
Таглик, гўшт ва электроқувватлаш станциялари: айрим маҳсулотлар импортига нол божлар узайтирилди
Президент фармонига кўра, озиқ-овқат, болалар кийимлари ва гигиена воситалари каби маҳсулотлар 2027 йилгача, электромобил қувватлаш станциялари эса 2028 йилгача божхона божларидан озод этилди.

Ўзбекистонда айрим товарлар ва маҳсулотлар импортига нисбатан қўлланилаётган нол божхона божи яна бир йилга — 2027 йил 1 январгача узайтирилди. Бу ҳақда президентнинг 30 декабрда қабул қилинган фармонида келтирилган.
Фармонга мувофиқ, нол божлар қўлланиладиган товарлар рўйхатига озиқ-овқат маҳсулотлари, болалар кийимлари ва гигиена воситалари киритилган. Шу билан бирга, электромобиллар учун қувватлаш станциялари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари келгуси икки йил — 2028 йил 1 январгача божхона божларидан озод этилди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил май ойида 23 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари импорт божларидан озод қилинган эди. Кейинчалик, 2023 йил март ойида яна 36 та тоифадаги товарларга ушбу имтиёзлар жорий этилди.
Янги фармонга мувофиқ, энди мазкур имтиёзларнинг амал қилиш муддати узайтирилмоқда. Рўйхатдан балиқ ва икра консервалари, гўшт ва сут маҳсулотлари, қаҳва, цитрус мевалар, пишлоқ, творог, шоколад, нон ва макарон маҳсулотлари, шунингдек, соч ва шахсий гигиена воситалари, парфюмерия, болалар кийимлари, мева-сабзавотлар ва ёнғоқлар ўрин олган.
Шунингдек, 2031 йил 1 январга қадар маиший, қурилиш ва тиббиёт чиқиндиларини утилизация қилиш, шунингдек, биопарчаланувчи полимер материалларни қайта ишлаш корхоналарининг технологик жараёнларида фойдаланиладиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган махсус техника, технологик ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар божхона божини тўлашдан озод этилади.
Фармон билан 2026 йил 1 январдан 2031 йил 1 январга қадар чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида имтиёзли солиқ режими жорий этилади.
«Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси» давлат муассасаси, шунингдек, бир вақтнинг ўзида белгиланган мезонларга мос келадиган солиқ тўловчилар учун фойда солиғи (шу жумладан, дивидендлар тарзидаги даромадлар) ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади.
Бунда имтиёзлар қуйидаги шартларга риоя этилган тақдирда қўлланилади:
• чиқиндиларни йиғиш, олиб чиқиб кетиш, саралаш ва қайта ишлаш фаолиятидан олинган даромадлар ҳисобот солиқ даври якунлари бўйича жами даромадларнинг камида 90 фоизини ташкил этади;
• ҳар бир ходимнинг ойлик иш ҳақи ЭКИҲнинг 2 бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланади.





