Logo

Қуёш панеллари учун субсидия: тўловлар нега тўхтаб қолди?

Бугун 15:465 дақиқа

Ўзбекистонда сўнгги 2-3 ой давомида“Қуёшли хонадон” дастури доирасида аҳоли томонидан электр энергияси учун субсидия тўловлари кечиктирилмоқда. Бу ҳолат, айниқса, қуёш панелларини кредит эвазига ўрнатган хонадонлар учун қийинчилик туғдиради. Vaqt.uz мавжуд ҳолатни расмий маълумотлар ва экспертлар билан биргаликда ўрганди.

Қуёш панеллари учун субсидия: тўловлар нега тўхтаб қолди?

Сўнгги ҳафта давомида ижтимоий тармоқларда қуёш панеллари ўрнатган ва ҳукуматга электр энергияси сотган фуқароларга субсидия пуллари берилмаётгани, жараён 2-3 ойдан буён давом этаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Мурожаатларда айтилишича, “Солиқ” иловасида ўтган ойлар учун қанча маблағ йиғилгани аниқ кўрсатилган, яъни тизим электр энергияси қабул қилинганини ҳисобга олган. Бироқ бу пулларни ватандошларнинг карталарига ўтказиш (тўлов буюртмасини бажариш) қисми тўхтатилган.

Дастур тўхтатилдими?

Президент Шавкат Мирзиёев 3 йил аввал аҳолини уйларининг томига қуёш панелларини ўрнатиш ва ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясини давлат тармоғига сотишга чақирган эди.

“Тармоққа сотган ҳар бир киловат энергия минг сўмдан сотиб олинади. Ҳозир 295 сўм. Уч карра кўп бўлса ҳам давлат сотиб олади. Бу ҳам бизга манфаат келтиради”, – деган давлат раҳбари.

Бунинг ортидан 2023 йил 1 апрелдан бошлаб қуёш панеллари ўрнатишни назарда тутувчи “Қуёшли хонадон” дастури ва бу орқали субсидия олиш тартиби қабул қилинган. Унга кўра, фуқаролар томонидан давлатга сотилган 1KWh электр энергияси учун 1000 сўмдан субсидия тўланади. Бу маблағлар “Солиқ” мобил иловаси орқали кейинги ойнинг ҳар 25-санасигача фуқароларнинг банк карталарига ўтказиб берилиши белгиланган.

Vaqt.uz ўрганган маълумотларда келтирилишича, ўтган йил Ўзбекистонда ушбу дастурга қизиқиш кескин ошган. Масалан, 2025 йилда тизимда 12 минг 700 киши фойдаланган бўлса, 2026 йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 45 минг 200 кишига етган.

Жорий йилнинг биринчи 3 ойида давлат бюджетидан “Қуёшли хонадон” дастурида доирасида жисмоний шахсларга субсидия тўлаш учун 100 млрд сўм ажратилган. Аммо йилнинг биринчи чорагида унинг 73,9 млрд сўми субсидия сифатида тўлаб берилган. Яъни бир йил учун ажратилган маблағнинг 70 фоиздан ортиғи тўрт ой ичида сарфлаб юборилган. Субсидия пулларининг кечикиши ҳам масаланинг айни шу жиҳати билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Энергетика вазирлиги берган маълумотда ушбу субсидиялар давлат бюджетидан молиялаштирилиши, маблағларни ажратиш ва тўлаш билан боғлиқ масалалар эса Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ваколатига киришини маълум қилди.

Ўз навбатида, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати ушбу масала юзасидан тегишли ишлар олиб борилаётгани ҳамда яқин муддатда расмий маълумот тақдим этилишини билдирган.

Орадан бироз вақт ўтиб, Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўлими раҳбари Азимжон Зайдуллоев бу масала бўйича яқин вақт ичида аҳолига маълумот берилишини таъкидлаган.

“Шу ҳақда тушунтириш тайёрланяпти, кечиккан пуллар албатта берилади”, – деди Зайдуллоев.

Бироқ ҳозиргача субсидия тўловлари қачон тўлиқ тикланиши бўйича аниқ муддат эълон қилинмаган. Шунингдек, электр энергиясини давлатга сотиш тарифи 1kWh учун белгиланган 800 сўмлик нарх 250 сўмга тушурилиши ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Бироқ Азимжон Зайдуллоев бу маълумотларни рад этиб, бундай қарор қабул қилинмаганини билдирди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров Вақт.узнинг “Аввал иқтисод” кўрсатувида  “Бугунги муаммонинг илдизи субсидия тўловларининг кечикишида эмас, балки механизмнинг бошиданоқ нотўғри йўлга қўйилганида”, — дея ҳолатни изоҳлаган.

