Президент темирйўлларда хизмат сифатини яхшилаш бўйича топшириқ берди

Унинг айтишича, йирик компаниялар ҳам, кичик тадбиркорлар ҳам ишлаб чиқариш ва экспортни ошириш учун темирйўл инфратузилмасини яхшилашни сўраяпти.

Президент темирйўлларда хизмат сифатини яхшилаш бўйича топшириқ берди © Фото: t.me/Press_Secretary_Uz

Энди давлат корхоналари муҳандислари импортдан арзонроқ маҳаллий маҳсулот яратса, тежалган маблағнинг 20 фоизи уларга мукофот қилиб берилади. Бу ҳақда бугун, 13 феврал куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида ўтказилган тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.

Маҳаллий улушни кўпайтириш керак

2025 йили халқаро молия институтлари иштирокидаги 2,5 миллиард долларлик шартномаларда маҳаллий компанияларнинг улуши бор-йўғи 15 фоизни ташкил қилган. Ёки давлат харидларида маҳаллий маҳсулотлар улуши 68 фоизга етган бўлса, Олмалиқ комбинати, «Ўзтрансгаз», «Миллий электр тармоқлари», «Uzbekistan Airports» ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари»да 40 фоизга ҳам етмайди.

Тадбиркорлар «давлат хариди, экспертиза, сертификат олишда бюрократия кўп, идорама-идора юриш керак» деб айтаётгани, айрим вазирлар ва тармоқ раҳбарлари «чет элники сифатлироқ» деган эскича фикрда юриб, маҳаллий тадбиркорларга йўл бермаётгани кўрсатиб ўтилди.

Бу тизимни тубдан ислоҳ қилиш, маҳаллий корхоналарни халқаро молия институтлари лойиҳалари ва давлат харидларидаги иштирокини кенгайтириш мақсадида Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги ташкил этилди. Энди вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар ҳар бир лойиҳадаги музокара, тендер, қурилиш, хомашё топишни барча босқичида маҳаллий улушни кўпайтиришга шахсан жавоб бериши қайд этилди.

Импортдан арзонроқ маҳаллий маҳсулот яратган муҳандислар мукофотланади

Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги қайси корхона нима чиқараётгани, қуввати, техник параметри, сертификати кўриниб турадиган платформани ишга туширади. Тармоқ раҳбарлари ва ҳудудий саноат штаблари ҳар бир корхона маҳсулотини номма-ном, техник хусусияти билан ушбу платформага киритади. Янги платформада маҳаллий маҳсулот бўла туриб, импорт товар сотиб олган давлат ташкилотларида харидларнинг асосли эканлиги ўрганиб борилади. Давлат компаниялари импорт қилаётган товар, уларнинг ҳажми ва техник параметрлари тўғрисидаги маълумотлар ҳар ойда ушбу порталда эълон қилиб борилади.

Тармоқ раҳбарларига импорт хомашё ва бутловчи қисмларни ўзимизда ишлаб чиқариш имкониятини чуқур ўрганиш учун маҳаллий ва хорижий консултантларни жалб қилиш топширилди. Халқаро молия ташкилотлари билан музокара ўтказиб, лойиҳаларда маҳаллий маҳсулотлар улушини камида 25-30 фоизга олиб чиқиш бўйича келишувга эришиш муҳимлиги қайд этилди.

Маҳаллий маҳсулотларни кўпайтириш учун ташкил қилинадиган алоҳида жамғарма ҳисобидан маҳаллийлаштириш лойиҳаларига 10 йилгача хорижий валютада 6 фоизли, миллий валютада 12 фоиз кредит ажратилади. Тадбиркорларга илғор технологиялар трансфери учун 1 миллион долларгача, саноат стартаплари учун 1 миллиард сўмгача компенсация беради. Энди давлат корхоналари муҳандислари импортдан арзонроқ маҳаллий маҳсулот яратса, тежалган маблағнинг 20 фоизи уларга мукофот қилиб берилади.
Темирйўлда хизмат сифатини яхшилаш топширилди

Иқтисодиёт юқори суръатда ўсиши учун транспорт-логистика тизими ҳам шунга мос бўлиши керак. Ўтган йили жами транспорт хизматларидаги 11 фоиз ўсиш асосан автотранспорт ва ҳаво транспорти ҳисобидан таъминланди. Лекин темирйўлда юк айланмаси бор-йўғи 3,3 фоиз ошган. Оддий мисол, темирйўлда юк ташишга бошқа давлатларга нисбатан 3-4 баробар кўп вақт сарфланмоқда. Оқибатда умумий юк ташувларда темирйўлнинг улуши 7 фоизга ҳам етмайди. Йирик компаниялар ҳам, кичик тадбиркорлар ҳам ишлаб чиқариш ва экспортни ошириш учун темирйўл инфратузилмасини яхшилашни сўраяпти.

