Ҳам қувват, ҳам муллажиринг: Қуёш панелини ўрнатишдан нима фойда?
Жазирама мавсуми арафасида турибмиз. Бу даврда Ўзбекистон энергетика тизимига юклама ортиб боради. Токсиз ўтган ҳар бир соат самарадорликнинг олтмиш дақиқага бой берилиши демак. Айниқса, бизнесда бу ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Хўш, ечим нима?

Ўзбекистон шароитида бунга энг мақбул ечим — яшил, хусусан, қуёш энергияси. Қуёш энергиясидан фойдаланганлар бир ўқ билан нақ уч қуённи уради: ҳам барқарор энергияга эришади, ҳам ҳосил қилинган ортиқча энергияни сотиб даромад кўра олади, ҳам экологик тоза усулни танлагани учун табиат муҳофазасига ҳисса қўшган бўлади (иқлим ўзгаришининг оқибатларини ҳар ким ўзида ҳис қилаётган ҳозирги замонда бу жуда муҳим).
VAQT.UZ қуёш панелларини ўрнатиш тартиби ва бунинг афзалликлари ҳақида батафсил йўриқнома тайёрлади.
Ишни нимадан бошлаш керак?
Қуёш панели — қуёш нури энергиясини бевосита электр энергиясига айлантириб берувчи қурилма. Лекин панелнинг ўзи электр жиҳозларини ишлатиш учун етарли эмас. Тизим одатда қуйидаги қисмлардан иборат бўлади:
Панеллар — ўзгармас ток ишлаб чиқаради.
Инвертер — қурилма панелдан келган токни уйдаги розеткаларда ишлатиладиган ўзгарувчан токка айлантириб беради.
Аккумуляторлар (ихтиёрий) — қуёш бўлмаган вақтда (тунда) ишлатиш учун энергияни сақлаб қўяди.
Шунингдек, кабел, сақлагич ва ўтказгичлар, профиллар ҳам керак; юқоридагиларнинг барчаси биргаликда қуёш фотоэлектростанцияси (ФЭС)ни ташкил қилади.
Қуёш ФЭСни ўрнатиш учун аввало энергия эҳтиёжини ҳисоблаб чиқиш зарур. Буни икки усулда ҳисоблаш мумкин:
қувватга кўра: хонадонда доимий ишлаб турадиган электрон қурилмаларнинг қуввати йиғиндисига қараб (масалан, совуткич 1,2 kWh + кондиционер 1 kWh…)
энергия истеъмолига кўра: охирги бир йиллик электр ҳисоб-китобларини кўриб чиқиш орқали. Ҳудудий электр тармоқларининг «HET billing mobile» ёки DOMO мобил иловасида рўйхатдан ўтиб, ойлик истеъмол кўрсаткичлари ҳақида батафсил маълумот олисҳ мумкин.
Шунингдек, станция ўрнатиладиган майдонни текшириш — том қисмининг ҳолати, қуёш тушиш бурчаги ва соя берувчи дарахт ёки бинолар йўқлигига ишонч ҳосил қилиш лозим.
Сўнг керакли тизим тури танланади:
Он-грид (тармоққа уланган) — аккумуляторсиз ишлайди, ортиқча токни давлатга сотиш имконини беради.
Офф-грид (автоном) — аккумуляторли тизим, электр тармоғи бўлмаган жойлар учун мос.
Ҳибрид — ҳам тармоққа уланади, ҳам аккумуляторга эга (энг ишончли вариант).
Муҳим маълумот: ҳозир, яъни баҳор ойлари панелларни ўрнатиш учун энг мақбул пайт ҳисобланади. Чунки ҳаво ҳарорати мўътадил. Панеллар қизиб кетмайди, бу эса монтаж ишларини осонлаштиради. Қиш ва ёз ойларида об-ҳаво шароитидаги ўзгаришлар жараённи мураккаблаштириши мумкин.
Ўрнатиш қанчага тушади?
Фотоэлектрик тизимлар бўйича эксперт, физика-математика фанлари бўйича фалсафа доктори Зоир Кенжаев қуёш панелларини ўрнатиш қиймати ва уларнинг иқтисодий самарадорлигини қуйидагича изоҳлайди:
«Ўзбекистон шароитида 1 kW қувватга эга қуёш фотэелектрик тизими йилига ўртача 1350-1650 kWh электр энергия ишлаб чиқаради.
Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирда ФЭСни ўрнатиш харажатлари:
1 kW қувватдаги он-грид тизим — ўртача 4-4,5 млн сўм;
худди шунча қувватдаги =ибрид тизим (аккумуляторга боғлиқ ҳолда) — 6-7 млн сўм;
офф-грид тизимлар ҳам аккумулятор сиғимига қараб, 6-7 млн сўмни ташкил этади.
Бу нарх тизимнинг барча асосий таркибий қисмлари — панеллар, инвертор, кабеллар ҳамда ўрнатиш хизматлари харажатларини ўз ичига олади.
Масалан, ўртача хонадон учун тавсия этиладиган 5 kW он-грид тизим тахминан 20-25 млн, 5 kW ҳибрид тизим (5 kWh аккумулятор билан) эса 30-35 млн сўмга тушади.
Он-грид тизимлар истеъмолни қоплаш ва ортиқча энергияни давлатга (1 kWh учун 1000 сўм) сотиш ҳисобига ўртача 3 йил ичида ўзини оқлайди. Электр энергияси тарифларининг ошиб бориши бу муддатни янада қисқартириши мумкин.
Ҳибрид тизимларда эса аккумуляторлар қўшимча харажат талаб қилгани сабабли, ўзини оқлаш муддати одатда 4,5-5 йилни ташкил этади. Бироқ улар электр таъминотидаги узилишлардан мустақил ишлаш имконини беради».
Қачон ўрнатиш мақсадга мувофиқ?
Мутахассиснинг таъкидлашича, ФЭС самарадорлигини баҳолашда ёз ойларидаги кундалик энергия истеъмоли ҳажмини инобатга олиш керак. Агар кундалик истеъмол 10-15 kWhʼдан юқори бўлса, тизим иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди.
Ўртача хонадон учун 10 kW қувватли тизим оптимал ечим ҳисобланади. Амалий жиҳатдан, айниқса Ўзбекистон шароитида, гибрид тизимларга устуворлик бериш тавсия этилади.
Сифат масаласи
Фотоэлектрик тизимлар бўйича эксперт Зоир Кенжаев VAQT.UZ ўқувчилари учун сифатли қуёш фотоэлектрик станциясини ўрнатишда қуйидаги тавсияларни беради:
Бозорда узоқ йиллардан буён фаолият юритаётган, ишончли тажрибага эга компанияларни танлаш, уларнинг амалга оширган лойиҳалари ва мижозлар фикрларини таҳлил қилиш;
ФЭС таркибий қисмлари — панеллар, инверторлар ва кабелларнинг халқаро сифат сертификатларига (IES ва бошқалар) эгалигига ишонч ҳосил қилиш ҳамда маҳсулотларни фақат расмий дистрибюторлардан харид қилиш;
Фотоэлектрик тизимни ўрнатишдан аввал ҳудудий электр тармоқларидан техник шартларни олиш ва бутун жараён ушбу талаблар асосида малакали мутахассислар томонидан бажарилишини таъминлаш;
Тизим ишга туширилгандан сўнг, мустақил ва малакали электротехника мутахассиси томонидан панел ва инверторларнинг ишлаш параметрларини текшириш;
Ўрнатиш ишларини амалга оширувчи корхона билан расмий шартнома тузиш. Шартномада монтаж ва электромонтаж ишларига камида 3 йил кафолат муддати белгиланиши зарур;
Фотоэлектрик станцияни мунтазам равишда техник хизматдан ўтказиб бориш.
Техник қоидалар
«SKB Energy Company» раҳбари Сарвар Қурбонов қуёш панелларида ҳақиқатдан ҳам энергия самарадорлигига эришиш, турли носозликларга йўл қўймаслик учун қуйидаги техник талабларга эътибор қаратишни тавсия қилади:
Инвертер жойлашуви: У тўғридан тўғри қуёш нури тушмайдиган, сув тегмайдиган, салқин ва шамоллатиб туриладиган жойга ўрнатилади. Ишчи ҳарорат 45-50 даражадан ошмаслиги керак.
Кабеллар: Ташқи муҳитга чидамли (UV-resistent), икки қатламли изоляцияга эга махсус кабеллар ишлатилиши зарур. Бошқа турдаги кабеллар фақат ташқи муҳитга чидамлилиги ва кучланишга бардошлилиги ҳисобга олинган ҳолда қўлланилиши мумкин.
