Logo

Судлар тизимида 2027-йилдан янги тартиб жорий этилади

Ўзбекистонда суд қарорларини қайта кўриб чиқишдан тортиб рақамли хизматларгача бўлган тизимни ўзгартирувчи «Одил судлов – 2030» стратегияси тасдиқланди.

Судлар тизимида 2027-йилдан янги тартиб жорий этилади © crypto.runfyers.com

Президент Шавкат Мирзиёев суд тизими раҳбарлари билан учрашувда 2030-йилгача судларни ривожлантириш стратегиясини маъқуллади. Унда 57 та вазифа ва 33 та мақсад белгиланган.

Стратегияга кўра, 2027-йил 1-июлдан 5 та ҳудудлараро суд ташкил этилади. Улар қуйи судлар қарорларини тафтиш тартибида қайта кўриб чиқади. Вилоят судларида апелляция ва кассация инстанциялари сақланади. Бу бир суднинг ўз қарорини ўзи қайта кўриб чиқишига чек қўяди ва фуқароларнинг адолат излаб пойтахтга бориш заруратини камайтиради.

Ҳужжатда фуқаролик судларини 2030-йилга қадар заруратга қараб қарийб барча туман ва шаҳарларда ташкил этиш назарда тутилган. Судга нотўғри юборилган ариза фуқарога қайтарилмайди, балки тегишли судга ўтказилади.

Барча судларда ахборот олиш, мурожаат топшириш ва рақамли хизматлардан фойдаланиш ягона дарча асосида йўлга қўйилади. Судлар аризалардаги жузъий камчиликларни бартараф этишда фуқарога кўмаклашади.

Тадбиркорларга енгиллик


Иқтисодий низоларни тезроқ ҳал қилиш учун «иқтисодий ишларни проактив бошқариш» стандарти жорий этилади. Бу тадбиркорларнинг идорама-идора сарсон бўлиши ва ҳужжатларни қайта топширишини камайтиришга қаратилган.

Тергов ва суриштирув босқичида инсон ҳуқуқларини кучайтириш учун «асосли гумон» стандарти киритилади.

Тергов судьяси ушлаб туриш қонунийлигини, гумон ёки айблов учун асослар етарлилигини текширади, қўшимча ҳужжатлар талаб қилиши мумкин. Бу орқали шахс эркинлигининг асоссиз чекланишига йўл қўймаслик мақсад қилинган.

Ягона суд амалиётини таъминлаш учун Олий суд Раёсати қарорларини қамраб оладиган очиқ «Претседентлар реестри» юритилади. 2028-йилдан судьяларни ташкилий вазифалардан озод этиш учун «суд маъмурчилиги» институти жорий этилади.

Рақамлаштириш тезлашади


«Рақамли суд» концепцияси барча судларда тўлиқ ишга туширилади. «my.sud.uz» портали ва унинг мобил иловаси такомиллаштирилади. Судларга мурожаатларнинг камида 50 фоизини электрон шаклда бериш, мажлисларнинг 100 фоизини аудиоёзувда қайд этиш режалаштирилган.

Шунингдек, медиация ва ярашув механизмлари кенгайтирилади, ноқонуний деб топилган маъмурий ҳужжатларнинг очиқ реестри юритилади. «Халқ вакиллари ҳайъати» иштирокида кўриладиган жиноят турлари камида 3 тага етказилади.

Стратегия 2026–2028-йилларга мўлжалланган 160 та чора-тадбирдан иборат ҳаракатлар дастури билан амалга оширилади. Унда суд мустақиллигини мустаҳкамлаш, судьялар ҳамжамияти самарадорлигини ошириш ва кадрларни хорижда малака ошириш бўйича таклифлар ҳам бор. Президент лойиҳани маъқуллаб, ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган фармонни имзолади.

Теглар

Мавзуга оид