Мутасаддиларга темирйўллар соҳасида носоҳавий активлар, операцион харажатларни қисқартириб, тежалган маблағни хизмат сифатини яхшилашга йўналтириш топширилди. Темирйўлда йўловчи ва юк ташиш ҳажмини бу йил камида 10 фоизга ошириш юзасидан асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Янги маҳсулотлар билан янги бозорларга кириб бориш

«Такрор айтаман: ички бозордаги талабни ўзи билан юқори иқтисодий ўсишни таъминлаб бўлмайди. Шу боис, бу йил вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларнинг асосий вазифаси янги маҳсулотлар билан янги бозорларга кириб бориш бўлади», – деди Президент.

Ўтган йили экспорт 22 фоизга ўсиб, 24 миллиард долларга етди. Лекин ҳали кўп раҳбарлар экспортда эскича иш услубидан воз кеча олмаётгани кўрсатиб ўтилди. Тўқимачилик маҳсулотларимиз 76 та давлат бозорига кириб борган. Лекин экспортнинг 80 фоизи 6 та давлатга тўғри келади.

Тармоқ раҳбарларига бу йил соҳада кескин ўзгариш қилиб, ишлаб чиқаришни камида 15 фоизга ошириш, Европа, АҚШ ва бошқа қиммат бозорларга кириб бориб, экспортни 150 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Эндиликда пилла кооперативи тузиш учун эҳтиёжманд оилаларга 4 миллион сўмдан субсидия ажратилади. Уйида пилла етиштирадиган эҳтиёжманд оилаларга хонани жиҳозлаш ва ускуна учун 20 миллион сўмгача фоизсиз ссуда берилади. Пилла етиштирувчиларга ҳар бир килограмм пилла ҳосили учун кластерлар тўлайдиган 40 минг сўмга қўшимча 15 минг сўмдан субсидия берилади, уруғчилик корхоналари жалб қилган мавсумий ишчилар ойлигининг ярми компенсация қилинади.

Эндиликда тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлардан экспортда фақат ҳажм бўйича эмас, балки янги маҳсулот ва янги бозорлар бўйича ҳам сўров бўлиши айтилди. Ҳокимлар, уларнинг инвестиция бўйича ўринбосарлари элчилар билан доимий ҳамкорлик қилиб, қаерда маҳсулотга қанча эҳтиёж бор, бу бозорларга кириш учун нима талаб этилишини ўрганиши, ишни шунга мослаб ташкил қилиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

2026 йилда Тунис, Марокаш, Сенегал, Ироқ, Австралия, Португалия, Греция ва Нордик давлатларда «Made in Uzbekistan» кўргазмаларини ўтказиш муҳимлиги қайд этилди. «100 та маҳсулот акселератори» дастурини бошлаб, Африка, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё давлатларига экспортни йилига камида 25 фоизга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Президент: Гўштда импортга қарамликни қисқартириш учун озуқа масаласини ҳал қилиш керак

Январ ойида йиллик инфляция даражаси 7,2 фоизни ташкил этди. Инфляциянинг 45 фоизи озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса, 13 фоизи гўшт ҳисобидан бўлган. Гўштда импортга қарамликни қисқартириш учун озуқа масаласини ҳал қилиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Муборак туманида 5 минг гектар ер фойдаланишга киритилиб, маккажўхори экиш бошланаётгани барча учун намуна экани қайд этилди. Шу боис, бу йил қўшимча 60 минг гектарда бу ишларни ташкил қилиш топширилди. Бу қўшимча 350 минг чорва учун кафолатланган озуқа базаси бўлади.

Майда шохли қорамол наслини яхшилаш учун ўтган йил Мўғулистондан 100 минг қўй ва эчки олиб келинди. Бу йил ҳам мазкур ишлар давом эттирилиши белгиланди.

Ўтган йил 772 минг тонна картошка импорт қилинди. Жорий йилда мутасаддилар, ҳокимлар 4,5 миллион тонна картошка ҳосили олиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Теглар

Мавзуга оид

Президент темирйўлларда хизмат сифатини яхшилаш бўйича топшириқ берди | Vaqt.uz