Ўзбекистон шароитида қуёш нурланиши кучли бўлгани сабабли кабелларни гофра ёки труба ичида олиб юриш тавсия этилади. Акс ҳолда кабеллар тез қуриб, изоляция бузилиши ва қисқа туташув юзага келиши мумкин.
Ерлатиш (Заземление): Барча электр ускуналари, жумладан, инвертор ерга уланиши керак. Тизимни чақмоқ ва юқори кучланишдан ҳимоя қилиш учун ўрнатилган ускуна ҳам ерлатиш контурига уланиши шарт.
Панел ва том орасида камида 10-15 см масофа қолдирилиши зарур. Бу ҳаво айланишини таъминлайди ва панеллар қизиб кетганда фойдали иш коэффициенти пасайишининг олдини олади. Бундан ташқари, ёғингарчилик ва қорда нам камроқ тўпланади, бу эса панелларнинг узоқ хизмат қилишини таъминлайди. Икки томонлама панеллар эса ердан камида 1–1,5 метр баландликда ўрнатилиши зарур.
Ювиш имконияти: Панелларни тозалаш учун уларнинг атрофида юриш ёки сув сепиш имконияти бўлиши керак. Тозалашда панел юзасига зарар етказмайдиган махсус воситалар ва юмшоқ чёткалардан фойдаланиш лозим.
Ҳисоблагич: Тизим ўрнатилгандан сўнг электр тармоқлари корхонаси томонидан ҳисоблагич икки томонлама ҳисоблаш режимига қайта созланиши керак.
Панеллар ўрнатиладиган темир каркас алюминий ёки рухланган пўлатдан бўлиши лозим. Агар қора металл ишлатилса, зангламаслиги учун тегишли ҳимоя чоралари кўрилиши шарт.
Шамол юкламаси: Ўзбекистондаги шамол шароитини ҳисобга олган ҳолда конструкция томга мустаҳкам анкерлар билан қотирилиши керак. Томнинг юк кўтариш қобилияти ҳам ҳисобланиши зарур. Ўртача қўшимча юклама 15 кг/м² ни ташкил қилади.
Йўналиш: Ўзбекистон шароитида панеллар имкони борича жанубга қаратилган бўлиши керак. Оғиш бурчаги қишда максимал энергия олиш учун 27-35 даража оралиғида тавсия этилади.
Соя: Кун давомида (айниқса 10:00 дан 16:00 гача) панелларга дарахтлар, қўшни бинолар ёки антенналардан соя тушмаслиги керак.
Линиялар ҳимояси: ўзгармас ток томонида панеллардан тушган линиялар сақлагич ва автоматик ўчиргичлар билан ҳимояланган бўлиши керак. Ўзгарувчан ток томонида эса автоматик ўчиргич, UZIP ва кучланиш релеси ўрнатилиши мақсадга мувофиқ.
Эҳтиёждан ортгани — даромад
Қуёш ФЭСда ҳосил қилинган энергиянинг эҳтиёждан ортиқчасини давлатга сотиш мумкин. Бу «Қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори билан белгиланган. Бу қуйидагича ишлайди:
1-қадам. Тизимни рўйхатдан ўтказиш: Қуёш панеллари ўрнатилгандан сўнг «Солиқ» мобил иловасининг «Қуёшли хонадон» бўлими орқали тизимни рўйхатдан ўтказиш керак. Бунда тизимнинг қуввати, ўрнатилган манзили ва техник кўрсаткичлари киритилади. Рўйхатдан ўтиш солиқ имтиёзларини қўллаш ва кешбек олиш ҳуқуқини беради.
2-қадам. «Смарт» ҳисоблагич (ЭҲНАТ/АСКУЭ) ўрнатиш: Сотиш учун оддий ҳисоблагич етарли эмас, икки томонлама ишлайдиган ҳисоблагич керак. Уни ўрнатиш учун Ҳудудий электр тармоқлари корхонасига мурожаат қилинади. Кўп ҳолларда панелларни ўрнатган сервис компаниялари бу жараённи мувофиқлаштиради.
