add

Путинни Донбассдаги урушни давом эттиришга чоғлантираётган алоҳида сабаб бор — The Times

Кеча 16:4526274 дақиқа

Кенг кўламли урушдан мақсад — фақатгина янги ҳудудларни эгаллаб олиш эмас, деб ёзади нашр.

Путинни Донбассдаги урушни давом эттиришга чоғлантираётган алоҳида сабаб бор — The Times

РФ президенти Владимир Путин 2014 йили Украина ҳудудига илк бор қўшин киритганидан кейин, ортидан саккиз йил ўтиб, қўшни давлатга тўлақонли босқин бошланди. Ундан энг кўп азият чеккан ҳудуд — Донбасс. Минтақадаги кўплаб шаҳар ва посёлкалар вайрон бўлган. Украина президенти Володимир Зеленский маълумотига кўра, биргина порт шаҳар бўлмиш Мариуполда Россия бомбардимонлари оқибатида камида 20 минг нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган.

The Times нашрининг ёзишича, шунча вақтдан буён тутқич бермаётган тинчлик келишувига эришиш умидида АҚШ президенти Доналд Трамп Киевга босим ўтказмоқда — унинг режасига кўра, Москвага бутун Донбассни топшириш ва шу йўл билан Рождествога қадар оташкесимга эришиш кўзда тутилган.

Бу орада Кремл Украина ўз қўшинларини Донецк областидаги мустаҳкамланган шаҳарлар — Краматорск ва Словянскдан олиб чиқмагунча жанглар тўхтамаслигини таъкидламоқда.

 

Россияга ён беришни ҳарбийлар қабул қилмаслиги мумкин

Агар Володимир Зеленский Россияга ҳудудларни топширишни хоҳласа ҳам, Украина Конституцияси бундай қарорни фақат умуммиллий референдумдан кейин амалга оширишни талаб қилади. The Timesʼнинг ёзишича, уруш шароитида бундай референдум ўтказиш жуда қийин, ҳатто имконсиз ҳисобланади. Бироқ агар Киев босиб олинган ҳудудлар устидан Россия ҳокимиятини расман тан олмасдан, ўз қўшинларини Донбассдан олиб чиқиб кетса, референдумга эҳтиёж бўлмасди, деб ёзади нашр.

Бироқ «Тирик қайт» фондининг етакчи таҳлилчиси Микола Белесков фикрига кўра, агар Донбассдан чиқиш буйруғи берилса, ҳарбийларнинг бир қисми унга бўйсунмаслиги мумкин. Бу эса миллий бирлик учун кутилмаган оқибатларга олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.

«Украиналикларни асоссиз имтиёзларга мажбурлаш — айниқса тупроғи учун 11 йилдан ортиқ жанг қилаётганлар учун миллий ҳақорат сифатида қабул қилиниши мумкин», — деди у.

Россия армияси ҳозирда Луҳанск областининг деярли барчаси ва Донецкнинг 80 фоизидан ортиғини назорат қилмоқда. Путин эса агар Украина таслим бўлмаса, бутун Донбассни эгаллашини даъво қилмоқда. Лекин Белесков таъкидлашича, Краматорск ва Словянск учун бўладиган жанглар Москва учун ўн минглаб қурбонликлар эвазига юз бюради.

«Ҳатто алал-оқибатда ҳудуд бой берадиган бўлсангиз ҳам, душманни катта тўлов тўлашга мажбур қилиш яхшироқ — унга навбатдаги ҳужумлар учун шарт-шароит яратгандан кўра. Жангсиз чекиниш сиёсий жиҳатдан оғир ва ҳарбий жиҳатдан хавфли», — дея урғулади Белесков.

Унинг сўзларига кўра, ҳатто агар Украина Донбассдан воз кечадиган бўлса ҳам, Кремл урушни тўхтатмаслиги эҳтимоли катта.

