Табиий фанларда 83 балл кўтарилиш, Президент мактаблари иштироки ва эълон қилинмаган икки натижа — Ўзбекистоннинг таълимдаги кўрсаткичлари қандай?
PISA-2025 рейтингида Ўзбекистоннинг табиий фанлар бўйича натижаси 83 баллга ошиб, мамлакат 48-ўринга кўтарилди. Бироқ математика ва ўқиш бўйича натижалар эълон қилинмаган, таълимдаги табақалашув ва Президент мактабларининг рейтинг натижаларига таъсири юзасидан ҳам саволлар очиқ қолмоқда.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) томонидан PISA 2025 халқаро баҳолаш дастури натижалари Таълим форуми доирасида расман эълон қилинди.
PISA (Programme for International Student Assessment) — Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) томонидан ўтказиладиган халқаро баҳолаш тадқиқоти бўлиб, унда 15 ёшли ўқувчиларнинг билимни реал ҳаётдаги вазиятларда қўллай олиш қобилияти баҳоланади. 2025-йилги тадқиқотда 91 мамлакат ва иқтисодиётдан 760 мингдан ортиқ ўқувчи қатнашди.
Ўзбекистон ушбу тадқиқотда иккинчи марта қатнашмоқда. Тадқиқотда мамлакатдаги халқаро ташкилот томонидан тасодифий танлаб олинган 233 та мактабнинг 8 652 нафар 15 ёшли ўқувчилари иштирок этган.
Табиий фанларда 48-ўрин
Ўзбекистонлик ўқувчилар табиий фанлар йўналишида 438 балл тўплаб, 91 та давлат ҳамда таълим тизими орасида 48-ўринни эгаллади.
Мамлакатнинг 2022-йилдаги натижаси 355 балл билан 80-ўрин бўлган. Уч йил ичида балл 83 пунктга ошиб, рейтинг 32 поғонага яхшиланган.
Ўсиш нафақат ўртача балл, балки базавий билим ва кўникмаларни эгаллаган ўқувчилар улушида ҳам кўринади. PISA мезонларида 2-даража базавий даража ҳисобланади. Ушбу даражага эришган ёки ундан юқори натижа кўрсатган ўқувчилар улуши 2022-йилдаги 19 фоиздан 2025-йилда 65 фоизга етган.
Рақамли кўникмаларда 72-ўрин
PISA–2025 доирасида ўқувчиларнинг «Рақамли дунёда ўрганиш» йўналишидаги кўникмалари ҳам баҳоланди.
Ўзбекистон бу йўналишда 402,4 балл тўплаб, 72-ўринни эгаллади. Бу натижа табиий фанлардаги кўрсаткичдан анча паст бўлса-да, у ўқувчиларнинг рақамли муҳитда билим олиш ва технологиялардан фойдаланиш қобилияти ўртача даражада эканини кўрсатади.
Математика ва ўқиш саводхонлиги натижалари шубҳали
Мамлакатнинг математика ва ўқиш саводхонлиги кўрсаткичлари эса шубҳали деб топилиб, эълон қилинмади.
ИҲТТ Ўзбекистонда ушбу икки йўналиш бўйича жавоб маълумотларида қатор номутаносибликлар аниқланганини билдирган. Бундай номутаносибликлар айрим мактаблар ва ҳудудларда кўпроқ учрагани сабабли натижаларни бошқа давлатлар ёки аввалги йиллар билан тўғридан-тўғри таққослаш имконияти чекланган.
«Бошқа йўналишлар — табиий фанлар ҳамда “Рақамли дунёда ўрганиш” бўйича жавоб маълумотларида бундай муаммолар аниқланмади ва улардан натижаларни эълон қилишда фойдаланиш мумкин», — дейилади ҳисоботда.
Шу сабабли Ўзбекистоннинг PISA–2025 натижалари фақат табиий фанлар ва «рақамли дунёда ўрганиш» маълумотлари асосидаги жадвал ҳамда кўрсаткичларда эълон қилинди. Математика ва ўқиш бўйича натижалар қўшимча ўрганилгандан кейин эълон қилиниши мумкин.
ИҲТТ билан музокаралар давом этмоқда
Абдулла Авлоний номидаги институт ректори Абдували Исмоиловнинг маълум қилишича, ушбу масала юзасидан ИҲТТ билан муҳокамалар олиб борилмоқда. Унинг таъкидлашича, математика ва ўқиш натижаларини чуқур таҳлил қилиш ҳамда уларга таъсир қилган омилларни ўрганишдан сўнг уларни эълон қилиш бўйича алоҳида хулоса қабул қилинади.
