«Starlink» Ўзбекистонда «Beeline» тармоғига интеграция қилиниши мумкин

04.03.2026 | 18:002 дақиқа

VEON Group 2026 йилда сунъий йўлдош интернетини Покистон, Бангладеш ёки Ўзбекистондан бирида ишга туширишни кўриб чиқмоқда.

«Starlink» Ўзбекистонда «Beeline» тармоғига интеграция қилиниши мумкин

Испаниянинг Барселона шаҳрида 2 март куни ўтказилган тадбирда VEON Group бош директори Каан Терзиўғли компаниянинг сунъий йўлдош интернети бўйича режаларини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, компания 2025 йилда SpaceX билан ҳамкорлик шартномасини имзолаган.

Келишувга мувофиқ, Starlink сунъий йўлдош интернети мобил оператор тармоғига интеграция қилинади ва зарурат туғилганда алоқа инфратузилмасини қўллаб-қувватлайди. Бу ечим, аввало, чекка ҳудудлар ёки инфратузилмаси шикастланган жойларда интернет алоқасини барқарор таъминлашга қаратилган.

Компания раҳбарининг таъкидлашича, ушбу технология оператор тармоғи қамрови етарли бўлмаган ҳудудларда интернетга уланиш имкониятини кенгайтиради. Шу тариқа, сунъий йўлдош интернети мобил алоқа инфратузилмаси учун қўшимча қоплама сифатида ишлайди.

Терзиўғли маълум қилишича, VEON Starlink хизматини илк бор Қозоғистондаги Beeline тармоғига интеграция қилишни режалаштирган. Компания бу хизматни 2026 йил март ойи охирига қадар тўлиқ ишга туширишни мақсад қилган.

Шунингдек, VEON 2026 йил давомида Покистон, Бангладеш ёки Ўзбекистондан камида биттасида Starlink хизматини жорий этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу орқали компания сунъий йўлдош интернетидан фойдаланувчилар сонини кескин оширишни режалаштирмоқда.

Компания раҳбарига кўра, 2026 йил якунига қадар Украинада Starlink орқали интернетдан фойдаланувчилар сони 5 млн нафардан 12 млн нафаргача етиши мумкин. Бу кўрсаткич VEON компаниясининг Украинадаги оператори Kyivstar абонентларининг қарийб ярмига тенг бўлади.

Маълумот учун, Қозоғистон ва Тожикистонда Starlink хизмати аллақачон ишга туширилган. Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида, жумладан Ўзбекистонда ҳам, сунъий йўлдош интернети 2026 йил якунига қадар жорий этилиши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид