«Росатом» Эрондаги «Бушаҳр» АЭС қурилишини тўхтатди
Яқин Шарқдаги ҳарбий амалиётлар ядровий инфратузилмага таҳдид солмоқда: станция яқинидаги портлашлар ва алоқанинг узилиши минтақавий миқёсдаги экологик ҳалокат хавфини юзага келтирди.

«Росатом» давлат корпорацияси Эрондаги «Бушаҳр» АЭСда қурилиш ишларини тўхтатганини эълон қилди. Корпорация бош директори Алексей Лихачёвнинг сўзларига кўра, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиёти доирасида станция жойлашган шаҳар зарбалар остида қолган, деб ёзмоқда BBC.
Ҳозир объектда бўлиб турган 639 нафар Россия фуқаросини гуруҳларга бўлиб олиб чиқишга тайёргарлик кўрилмоқда. 28-февралдаги ҳужумлардан сўнг ходимларнинг фарзандлари ва 100 га яқин мутахассис эвакуация қилинган эди.
Айни пайтда Эрон ядровий тармоғи раҳбарияти билан алоқа тўлиқ узилган: телефон ва электрон почта хабарларига жавоб берилмаяпти. Лихачёвнинг таъкидлашича, станциянинг жисмоний ҳимоя чизиғидан бир неча километр масофада портлашлар содир бўлмоқда. Гарчи зарбалар бевосита АЭСга қаратилмаган бўлса-да, яқин атрофдаги ҳарбий объектларнинг нишонга олиниши хавфни кучайтирмоқда. Реактор ичида 72 тонна, сақлаш омборларида эса яна 210 тонна ядровий ёқилғи мавжудлиги вазиятни ўта хавфли даражага олиб чиққан.
Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) раҳбари Рафаэл Гросси ҳам Эрон томони билан боғланиш имкони бўлмаяпти. 2-март ҳолатига кўра, «Бушаҳр» ва Теҳрондаги тадқиқот реакторлари шикастланмаган, қўшни давлатларда радиация фони меъёрда сақланиб қолган. Бироқ Гросси барча томонларни максимал даражада вазминликка чақириб, ядровий объектга бериладиган зарба минтақа учун қайтариб бўлмас оқибатларга олиб келишини эслатди.
Ҳарбий амалиёт ва стратегик объект
АҚШ ва Исроилнинг Эрон ҳарбий ва ядровий салоҳиятини йўқ қилишга қаратилган кенг кўламли операцияси 2026-йил 28-февралда бошланди. Зарбалар 2000 дан ортиқ нишонларга, жумладан, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси объектлари ва ҲҲМ тизимларига берилган. Ҳужумлар натижасида Эрон олий раҳбари Али Хоманаий ва ўнлаб юқори мартабали амалдорлар ҳалок бўлди. Эрон эса Исроил ва минтақадаги АҚШ базаларига, шунингдек, Қатар, БАА ва Саудия Арабистонидаги объектларга ракета зарбалари билан жавоб қайтармоқда.
«Бушаҳр» АЭС нафақат Эронда, балки бутун Яқин Шарқдаги биринчи фуқаролик атом электр станцияси ҳисобланади. Унинг қурилиши 1975-йилда Германиянинг «Siemens» концерни томонидан бошланган ва 1995-йилдан бери «Росатом» томонидан давом эттирилаётган эди. Биринчи энергия блоки 2013-йилда ишга туширилган бўлиб, ҳозирда қиймати 10 млрд доллар бўлган иккинчи ва учинчи блокларни қуриш ишлари олиб борилаётган эди.
Ҳозирги шароитда станция блокининг қувватда тургани энг катта хавфни келтириб чиқармоқда. Зарба берилган тақдирда, улкан миқдордаги бўлинувчи материалларнинг атроф-муҳитга тарқалиши минтақавий миқёсдаги фалокатга сабаб бўлади.
Владимир Путинга бу ҳақда маълумот берилган ва ундан Исроил ҳамда АҚШ етакчиларига ядровий хавф ҳақидаги огоҳлантиришни етказиш сўралган.





