add

Сўмнинг мустаҳкамланиши Ўзбекистон иқтисодиётига нима берди?

Икки йил ичида илк бор 26 ноябр куни сўмнинг долларга нисбатан расмий курси 11 900 сўмдан пастга тушди. Йил бошидан бери долларга нисбатан 7 фоиздан ортиққа қадрланган сўм валюта бозорида сезиларли даражада мустаҳкамланмоқда.

Сўмнинг мустаҳкамланиши Ўзбекистон иқтисодиётига нима берди?

Марказий банк маълумотларига кўра, 2024 йил давомида миллий валюта долларга нисбатан 7 фоиздан ортиқ мустаҳкамланиб, ички молия бозорларида барқарорликни кучайтирди. Натижада импорт маҳсулотлари нархи орқали шаклланадиган инфляция босими сезиларли пасайди. Хусусан, октябрь ойида саноат маҳсулотлари нархининг ўсиши 5,8 фоизгача секинлашди. Шу билан бирга хизматлар соҳасидаги нархлар ўсиши ҳали ҳам юқори темпда сақланиб қолмоқда, деб хабар бермоқда Spot.

Сўмнинг барқарорлашуви инфляцион кутилмаларни ҳам кескин камайтирди. Марказий банк ҳисоб-китобларига кўра, аҳоли ва бизнеснинг валюта курсини кузатиб шакллантириладиган кутилмалари 2024 йил ноябридаги 51 фоиздан ўтган ойда 22 фоизга тушди. Бу валюта бозоридаги беқарорлик эҳтимолини камайтириб, ички бозорларда прогнозлаштириш имкониятларини кенгайтирди.

Миллий валютага ишонч мустаҳкамланиши натижасида иқтисодиётдаги пул массаси ҳам ортиб бормоқда. 2024 йил бошида 220,1 трлн сўмни ташкил этган пул массаси октябрга келиб 282,3 трлн сўмга етди, бу 28,1 фоизлик ўсиш демакдир. Бундай динамика ички айланмада сўмдаги ресурслар улушининг ортаётганини кўрсатади.

Кредитлар ва омонатлар сегментида дедолларизатсия жараёни тезлашди. Йил бошидан бери банклар портфелидаги хорижий валютадаги кредитлар улуши 41 фоиздан 38 фоизга тушди. Депозитларда эса бу кўрсаткич 26 фоиздан 23 фоизга камайди. 2021 йилдан буён кредитлар бўйича дедолларизатсия 10 фоиз пунктга, омонатларда эса 16 фоиз пунктга етди.

Сўмнинг мустаҳкамланиши ташқи қарзга хизмат кўрсатиш харажатларини ҳам қисқартирди. Давлат бюджети бу йўналишда 4,7 фоиз тежамкорликка эришди, бизнес сектори эса қарз харажатларини тахминан 5 фоизга камайтирди. Марказий банк раиси Тимур Ишметовнинг айтишича, сўм қадри ошгани ҳисобига давлат ташқи қарзи бўйича харажатлар 1,3 трлн сўмга, корпоратив қарзлар бўйича эса 3,6 трлн сўмга камайган. Иқтисодиёт умумий тежами 4,9 трлн сўмни ташкил этди.

Марказий банк раҳбариятининг таъкидлашича, сўмнинг барқарорлиги иқтисодий фаолликни ҳимоя қилиш, иқтисодиётнинг ташқи омилларга сезувчанлигини пасайтириш ва молиявий барқарорликни таъминлашда муҳим омил бўлиб қолмоқда.

Макроиқтисодий ва минтақавий тадқиқотлар институтининг сентябр ойи таҳлилига кўра, сўмнинг мустаҳкамланиши натижасида, айниқса, долларда ифодаланган ижара нархлари орта бошлаган. Шу билан бирга, лизинг берувчиларнинг бозордаги кутилмалар ва талаб ўсиши фонида нархларни ошириши ижара бозорида қўшимча босим яратган.

Эслатиб ўтамиз, S&P халқаро агентлиги ўзбек сўмининг долларга нисбатан келгуси йилларда қандай ўзгариши ҳақидаги кутилмаларини эълон қилган эди.

Прогнозларга кўра, сўмнинг долларга нисбатан курси келгуси уч йилда қуйидагича бўлиши кутилмоқда: 2026 йилнинг охирида – 12 592 сўм; 2027 йилнинг охирида – 13 158 сўм; 2028 йилнинг охирида – 13 751 сўм.

Аввалроқ, аҳолининг валюта таклифи талабдан 7,8 млрд долларга ошганлиги ҳақида хабар берилган эди.

Теглар

Мавзуга оид