3-қадам. ҲЭТ билан шартнома тузиш: Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан «Электр энергиясини харид қилиш тўғрисида» расмий шартнома имзоланади. Шартномада банк реквизитлари ва томонларнинг мажбуриятлари коърсатилади.
4-қадам. Ўзаро ҳисоб-китоб: Ҳар ой якунида ҳисоблагич кўрсаткичлари автоматик равишда ЭҲНАТ тизимига юборилади. Агар истеъмол кўп бўлса, фақат фарқ учун тўлов қилинади. Агар ишлаб чиқариш кўп бўлса, ортган ҳар бир kWh учун давлат ҳақ тўлайди.
5-қадам. Тўловларни қабул қилиш: Ҳозирги тартибга кўра, тармоққа узатилган ҳар бир kWh ортиқча электр энергияси учун 1000 сўм миқдорида тўлов қилинади. Маблағ банк картасига ёки «Солиқ» иловасидаги ҳисобга ўтказилади.
Юридик шахслар ишлаб чиқарилган ортиқча энергиясини тўғридан-тўғри бошқа истеъмолчиларга сотиш ҳуқуқига ҳам эга.
Субсидия олиш
Аҳолини яшил энергиядан фойдаланишга рағбатлантириш мақсадида қуёш панелларини ўрнатиш харажатларига давлат томонидан субсидия ажратилади. Бу Энергия самарадорлиги миллий агентлигининг esma.uzex.uz платформаси орқали амалга оширилади. Бунинг учун сҳахсни таддиқловчи ҳужжат, OneID тизимидан рўйхатдан ўтиш ҳамда бинонинг кадастр ҳужжатлари талаб этилади. Субсидия олиш учун керакли барча амаллар бевосита платформада бажарилади. Бунда:
Энергия аудитор хизмати учун тўланган 70 фоиз пули қайтарилади.
Қурилма нархининг 20 фоизи таъминотчига ўтказиб берилади.
Энергоаудит хизматининг қолган 30 фоизи энергоаудиторга ўтказилади.
Солиқ имтиёзлари
Шунингдек, Ўзбекистонда яшил энергия учун қатор солиқ имтиёзлари ҳам жорий этилган. Хусусан, умумий қуввати 100 kWʼгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган ва улардан фойдаланувчи шахслар қуйидаги солиқларни тўлашдан уч йил муддатга озод этилади (улар фойдаланишга топширилган кундан эътиборан):
ушбу қурилмалар бўйича — юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқдан,
алоҳида турувчи қурилмалар билан банд бўлган ер участкалари бўйича — юридик шахслардан олинадиган ер солиғидан,
электр энергиясини умумий тармоққа сотишдан олинган фойда бўйича — фойда солиғидан;
уй-жой фондининг кўчмас мулк обектлари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғидан.
Агар қурилмалар ўрнатилаётган қуёш панеллари қувватининг 25 фоизидан кам бўлмаган қувватни ташкил этадиган электр энергиясини сақлаш тизими билан ўрнатилган бўлса, юқоридаги солиқ имтиёзлари ўн йил муддатга қўлланилади (улар фойдаланишга топширилган кундан бошлаб).
Шунингдек, қуёш энергияси тизимини йўлга қўйишда четдан олиб келинадиган қурилмалар учун ҳам қатор енгилликлар жорий этилган. Хусусан, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари, уларнинг бутловчи буюмлари ва эҳтиёт қисмлари учун божхона божи тўланмайди. Бунда божхона тўловларини (ҚҚС билан бирга) 120 кун муддатга кечиктириб тўлаш имконияти ҳам мавжуд.
Имтиёзли кредит
Мазкур жабҳада рағбатлантирувчи яна бир молиявий инструмент бу — имтиёзли кредитлар. Қайта тикланувчи энергия ускуналарини харид қилиш ва ўрнатиш учун тижорат банклари томонидан бозордан пастроқ (одатда 20 фоиз) ставка асосида 200 млн сўмгача кредит ажратилади. Кредитлар муддати 3 йилдан 10 йилгача бўлиб, кўп ҳолларда кредитнинг асосий қисмини тўлаш учун 6 ойгача имтиёзли давр ҳам белгиланади.
«Яшил» кредит дастурларини таклиф этадиган банклар ҳақида ушбу ҳавола орқали батафсил маълумот топиш мумкин.
Саодат Абдураҳмонова тайёрлади.





