Logo

«SpaceX» ва «Tesla» бирлашиши мумкин

Бугун 15:545 дақиқа

«SpaceX» 2026 йилнинг учинчи чорагида 4,4 млрд доллар соф фойда олди. Компания даромади 161 фоизга ошган бир пайтда, Илон Маск «Tesla» билан эҳтимолий бирлашув масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилди.

«SpaceX» ва «Tesla» бирлашиши мумкин © Sun'iy intelekt

Илон Маск бошқарувидаги «SpaceX» компанияси 2026 йилнинг июл–сентябр ойларида 14,6 млрд долларлик тушум ва 4,4 млрд долларлик соф фойда қайд этди. Бу бир йил аввалги мос даврда кузатилган 1,1 млрд долларлик молиявий зарарга нисбатан кескин бурилишдир. Мазкур юксалишда сунъий интеллект хизматлари, булутли ҳисоблаш инфратузилмаси ҳамда «Starlink» сунъий йўлдош интернет тармоғи асосий омил бўлди.

Молиявий ҳисобот 20 октябр куни эълон қилинди. Ўша куни сармоядорлар билан ўтган мулоқотда Маск «SpaceX» ва «Tesla» бирлашиши эҳтимоли кўриб чиқилаётганини тасдиқлади. Бироқ у бундай битимнинг амалга ошиши муқаррар эмаслигини, ҳар икки компаниянинг мустақил директорларидан иборат махсус қўмиталар ҳали келишув шартлари бўйича бир қарорга келмаганини алоҳида таъкидлади.

Сунъий интеллект «SpaceX» даромадининг асосий манбаига айланди

«SpaceX» ҳисоботига кўра, 2026 йилнинг учинчи чорагида компаниянинг жами даромади 14,575 млрд долларни ташкил этган. Бу 2025 йилнинг мос давридаги 5,576 млрд доллардан 161 фоиз кўпдир.

Компания ўз фаолиятини учта асосий тармоқ бўйича юритади:

·         сунъий интеллект ва ҳисоблаш инфратузилмасини ўз ичига олган «Super Intelligence» (SI);

·         «Starlink» тармоғини бирлаштирган «Connectivity» (алоқа хизматлари);

·         ракета учириш ва космик дастурларни қамраб олган «Space» (космос) сегментлари.

Учинчи чоракда тармоқлар кесимидаги даромад қуйидагича тақсимланди:

·         «Super Intelligence» (SI) — 7,56 млрд доллар тушум. Бу ўтган йилги 813 млн долларга нисбатан қарийб 9,3 баробар кўп.

·         «Connectivity» — 5,248 млрд доллар тушум. Ўтган йилги кўрсаткич 3,097 млрд долларни ташкил этган бўлиб, йиллик ўсиш 69 фоизни ташкил этди.

·         «Space» — 1,767 млрд доллар тушум. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 6 фоизга юқори.

Энг катта тушум айнан SI тармоғидан келган. «SpaceX» ҳисоботида бунга янги булутли шартномалар, «Cursor» дастурлаш воситасининг сотиб олиниши ҳамда корпоратив мижозлар ва оддий истеъмолчилар томонидан «Grok» сунъий интеллект моделидан фойдаланиш кескин ошгани сабаб қилиб кўрсатилган.

Компания булутли ҳисоблаш инфратузилмасини янада кенгайтириб, унинг умумий қувватини 2026 йил 30 сентябр ҳолатига 1,7 гигаваттга етказди.

«Starlink» тармоғидаги фойдаланувчилар 13,6 миллионга етди

«SpaceX» тушумининг иккинчи йирик манбаи — «Starlink» сунъий йўлдош интернет хизматини ўз ичига олган «Connectivity» сегментидир.

Расмий маълумотларга қараганда, 2026 йил 30 сентябр ҳолатига кўра, «Starlink» тармоғидан фойдаланувчилар сони 13,6 миллионга етди. Бу 2025 йилнинг мос давридаги 7,2 миллионлик кўрсаткичдан анча юқори. Фақатгина 2026 йилнинг иккинчи ва учинчи чораклари оралиғида обуначилар сафи 1,6 миллионга кенгайган.

