Logo

Қўлга олинган собиқ энергетика вазири, «ғўдайган ва ўзидан кетганлар»ни огоҳлантирган Саида Мирзиёева ва тасдиқланган кешбек — 31 июл дайжести

Кеча 22:553 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Қўлга олинган собиқ энергетика вазири, «ғўдайган ва ўзидан кетганлар»ни огоҳлантирган Саида Мирзиёева ва тасдиқланган кешбек — 31 июл дайжести

«Ғўдайган, ўзидан кетганлар бу ишни қилади» — Саида Мирзиёева

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Тошкент шаҳри Миробод туманидаги «Лолазор» маҳалласига ташриф буюриб, маҳалла аҳли эгган дарахтлар кесиб ташлангани ва болалар майдончаси ўрнида бизнес маркази қуриш режалаштирилганини танқид қилди.

Унинг таъкидлашича, пойтахтда қурилишлар туфайли умумий ҳовлилар, болалар ва спорт майдончалари йўқ қилинишига оид мурожаатлар кўпайган.

«Одамлар дод деганича бор – қурилишлар туфайли пойтахтдаги умумий ҳовлилар, ўйин ва спорт майдончалари таг-туги билан йўқ қилиб юбориляпти. Бош прокуратура бутун Тошкент шаҳри бўйича бундай объектларни тўлиқ инвентаризациядан ўтказади. Қурилиш учун берилган рухсатномаларнинг қонунийлиги, шаҳарсозлик меъёрлари ва аҳоли ҳуқуқларига қай даражада риоя қилинганини текшириш шарт. Агар қонунбузарлик ҳолатлари аниқланса, масъул шахсларга нисбатан муросасиз жазо чоралари кўрилади, айбдорлар, керак бўлса, ҳатто озодликдан маҳрум этилади», - дея таъкидлади Саида Мирзиёева.


Манба: Собиқ энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов қўлга олинган

Vaqt.uz манбаларига кўра, собиқ энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 29 июль куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан яшаш манзилидан олиб кетилган. Ҳозирча унга қандай айблов қўйилгани маълум эмас, расмий идоралар эса бу ҳолат юзасидан изоҳ бермаган.

Эслатиб ўтамиз, Мирзамаҳмудов 27 июль куни президент фармони билан энергетика вазири лавозимидан озод этилган, унинг ўрнига Шерзод Ходжаев тайинланган эди. Мирзамаҳмудов 2022 йил сентябридан буён мазкур лавозимда ишлаб келган.

Кечиккан кешбек пуллари бугун тасдиқланади, эртадан ечиб олиш мумкин — Солиқ қўмитаси

25 июль куни тасдиқланиши керак бўлган кешбек маблағлари айрим фойдаланувчилар ҳисобида кечиккани юзасидан Солиқ қўмитаси изоҳ берди. Қўмитага кўра, бу чек берган айрим тадбиркорларнинг солиқ ҳисоботидаги камчиликлар ёки солиқ қарздорлиги сабаб юзага келган бўлиб, кешбеклар қайта ҳисоб-китоб қилиш учун юборилган.

Солиқ қўмитаси матбуот котиби Валерия Салахутдинованинг маълум қилишича, кечиккан тўловлар бугун кун охиригача тасдиқланади. Эртадан эса фуқаролар ушбу маблағларни банк карталарига ўтказиб олишлари мумкин.

«Uztex Group» Чирчиқдаги «Zarofattex»ни қўшиб олишга рухсат олди

Рақобат қўмитаси «Uztex Group»нинг Чирчиқдаги «Zarofattex» компаниясини қўшиб олиши бўйича иқтисодий концентрация битимини маъқуллади. Қўмита ўтказган таҳлилга кўра, мазкур битим товар бозорида рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатмайди.

«Uztex Group» трикотаж кийимлар, «Zarofattex» эса ип-калава ва тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаради. Ҳар икки компания Чирчиқ шаҳрида рўйхатдан ўтган. Бу «Uztex Group» билан боғлиқ сўнгги йирик битим бўлиб, аввалроқ компания таъсисчисига «Perfectum» бренди остида ишловчи «Rubicon Wireless Communication»нинг 50 фоиз улушини сотиб олишга ҳам рухсат берилган эди.

Зангиотадаги тергов ҳибсхонасида бир киши учун кунига 120 минг сўмдан ортиқ пул сарфланади

Зангиота туманидаги Марказий тергов ҳибсхонасида сақланаётган 3800 дан ортиқ шахснинг ҳар бири учун давлат бюджети ҳисобидан кунига 120 минг сўмдан ортиқ маблағ сарфланади. Бу маблағ уч маҳал иссиқ овқат, идиш-товоқ, ётиш жойи ва бошқа зарур эҳтиёжларни қоплайди, аммо кийим-кечак берилмайди.

Жазони ижро этиш департаменти маълумотига кўра, янги тергов ҳибсхонаси 2018 йилда Зангиотада ишга туширилган. Аввал халқ орасида «Тоштурма» номи билан танилган Юнусободдаги эски ҳибсхона эса шароитлар талабга жавоб бермагани учун бузиб ташланган.

Теглар

Мавзуга оид