
Рамзан Қодиров шошилинч шифохонага ётқизилди: у бир ҳафтадан буён омма олдида кўриниш бермаяпти
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Москвада шошилинч шифохонага ётқизилгани айтилмоқда ва у қарийб бир ҳафтадан бери жамоатчилик олдида кўринмаган.

«Новая газета Европа» нашри маълумотларига кўра, Рамзан Қодиров 25 декабрь куни ўтказилган Давлат кенгаши мажлиси арафасида шошилинч тарзда касалхонага ётқизилган. Мажлисга Россиянинг барча ҳудуд раҳбарлари таклиф этилган бўлиб, унда Чеченистон вакили қатнашмаган.
Маълум қилинишича, Қодиров 24 декабр куни шахсан иштирок этиш учун Москвага етиб келган. Бироқ 24 декабрдан 25 декабрга ўтар кечаси унинг аҳволи кескин ёмонлашган ва у реанимация автомобилида Президент ишлари бошқармасига қарашли Марказий клиник касалхонага олиб борилган. Шу сабабли Давлат кенгаши Чеченистон вакилисисиз ўтган.
Манбаларга кўра, Москвада унинг аҳволи барқарорлаштирилган, шундан сўнг у республикага қайтган. Шундан бери Қодиров омма олдида кўриниш бермаган.
Нашр ёзишича, 2024 йил бошидан бери Чеченистон раҳбарининг соғлиғи изчил равишда ёмонлашиб бормоқда. Ўша йилда у Грознийдаги хусусий «Аймеди» клиникасида даволанган. Бу ҳолатни Қодиров ўзи ҳам билвосита тасдиқлаган: у яқиндаги тўғридан тўғри мулоқот давомида бир йил ичида тўрт марта расмий таътилга чиққанини айтган. Бу эса у учун одатий ҳол эмаслиги қайд этилмоқда.
Рамзан Қодиров шу мулоқотда ўзини доимий асабийлик ва ички зўриқиш ҳисси қийнаётганини, буни Украинадаги урушда қатнашaётган чечен жангчилари учун хавотир билан боғлаган.
Манбаларнинг таъкидлашича, 2025 йил давомида Қодиров жуда кам жамоатчилик олдида чиққан ва ҳудудни аввалги фаол режимда бошқармаган. Вақтининг катта қисмини резиденциясида ёки клиникада ўтказган. Айтилишича, уни икки марта хорижий, жумладан Германия шифокорлари ҳам маслаҳат берган, шунингдек, ноябрь ойида Дубайдаги хусусий клиникада кўрикдан ўтган.
Нашр манбалари Қодиров бир неча бор Москвада берилган тиббий кўрсатмаларга амал қилмагани ва ўзини мустақил даволашга урингани унинг аҳволи янада оғирлашишига олиб келганини қайд этмоқда.