Исмоилов табиий фанлар бўйича натижалар ўсишини сўнгги йиллардаги таълим ислоҳотлари, ўқитувчиларнинг касбий ривожланиши ва PISA’да баҳоланадиган кўникмаларни таълим жараёнига жорий этиш билан изоҳлади.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги икки йилда ўқитувчилар учун касбий ривожланиш куни ва соати доирасида халқаро тажрибага асосланган тренинглар ўтказилган. Шунингдек, PISA форматидаги топшириқлар ва тегишли кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган материаллар ҳамда платформалар таълим жараёнига жорий этилган.
Тадқиқотида президент мактабларининг иштироки баллни сунъий оширдими?
2025-йилда халқаро PISA тадқиқотида Ўзбекистондаги барча президент мактаблари ва 3 та ихтисослаштирилган мактаб ҳам қатнашган. Ўша вақтларда жамоатчилик фаоллари таълим муассасаларини танлашда репрезентативлик тамойили бузилганини айтиб, бу ўртача баллни сунъий оширишига эътироз билдирганди.
Ўша вақтларда Мактабгача ва мактаб таълими вазири бўлган Ҳилола Умарова эса вазиятга қуйидаги изоҳ берган:
«PISA тадқиқотида иштирок этиш учун Ўзбекистондаги 233 та мактаб тасодифийлик тамойили асосида танлаб олинган. Мактабларни танлаш жараёнига вазирлик умуман аралашмайди, OECD танлаб, ўтказади. Вазирликка ҳаққоний таҳлил, натижалар керак. Кўзбўямачилик эмас».
PISA тадқиқоти асосчисидан расмий муносабат
PISA тадқиқоти асосчиси Андреас Шлейхер эса ўтган йили Gazeta.uz’га берган изоҳида президент мактаблари тасодифий эмас, аксинча, ҳукумат таклифи билан қўшимча киритилганини маълум қилганди.
Унинг сўзларига кўра, президент мактаблари Ўзбекистоннинг стандарт, пропорционал танланмасига қўшимча гуруҳ сифатида киритилган. Шу сабабли уларнинг натижалари мамлакат бўйича умумий кўрсаткич ҳисобланаётганда бошқа ўқувчилар билан тенг вазнда олинмайди.
«PISA натижаларни ҳисоблашда муайян турдаги мактаблар умумий натижага ҳаддан ташқари катта таъсир қилмаслиги учун танланмага вазн бериш методикасини қўллайди», — дея тушунтирган Шлейхер.
Яъни президент мактабларидаги ўқувчилар сони мамлакатдаги жами PISA талабларига мос ўқувчилар сонига нисбатан қанчалик кичик бўлса, уларнинг якуний натижага таъсири ҳам шунга мос равишда камаяди. Уларнинг алоҳида танланма сифатида иштирок этиши эса ушбу мактабларнинг таълим натижаларини мустақил таҳлил қилиш имконини беради.
Шлейхер Ўзбекистоннинг танланмаси ҳудудларнинг урбанизация даражасига қараб 27 та гуруҳга ажратилганини ҳам маълум қилган. Мактаб ва ўқувчилар дастлаб ушбу гуруҳлардаги уларнинг умумий сонига мутаносиб равишда танланган. Президент мактаблари эса кейинчалик алоҳида гуруҳ сифатида қўшилган.
Унинг таъкидлашича, президент мактабларининг танланмадаги улуши оширилган бўлса-да, улар Ўзбекистоннинг умумий PISA натижаларида ҳаддан ташқари катта вазнга эга бўлмайди.
Шу боис, PISA тадқиқотчиси нуқтаи назаридан, президент мактабларининг иштироки тадқиқотнинг мамлакат бўйича натижаларини бузмайди. Аксинча, уларнинг алоҳида ҳисобга олиниши ушбу таълим муассасаларининг самарадорлиги ҳақида қўшимча маълумот олиш имконини беради.
«Аммо бу натижаларга президент мактабларининг ёппасига қатнашиши қандай таъсир қилгани ҳозирча очиқланмади», — деб ёзади таълим эксперти Комил Жалилов Telegram саҳифасида.
Абдулла Авлоний номидаги институт ректори эса президент мактабларининг табиий фанлар бўйича умумий натижага таъсири ҳам катта бўлмаганини қайд этмоқда. Унинг айтишича, уларнинг улуши умумий ўртача кўрсаткичга таъсир қиладиган даражада эмас.
