Россия босқинига 4 йил: Ўзбекистон иқтисодиёти уруш сабаб қанчалик ўзгарди?
Россия-Украина уруши бошланганига роппа-роса 4 йил бўлди. Бу вақт ичида Ўзбекистон иқтисодиёти Россияга қарамликдан қутулиш йўлида жиддий қадамлар ташлади. Vaqt.uz урушнинг мамлакат иқтисодиётига таъсири ҳақида сўз юритади.

2022 йилнинг 24 февралида Россия Украинага уруш очди. Путин томонидан бир неча кунга чўзилиши ваъда қилинган «махсус ҳарбий амалиёт» мана, нақд 4 йилдан буён давом этмоқда.
Россия-Украина уруши нафақат глобал иқтисодиётни узоқ йиллик тизгинидан чиқариб, янги тизим яратишга мажбур қилди, Ўзбекистон иқтисодиётини ҳам сезиларли ўзгартирди. Vaqt.uz урушнинг мамлакатга иқтисодий таъсири қандай бўлгани ҳақида маълумот беради.
Ташқи савдода Хитой асосий ўйинчига айланди
Россия 2021 йили Ўзбекистон ташқи савдосида Хитойни ортда қолдириб биринчи ўринга чиқиб олганди. Кўринишидан ўша пайтдаги бу етакчилик яқин йилларда мустаҳкамланиб, иқтисодий ҳамкорлик кучайишда давом этадигандек эди.
Россия етакчиликни Ўзбекистоннинг экспорти ошиши ҳисобига 2022 йилда ҳам сақлаб қолди. Аммо, 2023 йилдан бошлаб Хитой ташқи савдода Россиядан сезиларли ўтиб кетди.

2025 йилга келиб, Хитой билан Россияга қараганда 4,2 млрд долларга ёки учдан бирга кўпроқ ташқи савдо амалга оширилди.
Шунга қарамай, Ўзбекистоннинг Хитой билан ташқи савдо айланмасининг 86 фоизи импорт ҳисобланади. Бу анчагина сезиларли кўрсаткич.
Таққослаш учун 2022 йилда бу кўрсаткич нисбати 72 фоиз эди. Ўша йили асосий савдо ҳамкор Россия бўлган ва ташқи савдонинг анчагина кўпроқ қисми — учдан бири экспорт ҳисобига шаклланган.
Маълумотлар кўрсатиб турибдики, Ўзбекистон ташқи савдода нисбатан балансга эга асосий ҳамкор — Россия ўрнига «кўпроқ сотиб, камроқ оладиган» Хитой билан ҳамкорлик қилишига тўғри келмоқда.
Бундан ташқари, сўнгги 4 йил ичида Ўзбекистондан Россияга реэкспорт (қайта экспорт) масаласи ҳам бор. Бироқ, бу санкциялар билан қатъий назорат қилинмоқда.
Хорижий компаниялар
2021 йилда Ўзбекистонда Россия капитали иштирокида 2 309 та компания фаолият юритаётган эди. Бу борада Россия мамлакатда етакчи ўринни эгалларди. Кейинги ўриндаги Хитойда ўша пайти 1 927 та компания бор эди.
2025 йилга келиб Хитой иштирокидаги хорижий компаниялар сони кескин ўсиб, 5 044 тага етди. Россия билан эса бу кўрсаткич 3 181 тани ташкил қилди.
Уруш таъсири остида Россия капитали иштирокидаги компаниялар ўсиш суръати анча секинлашди. 2021 йилгача Ўзбекистонда 400 га яқин янги Россия компаниялари очилган бўлса, 2025 йилда бу рақам 250 та атрофида бўлди.
Инвестициялар — Хитой кескин ўтиб кетди
Россия-Украина уруши 4 йил давомида Ўзбекистонга кириб келаётган хорижий инвестициялар географиясига ҳам таъсир қилмай қолмади. Бу ерда ҳам Россия ўрнини Хитой эгаллади.
2022 йил давомида Ўзбекистонга киритилган хорижий инвестиция ва кредитлар ҳажмида энг юқори улушга эга бўлган давлатлар қуйидагича эди:
Россия — 21 фоиз;
Хитой — 19,9 фоиз.
2025 йилга келиб бу борада Хитойнинг улуши қарийб 40 фоизгача ўсган бўлса, Россиянинг улуши 7,8 фоизгача пасайиб кетди.
Россиядан инвестициялар пасайишига бир томондан урушнинг Россия иқтисодиётига таъсири сабаб бўлган бўлса, бошқа томонда санкциялар хавфи сабаб Ўзбекистон томони Россиядан аввалгидек темпда сармоя жалб қила олмади.
Бунинг оқибатида инвестициялар бўйича Хитойнинг улуши сезиларли ошиб, салмоқли даражага келиб қолди.
Кўчмас мулк бозорида нарх пуфаги
Уруш оқибатида россиялик релокантларнинг Марказий Осиёга кўчиб келиши кўчмас мулк бозорида қўшимча босимни пайдо қилди. Босим асосан Қозоғистон ва Ўзбекистонда сезиларли кузатилди.
Маълумотларга қараганда, биргина 2022 йилнинг 9 ойи давомида 318 мингдан ошиқ россиялик релокантлар Ўзбекистонга кўчиб келган. Бу қисқа вақт учун анча сезиларли рақам.
Кўчиб келишларнинг асосий қисми табиийки пойтахт — Тошкент шаҳрига бўлди. Натижада кўчмас мулк бозорида нархлар кескин ошиб кетди. Бу эса нарх пуфаги хавфини келтириб чиқарди.
Уй-жой бозоридаги нарх пуфаги — уйлар нархининг фундаментал омилларга боғлиқ бўлмаган ҳолда доимий ошиши ҳисобига юзага келади. Бунда уй-жой учун талаб таклифдан кескин ошиб кетди.
Бу 2008 йилги глобал молиявий инқирозга сабаб бўлган ҳодисани эслатиб юборарди. Ўшанда уйлар нархи сезиларли ошиши оқибатида америкаликлар ўзлари тўлай олмайдиган ипотека кредитларини олганди.
Бу муаммоли кредитлар кейинчалик банкларнинг бирин-кетин банкрот бўлишига сабаб бўлган ва глобал инқирозга уланиб кетганди.
Россиялик юз минглаб релокантларнинг Ўзбекистонга кўчиб келиши ана шундай хавфни пайдо қилганди.
2022 йил сўнгида пойтахтда уйларнинг ҳақиқий нархи ва бозор нархи ўртасидаги фарқ 210 млн сўмга етди. Ҳолат 2023 йилда янада ёмонлашди.
Вазият шу даражага келдики, 2022 йил биринчи ярмидан 2023 йил биринчи ярмигача Тошкентда янги уйлар нархи 44 фоизга, эскилари эса 33 фоизга қимматлади.
Таъсир уйларнинг ижара нархларида ҳам дарҳол намоён бўлди. Ўшанда Тошкентда уйларнинг ижара нархлари бир йилда 25 фоизга ошиб кетганди.
Хавф бўлишига қарамасдан кўчмас мулк бозори кейинчалик совуди. Аммо уйлар нархи ҳам, ижараси ҳам 2021 йилга нисбатан анча юқорилигича қолмоқда.
Меҳнат бозори
Уруш таъсирида меҳнат бозори ҳам ўзгарди. Тошкентда қўним топган россияликларнинг аксарияти олий маълумотли эди. Бу эса маҳаллий бозорда рақобатни кучайтириб, йирик брендларга тажрибали мутахассисларни ишга олиш имкониятини тақдим қилди.
2022 йил сентябрда Тошкентга келган Святослав Куценконинг маълум қилишича, у бозорда иш топишга қийналгани йўқ. Унда компаниялар малакали мутахассислар базаси йўқлиги сабабли россияликларга иш таклиф қилишдан мамнун деган ҳис пайдо бўлган.
Россиялик мутахассисларнинг кўп қисми Тошкентда Россиядагидек иш ҳақи кутаётган эди. Бу каби кутилмалар ўзини оқламагач, кейинчалик релокантларнинг бир қисми ўз уйига қайтиб кетишга ҳам улгурди.
Тажрибали россияликларнинг бир қисми IT мутахассислари эди. Ўзбекистон ҳукумати бундан унумли фойдаланиб, 2022 йилда TashRush дастурини ишга туширганди.
