Logo

Россия ва Хитой «Starlink»ни йўқ қилиш лойиҳаларини муҳокама қилди — ОАВ

Бугун 19:173 дақиқа

Журналистлар ихтиёрига Россия ва Хитой ҳарбий ҳамкорлигига оид ҳужжатлар келиб тушган.

Россия ва Хитой «Starlink»ни йўқ қилиш лойиҳаларини муҳокама қилди — ОАВ

Хитой ва Россия вакиллари «Starlink» йўлдошларига қарши биргаликда курашиш, шунингдек, янги авлод ҳаво ҳужумидан ва ракетадан мудофаа мажмуавий тизимини ишлаб чиқиш бўйича умумий лойиҳани муҳокама қилишди. Бу ҳақда «The Insider», «Der Spiegel» ва «Le Monde» суриштирувида айтилади.

Журналистлар ихтиёрига Россия ва Хитой ҳарбий ҳамкорлигига оид ҳужжатлар келиб тушган.

Ҳужжатлардан маълум бўлишича, 2023 йил ноябр ойида Гуанчжоуда бўлиб ўтган ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича форумда Хитой россиялик ҳамкорларга Илон Маскнинг «Starlink» йўлдошларига қарши турли усуллар билан — юридик усуллардан тортиб тўғридан-тўғри йўқ қилишгача курашишни таклиф қилган. Хусусан, қуйидагилар таклиф этилган:

- ҳамкорликда ҳуқуқий ва дипломатик босим уюштириш;
- «Starlink»ни кенгайтириш учун зарур бўлган частота диапазонлари ва орбитал позицияларни эгаллаш ҳамда биргаликда электромагнит халақитларни яратиш;
- фуқаролик фойдаланувчиларининг терминаллари орқали «Starlink»га киберҳужумлар уюштириш ва тармоқ йўлдошларини йўқ қилиш учун арзон қурол яратиш.

Махфий музокаралар

Суриштирув муаллифлари аниқлашича, форумдан бир неча ой олдин, 2023 йил июнида Москвага Хитой ҳарбий делегацияси келган. Ташриф мақсади Россиянинг етакчи ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишлаб чиқарувчиси «Алмаз-Антей» билан махфий музокаралар ўтказиш бўлган. Делегатлар Хитойга қурол етказиб бериш бўйича шартнома билан қайтишган.

«The Insider» ихтиёрида бўлган (ва унда кўрсатилган иштирокчиларнинг парвоз маълумотлари билан мустақил равишда тасдиқланган) ушбу музокараларнинг имзоланган ишчи баённомаси шуни кўрсатадики, Россия-Хитой ҳарбий ҳамкорлиги умумий баёнотлар доирасидан чиқиб, ҳеч қайси давлат якка ўзи ишлаб чиқа олмайдиган қуролларни яратиш бўйича тузилмавий кўп тармоқли дастурга айланган.

Бошқа масалалар қаторида, томонлар янги авлод ҳаво ҳужумидан ва ракетадан мудофаа мажмуавий тизимини ишлаб чиқишга келишиб олишди. У баллистик ракеталарни, манёвр қилувчи жанговар блокларни ва гипертовушли ракеталарни парвознинг якуний босқичида тутиб қолишга мўлжалланган. Ишлаб чиқиш жараёни қайси босқичда экани номаълум.

2024 йил декабр ойида Екатеринбургда бўлиб ўтган навбатдаги Хитой-Россия форумида Хитойдан келган ҳарбий тадқиқотчилар Пекинга Россия дронларининг Украинадаги ҳужумлари ҳақидаги маълумотларни узатишни таклиф қилишган.

«The Insider» тушунтиришича, Хитой 160 турдаги камикадзе-дронларига (барражировка қилувчи ўқ-дориларига) эга, бироқ Россиядан фарқли ўлароқ, уларни қўллаш бўйича реал жанговар тажрибага эга эмас. Шунинг учун Пекин вакиллари Москвага ўзаро алмашинувни расмийлаштиришни таклиф қилди — Россия жанг майдонидаги билимлари билан ўртоқлашади, Хитой эса янги авлод автоном «тўда» ўқ-дориларини ишлаб чиқиш учун сунъий интеллект технологиялари ва оммавий ишлаб чиқариш ресурслари билан бўлишади.

Бундан ташқари, Хитой Россияни санкциялар шароитида маҳсулот етказиб беришни алмашишга чақирди: Пекин микросхемалар ва электроника етказиб беради, Москва эса Хитойнинг санкциялар туфайли кириши чекланган хомашё ва таркибий қисмларни етказиб беради.

«Starlink» сунъий йўлдош алоқаси расман Россияда ишламайди, бироқ Россия армияси Украинага ҳужум қилаётган дронларни учириш учун терминаллардан фойдаланган. Россияга ушбу терминаллар ноқонуний равишда — учинчи давлатлар орқали кириб келади.

Украинада «Starlink» орқали алоқа жанг майдонида муҳим рол ўйнайди: шифокорлар ундан эвакуацияларни мувофиқлаштиришда, артиллерия қисмлари нишонга олишда, учувчисиз қурилмалар операторлари дронларни реал вақт режимида бошқаришда фойдаланадилар.

Аввалроқ «Reuters» агентлиги Россия қўшинлари радиоэлектрон кураш тизимлари ёрдамида Украина дронларининг зарба беришига тўсқинлик қилиш мақсадида Starlink ишини тўсишга уринаётгани ҳақида хабар берган эди.

Теглар

Мавзуга оид