омилларни қатъий назорат остига олишни топширди.
Маиший чиқиндилардан электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича 933 миллион долларлик лойиҳалар 6 та ҳудудда – Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида бошланган, аммо бошқа вилоятларда бу борада жиддий ҳаракат кузатилмаяпти. Бошланган лойиҳаларда ҳам инвесторларни инфратузилма – йўл, электр, сув билан таъминлаш ишлари талаб даражасида эмас.
Вилоятлар ҳокимликлари ва Экология миллий қўмитасига камчиликларни бартараф этиб, келгуси йилда қолган ҳудудларда ҳам шундай лойиҳаларни бошлаш топширилди.
2030 йилгача маиший чиқинди полигонларини 50 фоизга қисқартириш белгиланган. Сўнгги йилларда 47 та полигон фаолияти тугатилиб, рекультивация қилинди, натижада 243 гектар ер табиатга қайтарилди. Лекин ҳозирда ишлаётган 132 та полигоннинг аксариятида ҳалигача ҳимоя деворлари, “яшил белбоғ”, сув таъминоти ва экологик хавфсизлик иншоотлари ташкил этилмагани кўрсатиб ўтилди.
«Бу атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатяпти ва аҳоли эътирозларига сабаб бўляпти. Шу боис, маиший чиқинди полигонларини экологик хавфсиз ҳудудга айлантириш зарур. Биринчи навбатда, одамларнинг соҳадан розилигига эришишимиз керак. Бу масалага фақат чиқиндини бошқариш эмас, балки саноат, энергетика, экологик маданият билан узвий боғлиқ йўналиш сифатида ёндашиш лозим», – деган давлат раҳбари.
Мутасаддиларга рекултивация қилинган 47 та полигон ерини қайта фойдаланишга киритиб, уларда “яшил майдон”лар барпо қилиш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш кераклиги кўрсатиб ўтилди. Мавжуд полигонларнинг барчаси атрофида “яшил белбоғ” яратиш, дарахт ва кўчат экиш ишларини полигонларнинг ярмида баҳор мавсумида, қолган ярмида куз мавсумида якунлаш вазифаси қўйилди.
2026 йилдан бу ишларга республика бюджетидан ҳар йили камида 150 миллиард сўм ажратиб борилиши белгиланди.
Охирги икки йилда авваллари қайта ишланмаган саноат ва хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси 4,5 фоизга олиб чиқилди. Мазкур кўрсаткич камлиги қайд этилиб, саноат ва хавфли чиқиндилар ҳосил бўлаётган ва сақланаётган жойларни хатловдан ўтказиб, уларни қайта ишлаш ҳамда утилизация қилиш бўйича камида 1 тадан лойиҳани бошлаш зарурлиги таъкидланди. Хавфли чиқиндиларни назорат қилиш бўйича ягона ахборот-мониторинг платформасини ишга тушириш топширилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, имтиёзли шартларда суюлтирилган газ етказиб беришда камчиликлар сақланиб қолмоқда, талон-торож ҳолатлари учрамоқда. “Ҳудудгазтаъминот” тизимига бу ҳолатларга чек қўйиш, ҳудудма-ҳудуд юриб, аҳолининг муаммоларини ҳал этиш топширилди. Эскирган электр тармоқлари ва ортиқча юкламада ишлаётган трансформаторларни хатловдан ўтказиб, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, 1800 километр электр тармоқларида таъмирлаш ишлари сифатсиз бажарилгани аниқланган. Бош прокуратурага мазкур ҳолатларни ўрганиш ва қонун устуворлигини таъминлаш, “Энергоинспекция”га эса назорат ишларини янгича ёндашув асосида ташкил қилиб, фавқулодда тартибда ишлашга ўтиш топширилди.
Қиш мавсумида энергия ресурслари аҳолига узлуксиз етказиб берилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.