Дастур доирасида IT Park хорижий IT-компанияларга ўз бизнесларини Ўзбекистонга кўчиришда ёрдам берди. Бу IT соҳасини мамлакатда ривожланишига қисман туртки берганини инкор қилиб бўлмайди.
Шундан сўнг бозорда анимациядан, график дизайнгача бўлган соҳаларда россияликларнинг иштироки кўпая бошлади.
Мигрантлар — Россияда ишловчи ўзбекистонликлар улуши қисқарди
Россиядаги уруш ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига ҳам тўғридан-тўғри таъсир қилди. Урушгача чет элда ишлаётган Ўзбекистон фуқароларининг 75 фоиздан ортиғи Россияда фаолият олиб борарди.
Бироқ, уруш оқибатида ҳукумат узоқ вақтдан бери ўйлаб келинган мигрантлар географиясини тезроқ ўзгартиришга мажбур бўлди. Ғарб давлатлари, Туркия ва Корея каби мамлакатлар билан ҳамкорлик кучайтирилди.
Натижада 2025 йил ҳолатига кўра, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сонида Россиянинг улуши 53 фоизгача камайди.
Сўнгги маълумотларга кўра, меҳнат муҳожирлари ҳудудлар кесимида:
Россияда — 1 163,8 минг (53 фоиз);
Қозоғистонда — 522,5 минг (24 фоиз);
Туркияда — 168,3 минг (8 фоиз);
Кореяда — 74,5 минг (3,4 фоиз);
Ва бошқа давлатларда — 182,6 минг (8,4 фоиз).
Сўмга босим ва пул ўтказмалари
2022 йил 24 февралдан сўнг уруш туфайли ўзбек сўмига қисқа босим кузатилганди. 24 февралда 1 доллар 10 840 сўм бўлган бўлса, 18 мартда бу кўрсаткич 11 572 сўмгача кўтарилганди.

Бироқ, кейинчалик йил охиригача курс пасайишни бошлади ва валюта курсига босимлар камайди.
Пул ўтказмаларида эса сезиларли ўзгаришлар содир бўлди. Уруш бошланган 2022 йилда Ўзбекистонга хорижий пул ўтказмалари 16,9 млрд долларни ташкил қилди ва рекорд даражага етди.
Таққослаш учун 2021 йилда мамлакатга анча камроқ — 8,1 млрд долларлик пул ўтказмалари кириб келганди.
2022 йилги хорижий пул ўтказмаларининг 85 фоизи ёки 14,5 млрд доллари Россия ҳисобига тўғри келди. Бу 2021 йилга нисбатан 2,6 баробарга кўп эди.
Ўша йили кузатилган рекорд кўрсаткич 2025 йилга келибгина янгиланди. Ўтган йили Ўзбекистонга кириб келган хорижий пул ўтказмалари 18,9 млрд долларни ташкил қилди. Бироқ, бунда Россиядан пул ўтказмалари улуши анча пастроқ бўлди.
Энди нима бўлади?
Ўзбекистон охирги 4 йилда Россиядан иқтисодий жиҳатдан анча узоқлашишга эришди. Россия-Украина уруши тугаб, санкция ва бошқа чекловлар бекор бўлмас экан бу жараён табиийки давом этади.
2026 йилда амалга ошиши кутилаётган Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик ҳам Ўзбекистон иқтисодиётига ижобий таъсир қилиши, янги бозорларни очиши мумкин.
Ҳозирча Хитой билан иқтисодий алоқалар кескин кучайган, Россиянинг ўрни кўп жабҳаларда айнан шу мамлакат томонидан эгалланмоқда.
Аммо Ўзбекистондек ривожланаётган давлат учун иқтисодий жиҳатдан битта ҳамкорга қаттиқ боғланиб қолиш, салбий оқибатларга олиб келиши хавфи бор.
Шунга қарамай, 4 йиллик уруш вақтида Ўзбекистон иқтисодиёти кўпроқ фойда олди дейиш мумкин. Бу узоқ йиллик Россияга иқтисодий қарамликдан қутулиш учун замин яратди.
Теглар