«Россия нуқтайи назарига кўра, (АҚШ томонидан қўллаб-қувватлаётган) бу режаларнинг барчаси — чинакам тинчлик келишуви эмас, балки Украинани ички бўлинишлар яратиш ва ундан кейинги музокаралар чоғида янада мустаҳкамроқ позицияларга эга бўлиш учун ҳужумларни давом эттириш йўлида фойдаланиш», — деди Белесков.

 

Украинага босим ва Киевнинг позицияси

Зеленский бу ҳафта Даунинг-стритда бўлиб ўтган учрашувда Европадаги иттифоқчилардан қўллаб-қувватлов олганига қарамай, унинг сиёсий позицияси сезиларли заифлашди. Бу, хусусан, ўтган ойда коррупция можароси ортидан истеъфога чиққан Андрий Ермак — мамлакатда президентдан кейинги энг таъсирли шахс ҳисобланган маслаҳатчининг кетиши билан боғлиқ, деб ёзади нашр.

Гарчи Ермакнинг истеъфоси Зеленский учун жиддий зарба бўлган бўлса-да, бу ҳолат АҚШ билан олиб борилаётган музокараларга жиддий таъсир қилгани аломатлари ҳозирча кўзга ташланмаяпти.

«Кўпчилик Ермакнинг реал сиёсий таъсири аввалроқ ортиқча баҳолаб юборилганини тобора англаб бормоқда», — деб ёзди Украина президенти маъмуриятига яқин сиёсатшунос Володимир Фесенко.

АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган режада, шунингдек, Украинада 100 кун ичида президентлик сайловларини ўтказиш назарда тутилган эди. Зеленскийнинг биринчи муддати ўтган йили тугаши керак эди, аммо уруш туфайли жорий қилинган ҳарбий ҳолат сабаб сайловлар қолдирилди. Шу боис Politico нашрига берган интервюсида Доналд Трамп Украина «энди демократик давлат эмас», деган баёнот берди.

Зеленский эса «ҳокимиятга ёпишиб олган» деган айбловларни рад этди ва агар Европа ва АҚШ хавфсизликни таъминлашга ёрдам берса, мамлакат 60–90 кун ичида сайлов ўтказишга тайёр эканини билдирди. «Мен сайловга тайёрман», — деди у.

Трамп эса урушни Рождествогача якунлашни режалаштирмоқда ва Киевга ўз таклифига жавоб бериш учун саноқли кунлар қолдираётганини билдиради. Зеленский эса Европа етакчиларига унга нисбатан босим кучайганини, худди дарҳол ҳудудий имтиёзлар бўйича қарор қабул қилишни талаб қилаётгандек вазият юзага келганини айтган.

 

Россиянинг кенг кўламли уруши — фақат ҳудудлар учун эмас

Нашрнинг ёзишича, Москва бир неча бор Украинага қилинган босқин фақат ҳудудлар учун эмаслигини очиқ билдирган. Кремлнинг асосий мақсади — урушнинг «асосий сабаблари»ни бартараф этиш, яъни Киевдаги ғарбпарвар ҳукуматни йўққа чиқаришдан иборат. Шунингдек, Россия Украинага НАТОга аъзо бўлиш имконини бермаслик ва унинг армияси ҳажмини чеклашни талаб қилмоқда.

Шу билан бирга, ҳозир хорижда яшаётган Россиянинг собиқ бош вазири Михаил Касяновнинг таъкидлашича, Владимир Путин Ғарб давлатлари томонидан Донбасснинг тўлиқ Россияники дея эътироф этилишини ўзининг шахсий мақсадларидан бири деб билиб, унга қаттиқ ёпишиб олган.

«Бу унинг шаъни ва ҳокимиятига ҳурмат масаласи — токи ҳеч ким уни ожиз деб ўйламаслиги керак», — деган Касянов .

Теглар

Мавзуга оид

Путинни Донбассдаги урушни давом эттиришга чоғлантираётган алоҳида сабаб бор — The Times | Vaqt.uz