add

Путинни ҳибсга олишга ордер берган ХЖС прокурори Россияда сиртдан қамалди

Бугун 11:394731 дақиқа

Москва шаҳар суди Халқаро жиноят суди прокурори Карим Хонни Путин устидан қамоқ ордери чиқаргани учун сиртдан 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Путинни ҳибсга олишга ордер берган ХЖС прокурори Россияда сиртдан қамалди

Москва шаҳар суди Халқаро жиноят суди (ХЖС) прокурори Карим Хон ва суднинг саккиз нафар судясини «Россия фуқароларини ноқонуний таъқиб қилганлик» айблови билан сиртдан жазога тортди. Россия Бош прокуратураси маълумотига кўра, Хон «Россия Федерацияси фуқароларини қамоққа олиш ҳақида билган ҳолда ғайриқонуний қарор қабул қилишга кўрсатма берган» деб топилиб, 15 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Суд ҳукмига кўра, унинг дастлабки тўққиз йили қамоқхонада, қолган қисми қаттиқ тартибли колонияда ўталади.

Ҳукм қилинганлар орасида ХЖС раиси Петр Юзеф Хофманский, унинг ўринбосарлари Карранса Лус дел Кармен Ибанес ва Бертрам Шмитт ҳам бор. Шунингдек, судя Томоко Акане, Розарио Салваторе Аитала, Серхио Херардо Угалде Годинес, Хайкел Бен Махфуд ва Рене Аделаида Софи, Алапини-гансу каби расмийларга уч ярим йилдан 15 йилгача бўлган турли жазолар тайинланди. Тергов қўмитаси уларнинг барчаси ХЖС ордерлари орқали Россия фуқароларини «ғайриқонуний тарзда таъқиб қилган»ини иддао қилмоқда.

2023 йил март ойида Гаагадаги Халқаро жиноят суди Россия президенти Владимир Путин ва болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Лвова-Беловани қамоққа олиш учун ордер чиқарганди. Улар Украинанинг Россия қўшинлари томонидан босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга ноқонуний олиб кетишда гумонландилар. Бунга жавобан Россия Федерацияси Тергов қўмитаси қамоқ ордерини чиқарган ХЖС судьяларига нисбатан жиноий иш қўзғатган.

Теглар

Мавзуга оид