Logo

Прокурор «Сирожиддин Медиа»га 6 йил қамоқ жазоси сўради

Бугун 15:542 дақиқа

Блогерга оид суд ишининг 11 август куни давом этган навбатдаги мажлисида давлат айбловчиси судланувчига 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланишини сўради. Бу ҳақда суд мажлисида қатнашган «Вақт.уз» мухбири хабар берди.

Прокурор «Сирожиддин Медиа»га 6 йил қамоқ жазоси сўради

4 август куни ЖИБ Жиззах шаҳар судида блогер Сирожиддин Одиловга оид жиноят ишида суд тергови якунланиб, музокарага ўтилганди. 11 август куни давом этган музокарада дастлаб прокурор Нодир Жафаров нутқ қилди. Давлат айбловчиси судланувчи Сирожиддин Одиловни Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «а» банди (такроран содир этилган товламачилик) ҳамда 168-моддаси 3-қисми «б» ва «в» бандларида (такроран, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилган фирибгарлик) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиб, унга нисбатан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланишини сўради. Шунингдек, судланувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида жарима жазосини сўради.

Шундан кейин адвокатлар музокара нутқини бошлади.

Сирожиддин Медиа ким?

Сирожиддин Одилов YouTube’даги Сirojiddin Media канали орқали танилган блогер. У ижтимоий тармоқларда турли мавзулардаги видеолар ва чиқишлари билан аудитория тўплаган.

Одиловга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақидаги илк расмий хабар 2026 йил 11 март куни тарқалган. Ўша пайтда Самарқанд вилояти ИИБ маълумотига кўра, Паст Дарғом туманида яшовчи фуқаро блогер устидан шикоят қилган.

Фуқаро 2024 йил августида Сирожиддин Одиловга бошқа шахс билан ўртасидаги молиявий масалани ҳал қилиб беришни сўраб мурожаат қилган. ИИБ маълумотида Одилов ваколатли шахс бўлмаса-да, масалани ҳал қилиб беришни ваъда қилгани ва бунинг эвазига пул олгани, кейинчалик ваъдасини бажармагани айтилган.

Шундан сўнг Одиловга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми (фирибгарлик) ҳамда 211-моддаси (пора бериш) билан боғлиқ жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинган. Унга қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Аммо иш судга етиб келгач, судда кўрилаётган айбловлар бошқа моддалар билан кўрсатилган.

У нимада айбланмоқда?

20 июль куни Жиззах шаҳар жиноят ишлари бўйича судида Сирожиддин Одиловга оид иш бўйича биринчи суд мажлиси бошланди.

Судда блогер Жиноят кодексининг:

— 165-моддаси 2-қисми «а» банди — такроран содир этилган товламачилик;

— 168-моддаси 3-қисми «б» ва «в» бандлари — такроран, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилган фирибгарлик билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбланаётгани қайд этилган.

Одилов мазкур айбловларни рад этган. У суд бошланишидан аввал ОАВга ўзига қўйилаётган айбловларни «туҳмат» деб ҳисоблашини билдирган.

Теглар

Мавзуга оид

Прокурор «Сирожиддин Медиа»га 6 йил қамоқ жазоси сўради | Vaqt.uz