Марказий Осиё ва дунёда етакчи мамлакатлар
PISA–2025 натижаларида табиий фанлар ва математика бўйича энг юқори кўрсаткични Хитойнинг Пекин, Шанхай, Цзянсу ва Чжэцзян ҳудудлари ўқувчилари қайд этди. Ўқиш саводхонлиги ҳамда масалани компютер ёрдамида ечиш бўйича эса Сингапур етакчилик қилди.
Марказий Осиё мамлакатлари орасида Ўзбекистон табиий фанлар бўйича 438 балл билан 48-ўринни эгаллади. Бу кўрсаткич ИҲТТ мамлакатлари ўртачасидан 44 балл паст бўлса-да, Қозоғистоннинг 420, Озарбойжоннинг 409, Қирғизистоннинг 363 ва Душанбенинг 334 баллик натижасидан юқори.
Рақамли кўникмалар йўналишида Ўзбекистон 402 балл билан минтақада Қозоғистондан кейинги иккинчи натижани қайд этди. Қозоғистон 449 балл, Озарбойжон ва Қирғизистон эса 388 баллдан тўплаган.
Ўқиш саводхонлигида Қозоғистон 385 балл билан минтақада етакчи бўлган бўлса, Озарбойжон 374, Душанбе 368, Қирғизистон 344 балл қайд этди. Математикада эса Озарбойжон 422, Қозоғистон 414, Душанбе 382 ва Қирғизистон 364 балл тўплаган.
Тожикистон тадқиқотда илк бор иштирок этиб, фақат Душанбе мактабларини қамраб олган.
«Биз халқаро тавсияларга тескари ишлаяпмиз»
Апрел ойида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги масъуллари иштирокида ОАВ учун матбуот анжумани ўтказилганди. Унда таълим эксперти Комил Жалилов Ўзбекистонда халқаро тадқиқотлар натижалари ва таълим сиёсати ўртасидаги зиддиятларга эътибор қаратди.
Комил Жалиловнинг таъкидлашича, Ўзбекистон PISA, TIMSS каби халқаро тадқиқотларда иштирок этаётган бўлса-да, уларнинг хулосалари таълим сиёсатини шакллантиришда тўлиқ инобатга олинмаяпти.
«Масалан, PISA ва OECD экспертлари таълимни ҳаддан ташқари табақалаштирмаслик кераклигини таъкидлайди, чунки бу умумий сифатни оширмайди, аксинча тенгсизликни кучайтиради. Аммо бизда ихтисослашган ва президент мактаблари сони ортиб, ўқувчилар ўртасида ажратиш кучаймоқда», — деди у.
Эксперт, шунингдек, ўқитувчилар автономиясининг чекланаётгани ва баҳолаш тизимида ёдлашга асосланган ёндашув ҳали ҳам устунлигини танқид қилди. Унинг таъкидлашича, PISA билимни ёдлашдан кўра уни амалиётда қўллаш ва мустақил фикрлаш кўникмаларини баҳолайди.
Жалиловнинг сўзларига кўра, давлат халқаро тадқиқотларга маблағ сарфлаётган экан, улар натижасида берилган тавсиялар таълим сиёсатида ҳам амалий қўлланиши керак.
Вазирлик изоҳи
Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Азизбек Турдиев мутахассис саволларига жавоб берар экан, PISA натижалари бўйича муаммоларни инкор этмади.
«PISA натижалари бўйича ҳам вазирликда ишчи гуруҳ тузилган ва ишлар бошланган. Ушбу тадқиқотларда асосий танқид — таълимда ёдлашга урғу берилаётгани. Шуни инобатга олган ҳолда, янги баҳолаш тизими жорий этилди. Унда фақат назарий билим эмас, балки ўқувчининг билимни амалда қўллай олиши ҳам баҳоланмоқда», — деди Турдиев.
Унинг таъкидлашича, мактабларда лойиҳа ишлари ҳам жорий этилган. Бу ўзгаришлар самараси келгуси PISA натижаларида намоён бўлиши кутилмоқда.
Мактаблар ўртасидаги табақалашув масаласига тўхталар экан, Турдиев ҳар бир давлат ўз имкониятлари ва шароитига мос таълим йўлини танлашини айтди. Унинг фикрича, бошқа давлат моделини тўлиқ кўчириш тўғри эмас.
Айни пайтда Ўзбекистонда 11 мингга яқин мактаб бор. Уларнинг барчасини юқори даражага олиб чиқиш вазирликнинг асосий мақсадларидан бири, аммо бу жараён мавжуд имкониятлардан келиб чиққан ҳолда босқичма-босқич амалга оширилади.
Теглар