Шунингдек, ҳисоботда корпоратив ва давлат буюртмачилари учун тақдим этилаётган қўшимча хизматлар ҳам қайд этилган. Хусусан, сентябр якунига келиб 3 800 дан ортиқ авиалайнерда «Starlink» алоқаси муваффақиятли йўлга қўйилган.

Алоқа сегментининг жами тушуми 5,248 млрд долларни, операцион фойдаси эса 2,367 млрд долларни ташкил этди.

Фойда ошди, бироқ харажатлар ҳам кескин кўтарилди

«SpaceX» қайд этган 4,4 млрд долларлик соф фойда компания фаолиятидаги муҳим бурилиш нуқтаси бўлди. Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг учинчи чорагида 1,1 млрд доллар, 2026 йилнинг иккинчи чорагида эса 541 млн доллар зарар қайд этилган эди.

Аммо соф фойданинг кўпайиши чиқимлар камайганини англатмайди. Компаниянинг учинчи чоракдаги капитал харажатлари 19,593 млрд долларни ташкил этди. Бу 2025 йилнинг шу давридаги 6,88 млрд доллардан қарийб уч баробар кўп.

Ушбу сармоянинг 16,444 млрд доллари айнан SI сегментига йўналтирилган. Компания буни ҳисоблаш қувватлари, маълумотлар марказлари ва сунъий интеллект инфратузилмасини жадал кенгайтириш зарурияти билан изоҳлайди.

«Associated Press» хабарига кўра, «SpaceX» жорий чоракда капитал харажатлари 35–40 млрд долларгача етиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Капитал харажатлар ва соф фойда бир-биридан тубдан фарқ қилувчи молиявий тушунчалардир. Биринчиси узоқ муддатли активлар ва инфратузилмани барпо этишга сарфланган маблағни билдирса, иккинчиси муайян даврда олинган тушумлар билан жорий чиқимлар ўртасидаги ижобий қолдиқни англатади. Шу сабабли 19,6 млрд долларлик сармояни «компания 19,6 млрд доллар зарар кўрди» деб талқин қилиш хатодир.

 «SpaceX» ва «Tesla» бирлашиши мумкинми?

20 октябр куни молиявий натижаларни сармоядорлар билан муҳокама қилиш чоғида Маск «SpaceX» ва «Tesla» ўртасидаги эҳтимолий бирлашув масаласига ойдинлик киритди.

Унинг билдиришича, ҳар икки компания акциядорлар талабига биноан мустақил директорлардан иборат алоҳида қўмиталар ташкил этган бўлиб, улар мазкур битим истиқболларини ўрганмоқда. Маск манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик мақсадида бу муҳокамаларда шахсан иштирок этмаётганини маълум қилди.

«SpaceX ва Tesla албатта бирлашади, деб қатъий ишонаётганлар бор. Лекин бу жараённи муқаррар деб ҳисоблашга ҳали эрта», — деди Маск.

Шу билан бирга, у икки гигант компанияни бирлаштириш ғояси ортида катта истиқбол мавжудлигини яширмади. Унинг фикрича, бундай ҳамкорлик сунъий интеллект, микрочиплар ишлаб чиқариш, робототехника ва космик тизимлар борасидаги имкониятларни бирлаштиришга хизмат қилади.

Бироқ Маск бирлашув бўйича ҳали аниқ шартлар келишилмаганини ва битим кафолатланмаганини таъкидлади. Хусусан, «Tesla» томонидан бу битимни маъқуллаш учун компанияга тегишли барча акцияларнинг камида 50 фоизи овози талаб этилади.

Нега икки компаниянинг бирлашуви кун тартибига чиқди?

«Tesla» асосан электромобиллар, энергия сақлаш тизимлари ва робототехникага ихтисослашган бўлса, «SpaceX» ракетасозлик, сунъий йўлдош алоқаси ҳамда сунъий интеллект ҳисоблаш инфратузилмасини ривожлантирмоқда.

Маск эҳтимолий интеграцияни изоҳлар экан, айнан технологиялар синтезига диққат қаратди. Унинг фикрича, икки компаниянинг салоҳиятини бирлаштириш сунъий интеллект моделларини яратиш, ихтисослаштирилган чиплар, автоном роботлар ва космик комплекслар тараққиётини тезлаштиради.

 

Теглар

Мавзуга оид

«SpaceX» ва «Tesla» бирлашиши мумкин | Vaqt.uz