ШҲТ Ҳукумат раҳбарлари кенгашига раислик Ўзбекистонга ўтди
Душанбеда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг 24-йиғилиши бўлиб ўтди.
© Foto: RIA Novosti20 октябрь куни Душанбе шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг 24-йиғилиши Тожикистон раислигида ўтказилди.
Йиғилиш якунида Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода кенгашга раислик Ўзбекистон Республикасига ўтаётганини эълон қилди.
«Ҳукумат раҳбарлари кенгашига раислик Ўзбекистон Республикасига ўтади. Ўзбекистонлик дўстларимизга ушбу масъулиятли вазифани бажаришда муваффақият тилайман», — деди у.
Кейинги йиғилишни 2027 йилда Ўзбекистонда ўтказиш режалаштирилган.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) 2001 йил 15 июнда Хитойнинг Шанхай шаҳрида ташкил этилган. Унинг асосчилари Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳисобланади. Ташкилот минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашиш, шунингдек, аъзо давлатлар ўртасида иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида тузилган.
Ҳозирги вақтда ШҲТга 10 та давлат аъзо: Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 1 сентябрда Бишкек шаҳрида ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг 26-йиғилиши бўлиб ўтди. Қирғизистон президенти Садир Жапаров раислигида ўтган саммитда аъзо давлатлар раҳбарлари ва ҳукумат вакиллари иштирок этди. Йиғилиш якунида Бишкек декларацияси ҳамда ташкилот фаолиятининг турли йўналишларига оид бошқа ҳужжатлар қабул қилинди.





