
Рамзан Қодиров Европа билан урушга ошиқмоқда
У Путиндан «Европа мамлакатлари ўз ихтиёри билан кечирим сўраса, сиз биздан хафа бўлмайсиз, тўғрими?», - деб сўради.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Россия президенти Владимир Путиннинг Европа давлатлари билан эҳтимолий ҳарбий тўқнашув ҳақидаги баёнотига жавоб бериб, Москвадан тушадиган ҳар қандай буйруққа тайёр туришини маълум қилди. Унга кўра, уруш ҳолати юзага келганда Европа мамлакатлари ўз ихтиёри билан кечирим сўрашдан бошқа йўл топа олмаслиги мумкин.
Путин аввалроқ Россиянинг Европа билан уруш нияти йўқлигини таъкидлаган, бироқ агар уруш Европа томонидан бошланса, Москва дарҳол жавоб қайтаришга шай эканини билдирган эди. Давлат раҳбарининг айтишича, бундай сценарийда «музокара учун ҳамкор қолмаслиги» эҳтимоли юқори.
Қодиров ўз баёнотида Путин сўзларини қўллаб-қувватлаб, ҳеч қандай расмиятчиликка эҳтиёж йўқлиги, буйруқни кутаётгани ҳақида ёзди.
«Владимир Владимирович, биз ҳеч қандай расмиятчилик қилмаймиз, буйруқни кутмоқдамиз! Ҳаммаси жуда тез тугайди ва Россияга қарши уруш бошламоқчи бўлганлар фойдасига бўлмаслиги аниқ. Владимир Владимирович, менда битта савол бор: агар бу ҳаммаси бошланса, улар дарҳол ЎЗ ИХТИЁРИ билан кечирим сўрашса, сиз биздан хафа бўлмайсиз, тўғрими?», - дея ёзди у ўз Telegram-каналида.
Путин ўз нутқида таъкидладики, Европа АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятига Украинадаги можарони тинч йўл билан ҳал қилишга халақит бермоқда, шу жумладан Россия учун қабул қилиб бўлмайдиган шартларни тинчлик режасига таклиф қилмоқда.
Унинг таъкидлашича, Европа ҳозир Украина томонида қатъий туриб, Россияга стратегик мағлубият етказиш мумкин, деган «хаёлларга берилиб кетган».
НАТО эса Путиннинг баёнотига жавоб қайтариб, Россия армияси ҳозирги шароитда Европани ҳарбий йўл билан енгиш қобилиятига эга эмаслигини билдирди. Иттифоқ вакилига кўра, НАТО ўз аъзоларини ҳимоя қилиш масаласида бу даражада ҳеч қачон бирлашмаган.
Бундан аввал Франция қуролли кучлари Бош штаби раҳбари генерал Фабен Мандон ҳам француз армиясини Россия билан эҳтимолий тўқнашувга тайёр туришга чақирган эди. У можаро кейинги «уч-тўрт йил» ичида бошланиши мумкинлигини таъкидлаган.