Унинг таъкидлашича, ортиқча ишлаб чиқарилган электр энергияси учун маблағ давлат бюджетидан субсидия кўринишида эмас, балки ушбу энергияни харид қилиб, кейинчалик истеъмолчиларга сотадиган “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан бозор тамойиллари асосида тўланиши керак эди. Бундай тизимда қуёш панели эгаси бошқа тадбиркорлар сингари ўз маҳсулотини бевосита сотиб, ҳисоб-китоблар эса ҳар ой тўғридан-тўғри харидор ва ишлаб чиқарувчи ўртасида амалга оширилади. Мутахассиснинг фикрича, бу бюджетга ортиқча юкни камайтириб, тўловларнинг кечикиши каби муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Ишонч сусаймоқда

"Қуёшли хонадон" дастури аҳолини қайта тикланувчи энергияга жалб қилишдаги энг муҳим рағбатлардан бири ҳисобланади. Бироқ рағбат ўз вақтида ишламаса, фуқароларнинг ишончи ҳам сусайиб, дастурга қўшилиш истаги ҳам йўқолиб бораверади.

Vaqt.uz боғланган ижтимоий тармоқ фаоли Фарруҳ Тўрамуродов ҳам ўз хонадонига қуёш панеллари ўрнатишни режалаштирган. Бироқ қуёш панелларини ўрнатувчи мутахассислар уни ортиқча электр энергияси учун ажратиладиган субсидия маблағлари бир неча ойдан буён тўланмаётганидан огоҳлантириб, ҳозирча қуёш панелларини харид қилмасликни тавсия этган.

"Ортиб қолган электр энергиясини сотиш мақсадида 20 КWҳ қувватли қуёш панели ўрнатишни режалаштиргандим. Аммо субсидия тўловлари бир неча ойдан буён кечикаётгани сабабли лойиҳани ҳозирча тўхтатишга мажбур бўлдим", — деди Тўрамуродов.

У, шунингдек, субсидия пулларининг кечикиши ён атрофдаги бошқа тадбиркорларда ҳам кузатилаётганини қўшимча қилди.

“Электр таъминоти корхоналари томонидан қарздор абонентлар устидан назоратнинг кескин кучайгани ҳам субсидия маблағлари билан боғлиқ муаммоларни кўрсатиши мумкин. Менимча, субсидия маблағлари кечикаётгани сабабли электр таъминоти корхоналари қарздор абонентлардан тўловларни йиғишни янада кучайтирган бўлиши мумкин. Албатта, бу менинг шахсий кузатувим ва тахминим, аммо сўнгги пайтларда электр инспекторларининг фаоллашгани шундай хулосага келишимга сабаб бўлди”, — дейди Фарруҳ Тўрамуродов.

“Дарвоқе, турли валломатларнинг “қуёшли хонадон” доирасида тўлашга бюджетда пул йўқ деган важ ва баҳоналари қип-қизил ёлғон. 2026-йил июнь ойи давлат бюджети даромадлари харажатларидан 1,8 трлн сўмга ортиғи билан ижро қилинган”, – дейди у.

Аслида, муаммо ҳукумат мавжуд муаммо юзасидан вақтида тушунтириш бермагани, аҳолини ноаниқликда қолдиргани билан боғлиқ. Модомики, мамлакатда қайта тикланувчи энергияни ривожлантириш устувор йўналиш сифатида белгиланган экан, ҳукумат ушбу йўналишга сармоя киритган ватандошлар олдидаги молиявий мажбуриятларнинг ўз вақтида бажариши лозим.

Тўлдириш: Мақола эълон қилинишидан бироз аввал Солиқ қўмитаси тармоқларда билдирилаётган эътирозлар юзасидан расмий муносабат билдирди. Унга кўра, шу йилнинг апрел–май ойларида "Қуёшли хонадон" дастуридан фойдаланган 60 минг 193 нафар жисмоний шахсга электр тармоқларига узатилган ортиқча қуёш энергияси учун давлат бюджетидан жами 156 млрд 125 млн сўм субсидия тўлаб берилишини маълум қилди. Шу тариқа, сўнгги ойларда кечиккан тўловлар босқичма-босқич қопланиши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид