Қайта баҳолашдан сўнг кўчмас мулкнинг қиймати ошса, солиқ ҳам кўпаядими?
Тошкентда кўчмас мулк қиймати қайта баҳоланмоқда. Айрим уй-жойлар қиймати бир неча баравар ошгани солиқларга ҳам таъсир қиладими? Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази бу ҳақда маълумот берди.

Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази директор ўринбосари Феруз Султонов Тошкент шаҳрида амалга оширилган оммавий баҳолаш натижалари ҳақида маълумот берди.
Қайд этилишича, Президентнинг 2025-йил 5-мартдаги 43-сонли фармонига мувофиқ, кўчмас мулк объектларини босқичма-босқич бозор нархига яқин қийматда баҳолаш белгиланган.
Шу асосда Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази эксперимент тариқасида Тошкент шаҳридаги турар жойларнинг бозор нархига яқин қийматини аниқлаш бўйича оммавий баҳолаш ишларини ўтказган. Ушбу баҳолаш натижалари 2026-йил 5-сентябрдан бошлаб жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Агентликка кўра, оммавий баҳолаш кўп сонли кўчмас мулк объектларининг қийматини бир вақтнинг ўзида аниқлашнинг рақамли усули ҳисобланади. Унинг асосий мақсадларидан бири республикадаги 9 млн дан ортиқ турар ва нотурар жой ҳамда қарийб 8 млн ер участкасининг иқтисодий актив сифатидаги қийматини аниқлашдан иборат.
Шунингдек, кўчмас мулкнинг олди-сотди, гаровга қўйиш ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда аниқланадиган қийматлари ўзаро мутаносиб бўлишини таъминлаш, кўчмас мулк бозори бўйича мунтазам янгиланадиган маълумотлар базасини яратиш ва солиқ солишда адолатлилик тамойилини кенгроқ жорий этиш кўзда тутилган.
Оммавий баҳолашда объектларнинг бозор нархига яқин бўлган қиймати қандай амалга оширилади?
«Дастлаб кўчмас мулк бозори тўғрисидаги маълумотлар тўпланади, таҳлил қилинади, бир-бирига ўхшаш энг кўп объектлардан намунавий объект танлаб олинади, ҳудудлар нарх бўйича зоналаштирилади ҳамда нархга таъсир этувчи омилларни инобатга олган ҳолда объектларнинг бозор нархига яқин бўлган қиймати аниқланади», — дейди Султонов.
Бироқ бунда кўчмас мулкнинг ҳақиқий таъмир ҳолати ҳисобга олинмайди. Амалдаги услубиятга кўра, барча объектларнинг таъмирланганлик ҳолати «ўрта» деб қабул қилинади.
Оммавий баҳолаш учун мулкдорлардан алоҳида ҳақ ундирилмайди. Баҳолаш ишлари давлат томонидан бепул амалга оширилади.
Султоновга кўра, мулкдорлар ўзларига тегишли кўчмас мулкнинг бозор нархига яқин қийматини davreestr.uz ёки my.gov.uz орқали кўриши ҳамда баҳолаш натижаси юзасидан норози бўлса муносабат билдириши мумкин. Бу мажбурий эмас ва ҳеч қандай ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармайди. Аммо муносабат билдирилмаса, баҳолаш натижаси қайта кўриб чиқилмайди.
Солиқ қандай ўзгаради?
Султонов оммавий баҳолаш натижасида айрим объектларнинг қиймати 7−15 бараварга ошгани солиқлар ҳам шунча кўпайишини англатмаслигини таъкидлади.
Амалдаги қонунчиликка кўра, турар жойлар учун мол-мулк солиғи базаси кадастр қиймати асосида белгиланади. Шу сабабли оммавий баҳолаш орқали аниқланган қиймат ҳозирча ҳеч қандай ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармайди.
«Оммавий баҳолаш натижасида аниқланган қийматни солиқ ставкаси ёки солиқ суммаси билан тенглаштириш тўғри бўлмайди», — деди Султонов.
Тошкент бўйича жамоатчилик муҳокамаси якунланиб, «Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тўғрисида»ги қонун қабул қилингач, солиққа тортиш масаласи тегишли вазирлик ва идоралар томонидан кўриб чиқилади. Бунда аҳоли ва тадбиркорлар манфаатлари, ижтимоий ҳимоя ҳамда иқтисодий вазият ҳисобга олинади.
Маълумот учун, оммавий баҳолаш босқичма-босқич бутун республика ҳудудида жорий этилади. Жараён 2025−2026 йилларда Тошкент шаҳрида, 2026−2027 йилларда Нукус шаҳри ва вилоят марказларида, 2027 йилдан эса республиканинг қолган ҳудудларида ўтказилади.





