Қашқадарёда 14 ёшли қизни зўрлаганликда гумонланган тўрт киши қўлга олинди
Маълум бўлишича, Яккабоғ туманида 23, 22, 21 ва 20 ёшли тўрт нафар йигит вояга етмаган қизни Дамасъга миндириб, далага олиб бориб, зўрлаган.
© Ijtimoiy tarmoqlarҚашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида 14 ёшли қизга нисбатан жинсий зўравонлик содир этилгани юзасидан тўрт нафар шахс ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов «Nemolchiuz» сўровига жавобан маълум қилди.
Маълум қилинишича, воқеа 2026-йил 7-июн куни содир бўлган. Тергов маълумотларига кўра, 23, 22, 21 ва 20 ёшли тўрт нафар йигит вояга етмаган қизни «Дамас» автомобилига миндириб, дала ҳудудига олиб борган ва унга нисбатан жиноят содир этган.
Ҳодиса жойи Яккабоғ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов-тезкор гуруҳи томонидан кўздан кечирилиб, иш учун аҳамиятли бўлган ашёвий далиллар олиб қўйилган. Шунингдек, суд-тиббий, биологик ва психологик экспертизалар тайинланган.
Ҳолат юзасидан дастлаб 2026-йил 8-июн куни Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми, яъни 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Бироқ тергов давомида тўпланган далиллар асосида 29-июн куни жиноят иши Жиноят кодексининг 118-моддаси 3-қисми «а» банди бўйича, яъни 18 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан зўрлик ишлатиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб номусга тегиш моддасига қайта малакаланган.
Шундан сўнг гумонланувчилар Ш.Х., Д.Х., О.Н. ва Д.А.га ушбу модда бўйича айблов эълон қилиниб, процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳолат назоратга олинган
ИИВ маълумотига кўра, мазкур жиноят иши Тергов департаменти томонидан алоҳида назоратга олинган.
Болалар омбудсмани ҳам ушбу ҳолат юзасидан мониторинг олиб бораётганини маълум қилди.
Шунингдек, вояга етмаган С.Р га “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан психологик хизмат кўрсатилиб, оилага юридик ва ижтимоий-психологик қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёда отанинг ўз қизига нисбатан зўравонлик қилгани ҳақидаги хабарлар текширилаётгани маълум қилинганди.





